‘Президент Мирзиёев билан онлайн-мулоқот ўтказилмайди’

Шавкат Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Айни мазмундаги раддия билан Тошкентдаги Халқаро Пресс-клуб чиққан.

Клуб бу ