Президент Мирзиёев қирғиз ҳамкасби Жээнбековни қабул қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz
Image caption Президент Жээнбеков ўзбек ҳамкасбининг таклифига биноан Тошкентга келди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги Кўксаройда Қирғизистон Президенти Сооранбай Жээнбековни қабул қилди.

Асосий учрашувлар Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтади.

Расмий президент.уз сайти хабар қилишича, олий даражадаги учрашув ва музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги давлатлараро алоқаларнинг бугунги ҳолати ва янада ривожлантириш истиқболлари, чегараолди ҳамкорлик масалалари, айрим минтақавий ва халқаро муаммоларни муҳокама қилиш режалаштирилган.

Ташриф якунлари бўйича давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти, турли соҳалардаги ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қаратилган бир қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

Президент Жээнбеков Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳамда спикер билан ҳам учрашади.

13 декабрь куни Ўзбекистон ва Қирғизистон ишбилармон доира вакиллари иштирокида бизнес-сессия очилиши кўзда тутилган.

Айни дамда, расмий Бишкек Президент Жээнбеков ташрифи арафасида Ўзбекистонга Иссиқ-Кўлдаги тўртта пансионатни қайтаришни таклиф этди.

Бу ҳақда бугун Қирғизистон парламентининг иқтисодий ва фискал сиёсат бўйича қўмитаси йиғилишида бош вазир ўринбосари Даир Кенекеев маълум қилди.

Қирғизистон: Оддий ўқитувчиликдан президентликкача...

Ўзбекистон-Қирғизистон: “Дўстлик” чегара ўтиш маскани очилди

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002