Ўзбекистонда исломий радиоканал очилади

azon Фото муаллифлик ҳуқуқи Azon.uz

Ўзбекистонда илк маротаба исломий онлайн радиоканал фаолиятини бошлайди. AzonFM онлайн радиоси 6 декабрдан ҳаво мавжларига чиқиши кутилмоқда. Бу ҳақда azon.uz сайти, асосчиси Мубашшир Аҳмадга таяниб хабар берган.

"Azon.uz сайти асосчиси Мубашшир Аҳмад домла Фейсбукдаги "Маслаҳат" гуруҳи фойдаланувчиларига берган интервьюсида AzonFM онлайн радиоси фаолиятини йўлга қўйиш режаси борлигини айтган эдилар. Бу борадаги ҳаракат ўша пайтдаёқ бошланган бўлиб, ҳозирги кунда ишлар ўзининг якуний босқичига етиб қолди. Келаси ҳафтанинг чоршанба кунидан бошлаб AzonFM онлайн радиоси тест режимида ўз фаолиятини бошлаши режалаштирилмоқда", дейилади хабарда.

Эфир давомида Қуръон тиловати, "Бир оят тафсири", "Бир ҳадис шарҳи", "Замонавий фиқҳий масалалар" ва "Умумий фиқҳ" ҳамда ақида, саволларга жавоблар, Ўзбекистондаги машҳур уламолар билан суҳбатлар, azon.uz сайтида доимий равишда бериб борилаётган "Рисолатул Қушайрия" асари аудио талқини каби кўплаб эшиттиришларни узатилиши айтилган.

Олдинроқ Ўзбекистон Мусулмонлар диний идораси Facebook, Instagram ва Youtubeда диний-маърифий дарслар ўтила бошланиши ҳақида хабар берганди.

Ҳафтада уч кун душанба, сешанба ва чоршанба кунлари тафсир, ақида, фиқҳ, ҳадис шарҳи, тажвид ва араб тили фанларидан онлайн дарслар олиб борилади.

Ноябр ойининг ўртасида диний идора ўз тасарруфидаги олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида Қуръони карим ва тажвид ҳамда араб тилидан пуллик курсларни ташкил қилиш ҳақида буйруқ чиқарган.

Ўзбекистонда Президент алмашгач ҳукуматнинг Ислом динига бўлган муносабати ўзгаргани айтилади.

Президент Мирзиёев чиқишларида Ўзбекистонда Қуръон илми кенг ўргатилиши ва ҳар бир тумандан юзлаб қорилар чиқиши кераклигини урғулаган.

Шу кунларда Тошкент масжидларида Каримов даврида тақиқланган азон товушлари овоз кучайтиргичлар орқали чақирила бошланган.

Тошкент халқаро аэропортида ёпиб қўйилган намозхона қайта очилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002

Алоқадор мавзулар