Мирзиёев: "Пахта теришда бирорта ҳам мажбурий меҳнат аниқланмади"
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Мирзиёев: "Пахта теришда бирорта ҳам мажбурий меҳнат аниқланмади"

Президент Мирзиёев бу йил Ўзбекистонда пахта мавсумида мажбурий меҳнатдан фойдаланилмаганини айтди. Бироқ Ўзбекистон интернет нашрларида ўқитувчи, шифокор ва бошқа давлат ташкилотлари ходимларининг мажбурий меҳнатга чиқарилганлиги ҳақидаги фактлар билан тўлиб тошди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган Мирзиёев пахта мавсумида мажбурий меҳнатга доир бирорта салбий ҳолат аниқланмаганини айтди.

"Мана, бу йил ҳаммангиз кўрдингиз, эшитдингиз, биз бюджет ташкилотлари ходимлари ва талабаларни мажбурий равишда пахта теримига чиқаришни қатъиян тақиқладик. Бу муҳим масалани аввало ўзимиз қаттиқ назоратга олганимиз туфайли биронта салбий ҳолат аниқланмади", - деган Мирзиёев.

Президентнинг гаплари залда ўтирганлар томонидан гулдурос қарсаклар билан кутиб олинди.

Бироқ Ўзбекистон ичидаги интернет нашрлари бу йил бюджет ташкилоти ходимларининг пахтага мажбурий чиқарилгани ҳақида кўплаб хабар чиқарди.

Бу йил мустақил Ўзбекистон тарихида мисли кўрилмаган ҳолат, водийлик ўқитувчиларни Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларига пахта теримига юбориш ҳоллари учради.

Вилоят ҳокимлари бирин кетин ўқитувчи ва шифокорларни далага чиқармасликка сўз берган бўлса-да, аксар ҳокимлар ушбу ваъдасини тутолмагани айтилди.

Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевнинг мактаб ва коллеж директорларини пахта сабаб сўкканига интернетга чиқиб кетди.

Прокуратура депутат ҳокимни вақтинча даҳлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиб, унинг ишини текширмоқчи.

Шундай бўлса-да, Ўзбекистондаги талабалар мустақиллик тарихида илк бор ёппасига пахтадан қайтарилди.

Мустақилликнинг илк йилларида пахтага фақат пойтахтлик талабалар чиқарилмаган, бироқ вилоятдаги талабалар пахта теришда давом этган.

Сўнгги йилларда тошкентлик талабалар ҳам пахтага чиқарилаётган эди.

Бу йил маълум муддат пахтада бўлган барча талабалар ортга қайтарилган ва ўқишни давом эттирган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002