Мирзиёев бошқаруви остида матбуот: бир қадам олдинга, икки қадам ортга?

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook.com/Mirziyoyev

Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганига 1 йил тўлди. Президент Мирзиёев бошқаруви остида Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида шу вақтгача кўтарилмаган мавзулар гапирилиши, муҳокама этилишига йўл очилди. Аммо икки журналист ҳибсга олингани умидбахшликка соя солди.

Мирзиёев бошқаруви остида инсон ҳақлари вазияти ўзгардими?

Жоанна Лиллис: Мирзиёев Ўзбекистон имиджини яхшилашни истайди

Бир йил ичида Каримов сиёсатидан нима қолди?

Шавкат Мирзиёев президентликка киришмоқда

Бугун Ўзбекистондаги Шавкат Мирзиёев президентлигининг 1 йиллиги сарҳисоб қилинганда, аксар таҳлилчилар Ўзбекистонда барча соҳаларда кўплаб ижобий ўзгаришлар юз бергани ҳолда мамлакат раҳбарияти эълон қилган ҳамма ислоҳотлар ҳам кўнгилдагидек бормаётганига эътибор қаратишади.

Хўш, Президент Мирзиёев қудрати остидаги Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари эркинлиги билан боғлиқ вазиятга қандай баҳо бериш мумкин?

Би-би-си ушбу савол билан Лондондаги SOAS - Шарқ ва Африка тадқиқотлари мактабининг илмий ходими Алишер Илҳомов мурожаат қилди.

Алишер Илҳомов: Менинг фикрим ва кузатишларим бўйича, шубҳасиз, Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари фаолиятида муайян жонланиш кузатилмоқда. ОАВ анча фаоллашди, танқидий тус олди. Илгари тақиқ остида бўлган ёки муҳокама этишни хоҳлашмаган мавзуларни кўтара бошладилар. Албатта, олдинга силжиш борва буни инкор этиб бўлмайди. Менинг фикримча, матбуотнинг тўла эркин бўлишига ҳали анча бор, аммо дастлабки қадамлар ташланди. Энг муҳими, биз танқидий чиқишлари учун оммавий ахборот воситаси ёпилганининг ёки уларга нисбатан репрессив чора кўрилганининг гувоҳи бўлмадик. Айни пайтда безовта қиладиган тенденциялар ҳам кузатилаётгани ташвишланарли. Биринчиси, ўзгаришларнинг рамзига айланган Халқаро Пресс-клуб билан юз берган ҳодиса. Халқаро Пресс-клуб очиқликни намойиш этди, у ерда муҳокама қилинган мавзулар жамиятда кенг акс-садо берди. Халқаро Пресс-клуб кўрсатувлари тўғридан-тўғри эфирга узатилди. Аммо, хабаримиз бор, ёз кунларининг бирида Ўзбекистон бош вазири у ердаги муҳит ҳақида жуда салбий фикр билдирди. Бош вазирнинг фикрича, клуб рухсат берилган чизиқдан нарига ўтиб кетган. Халқаро Пресс-клубга нисбатан қандайдир жазо чоралари кўрилмаган эса-да, биз ортга қайтишни кўрдик. Шундан кейин клубнинг жонли эфирлари сони камайди, кўрсатувлар аввал тасвирга олиниб, кейин телевидениеда намойиш этиладиган бўлди. Албаттаки, бу орқага кетиш. Иккинчидан, яқинда икки журналист Ҳаётхон Насриддинов ва Бобомурод Абдуллаев ҳибсга олинди. Журналистларнинг ҳибсга олиниши Каримов замонидаги энг ёмон сценарийлар асосида бўлди. Уларни судга чақириб айбловни илгари суриб қўйишмади. Улардан бири ўғирлаб кетилди. Иккисининг ҳам олдига на адвокати, на қариндошлари қўйиляпти. Бу - ҳибсдаги журналистлар қийноқларига солинаётганининг аломати бўлиши мумкин. Бу Ўзбекистонда бугун ҳам сўз эркинлиги бўғилаётганининг, инсон ҳуқуқларининг бузилиши - қийноқлар давом этаётганининг далолатидир. Уларни қийнаб айбга иқрорлик кўрсатмаларини қўлга киритаётган бўлишлари мумкин. Октябрь ойида юз берган ушб воқеалар бизни хавотирга солади. Хавотир шу маънодаки, Ўзбекистондаги сўз эркинлиги вазияти қаёққа қараб кетади? Кўпроқ очиқлик, ошкоралик томонми ёки озроқ эркинлашган матбуотнинг овозини бўғиш тарафгами? Ҳозир кўпчилик безовталик билан ана шу саволга жавоб излаб кутаяпти. Кутиш шунинг учунки, биз бошиданоқ Шавкат Мирзиёевдан бундай ўзгаришлар, ислоҳотларни кутмагандик. У олдин ўз қўли остидагилар билан шафқатсиз муносабат қиладиган амалдор сифатида танилган эди. Мирзиёев бошлаган ислоҳотлар биз ундан кутган нарсаларнинг тескариси бўлди ва шу боис янада кўпроқ ижобий ўзгаришлар кута бошладик. Шунинг учун бизнинг умидларимиз президент Каримов вафот этган пайтдаги кутиш эмас, ошган умидлар кутаётган интиқликдир.

