"Тошкент ГУВДда 15 сутка ўтирган фарзандим жонига қасд қилмоқчи"

қийноқ Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

16 ноябр куни Тошкент шаҳар милицияси томонидан ушлаб кетилган 3 диндордан икки нафари 1 декабрда қўйиб юборилди. Бироқ уларга нисбатан тергов ишлари тўхтатилмаган. Мушарраф Худойбердиева қамоқдан чиққан ўғли Оятулло Усмонов тушкун кайфиятдалигини ва жонига қасд қилар ҳолатга тушиб қолганини айтади.

Материални BBC O'zbek хизматининг YouTube даги каналида тингланг

Яқинлари 35 яшар Оятулла Усмонов ва 23 ёшли Насрулло Аъзамовларнинг нимада айбланаётганидан бехабар қолмоқда.

Очиқликка чиқиб терговга қатнаётганларнинг яқинлари Би-би-сига фарзандларининг тақдиридан хавотир олишаётганини айтди.

"16 ноябр куни РОВДга олиб кетишган, пешинда ГУВДга олиб боришган. Ўша куни ярим тунда 12:30 судя олиб келишган ва кичик безорилик қилди, деб 15 суткага қамашган. Биз кечаси 12 да Панельнийга югуриб бордик. У ердагилар бизда болаларимизни рўйхатда турибди, аммо ГУВДда сақланаётганини айтишди. Биз ҳар куни Панельнийдан хабар олиб турдик. Рўйхатда бор, аммо ўзлари йўқ эди. Тергов қилишяптими, деб сўрасак, йўқ суҳбатда деб жавоб беришди", дейди Насрулло Аъзамовнинг онаси Дилдора Аъзамова.

Дилдора Аъзамованинг ўғли 1 декабр куни 15 сутка қамоқда ўтирганидан сўнг очиқликка чиққан. Насрулло Аъзамовнинг онаси ўғли камгап бўлиб қолганини ва 15 сутка ГУВДда қийноқ бўлганми, деган саволига жавоб бермаётганини айтади.

Насрулло Аъзамов 1 декабр куни озодликка чиққан бўлса-да, унга нисбатан тергов тугамаган, паспорти қайтариб берилмаган. Бироқ унинг яқинлари Насрулло нимада айбланаётганини ҳамон билишмаяпти.

1 декабр куни Мушарраф Худойбердиеванинг 35 ёшар ўғли Оятулла Усмонов ҳам 15 суткалик қамоқдан сўнг озодликка чиқди. Бироқ унинг ҳам шахсини тасдиқловчи паспорти Учтепа туман ИИБ Террозимга қарши курашиш бошқармаси томонидан олиб қўйилган. Ўзи эса терговга чақирилмоқда.

Ўғли очиқликка чиққан бўлсада Мушарраф Худойбердиеванинг кўнгли ёришмаган. Ўғлидан ичкарида уни калтаклашгани ҳақида сўраганда, урди демаган, аммо саккиз кун тегинишмаганини айтган.

Мушарраф Худойбердиева фарзанди айтмаётган бўлса ҳам уни Тошкент ГУВДсида даҳшатли қийноқларга тутишгани ва таҳдид қилишган бўлиши мумкинлигини айтади.

"Ҳозир шу ўғлим, ойи бошқа тоқатим йўқ, деяпти. Олиб чиқиб шартта отиб ташласа қутилардим, деди. Мана шунақа даражага олиб келишган. Ўзимни бир нарса қилиб қўяман, дейди. Қўрқаяпман. Нима бўлганлигини айтмаяпти. Олдин ҳам тез-тез чақиртириб, ҳали Учтепа, ҳали ГУВДда тергов қилаверишгани учун шунақа тоқати қолмади. Энди айтаяпди, она 19 йил бўлди. 16 ёшда эдим. Яшагим ҳам келмай қолди. Шартта бензин қуйиб ўзимни ёқиб юбораман, дейди. Вой Худо асрасин, дедим. Мана шунақа қилса, нима қила оламан. Тўғриси қўрқиб кетаяпман. Шириндан ширин тўртта болангни ўйла, деб кўнглини кўтаришга ҳаракат қиляпман", дейди Мушарраф Худойбердиева.

Тошкент шаҳар ИИББ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармасидан Би-би-си изоҳ олишга ҳаракат қилмоқда. Бироқ самара бергани йўқ.

Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 10 апрелида чиқарган "Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони асосида ташкил қилинган.

Олдин Жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бош бошқармаси вазирликдаги битта таркибий бўлинма бўлган бўлса, фармон асосида улар иккита алоҳида бошқармага айлантирилган.

Би-би-сига гапирган ўзбекистонликлар ушбу бошқарма Ўзбекистонда қийноқ қўлловчи масканга айланиб бораётганини айтади.

Тошкентлик Азиза Узоқова Би-би-сига берган интервьюсида айтишича, ГУВДга борган маҳал онасининг қийноққа тутилганини ўз қулоқлари билан эшитган.

Онаси унга укаси Муҳаммад Амин Абдураҳмонов ҳамда синглиси Умида Узоқоваларни бошқа-бошқа хоналарда овозини унга эшиттириб, туни билан қийнаб чиқишганини айтган.

Навойидаги бир гуруҳ ота-оналар ҳам бошқарма терговчилари фарзандларини даҳшатли қийноқларга тутиб, айблов кўрсатмасига қўл қўйдириб олганини айтишади.

Президент Мирзиёев 30 ноябр куни тергов давомида қийноқ асосида олинган кўрсатмаларни инобатга олмаслик ва қийноқ қўллаганларга нисбатан жазо қўллашга доир фармон чиқарди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002