Президент Мирзиёев: қийноқ қўллаб олинган кўрсатмалардан далил сифатида фойдаланилмасин!

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев инсонларни қийноққа солиб олинган иқрорлик кўрсатмаларидан жиноят ишларида далил сифатида фойдаланишни тақиқлаган фармонни имзолаган.

"Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларнни кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" деб номланган фармон Ўзбекистон президентининг president.uz расмий веб-сайтида эълон қилинган.

Фармонда, жумладан, шундай дейилади:

"Процессуал қонунчиликни жиддий бузган ҳолда ёки ноқонуний услублар билан, шу жумладан:

жиноят процесси иштирокчилари ёки уларнинг яқин қариндошларига нисбатан қийноққа солиш, псиҳологик ва жисмоний тазйиқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёхуд қадр-қимматни камситувчи муомала турларини қўллаган ҳолда;

гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг ҳимояга бўлган ҳуқуқини, шунингдек, таржимон хизматидан фойдаланиш ҳуқуқини бузган ҳолда;

Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

жиноят процессида иштирок этаётган шахсга ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтирмаслик оқибатида уни чалгитган ҳолда;

мазкур жиноят иши бўйича иш юритишни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан процессуал ҳаракатларни ўтказиш оқибатида;

номаълум манбадан ёхуд жиноят иши бўйича иш юритиш жараёнида аниқлаш мумкин бўлмаган манбадан;

дастлабки тергов жараёнида жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг судда мавжуд далиллар мажмуи билан ўз тасдиғини топмаган кўрсатувларидан;

мавжуд далиллар мажмуи билан тасдиқланган ҳоллардан ташқари, жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг тахмин, фараз ёки миш-мишларга асосланган кўрсатувларидан олинган ҳамда тегишли равишда юридик кучга эга бўлмаган маълумотлардан жиноят ишлари бўйича далил сифатида фойдаланишга йўл қўйилмасин".

Президент Мирзиёевнинг ушбу фармони Миллий Хавфсизлик хизмати журналист Бобомурод Абдулла ва яна бир неча фуқаро, Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси диндорларнинг "қора рўйхати"дан чиқарилган 7 фуқарога нисбатан Ўзбекистон қонунчилигида тақиқланган тергов усулларини қўллаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалган вақтга тўғри келган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002

Бу мавзуда батафсилроқ