Би-би-си: Президент Мирзиёев бошлаган ислоҳотларнинг ҳаётга тадбиқ этилишини кузатаётган айрим таҳлилчилар айрим соҳаларда бир қадам олдинга, икки қадам ортга кетилаяпти, деган фикрни ҳам билдира бошладилар. Матбуот эркинлиги борасида нега бундай вазият юзага келди, деб ўйлайсиз?

Алишер Илҳомов: Биринчидан, Президент Мирзиёев муайян ўзгаришларни амалга оширишни, аҳволни яхшилашни хоҳлайди. У давлат раҳбари сифатида ўз легитимлигини ошириши талаб қилинади. Бунинг учун жамиятда ўзига дастак қўлга киритиши лозим. Халқаро кузатувчилар ва халқаро институтлар назарида ҳам ўз обрўсини кўтариб олиши талаб этилади. Агар иқтисодий вазиятни яхшилай олмаса, президентнинг жамиятдаги обрўси пасаяди, одамларнинг ҳафсаласи пир бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам жаноб Мирзиёев Ўзбекистонни халқаро институтлар, айниқса, хорижий сармоядорлар учун жозибали қилиш, мамлакатга ҳақиқий сармоялар келишига эришиш чораларини кўришга мажбур. Бунинг учун сиёсий соҳада ҳам ўзгаришлар бўлиши лозимлигини президент яхши тушунади. Сиёсий соҳада ҳозирча жиддий қадамлар кўзга ташлангани йўқ. Сиёсий-ҳуқуқий соҳадаги ўзгаришларга эҳтиёткорлик билан қўл уриляпти. Чунки бу соҳалар бошқарув жиловини ушлаб турган элита манфаатларига дахл қилади. Бундан бошқарув элитаси ўртасида бир келишувга эришилмаган, деган хулоса келиб чиқади. Хослар дунёқараши Каримов замонида шаклланган бюрократлардир. Бу амалдорларнинг кўпчилиги ҳозир ҳам, Каримовнинг бошқарув усули тўғри эди, бундай бошқарув барқарорликни, тартиб ва назоратни таъминлайди, деб ҳисоблайдилар. Каримовнинг ҳокимияти давлат бошқарув аппаратида ишлайдиганлар учун комфорт ҳаёт яратган эди. Бундай фикрдаги амалдорлар энг юқори лавозимларда ҳам, бошқарувнинг ўрта бўғинида ҳам мавжуд. Айни пайтда ҳокимиятдагилар орасида режимни ўзгартириш лозим, бу режимни озроқ очиқроқ, эркинроқ қилиш керак, деб фикрловчилар ҳам бор. Ушбу икки хил қарашдаги кучларнинг "тўқнашуви" давлат даражасида қарорлар қабул қилинишига ўз таъсирини ўтказади. Шунинг учун ҳам биз кўраётган қарорлар зиддиятли. Бир қарасангиз, эски гвардия, анъанадорлар қарорини, кейинги гал эса ислоҳотчилар қарорини кўрасиз. Бир марта бу томоннинг, иккинчи марта эса қарама-қарши томоннинг қўли баланд келиб қолади. Афтидан, Мирзиёев вазият устидан назоратни қўлдан бой бермаслик мақсадида икки кучлар ўртасида мувозанатни ушлашга ҳаракат қиляпти.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002

Бу мавзуда батафсилроқ