Ўзбекистонда ноябрда нималарнинг нархи ошди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи MAXIM MARMUR/afp/gettyimages
Image caption Нархлар ошиши ортидан маошлар ва пенсиялар ошиши ҳам эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси давлат статистика қўмитаси 2017 йил ноябрь ойи учун истеъмол секторидаги инфляция даражаси борасидаги маълумотни ўз сайтида чоп қилди.

Ундаги кўрсаткичларга биноан, ноябрда товар ва хизматлар нархлари даражаси ўртача 2,0%га ошган, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари 1,5%га, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 3,4%га ва хизматлар 0,5%га кўтарилган.

Давлат статистика қўмитасига кўра, мева-сабзавот маҳсулотлари нархлари даражасининг ўзгаришига мавсумий омиллар таъсир этди.

Бирмунча сезиларли даражада помидор ва бодринг нархлари - 60,6% ва 54,4%га, узум - 19,8%га, олма - 14,1%га қимматлашди.

Айни дамда, қўмитага кўра, баъзи сабзавотлар арзонлашган. Хусусан, дейилади, сабзи - 17,2%га, пиёз - 13,9%га, карам - 12,9га ва картошка - 1,1%га арзонлашди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Stat.uz
Image caption Манба: стат.уз

Расмий хабарда айтилишича, нархларнинг ўсиш даражасига асосан бензин маҳсулотига бўлган янги нархларнинг жорий қилиниши сабаби бўлди (нархларнинг ўртача ўсиш сурати 39,7%), бу эса истеъмол нархлари индекси ўсишига 0,5%га таъсир этди. .

Ноябрь ойида аҳоли учун пуллик хизматлари соҳаси 0,5%га ўсгани хабар қилинади.

Ушбу соҳада асосий инфляцион омил сифатида маиший хизмат тарифлари 2,0%га ва чет тили ўқув курслари учун тўловлар 2,2%га қимматлашди, дейилади сайтда.

Би-би-си 15 ноябрда хабар қилганидек, Аи-80 русумидаги бензин 3800 сўм этиб белгиланган, яъни нарх ўсиши 35,7 фоизни ташкил этган.

Аи-91 русумидаги бензин нархи 4300 сўм (+43,3%), дизел ёқилғиси 4100 сўм (+72,6%) ва ЭКО дизел ёқилғиси 4200 сўм (+71%) этиб белгиланган.

Бензин нархини кўтариш муаммони ҳал қиладими?

Ўзбекистонда нархлар нега ошмоқда?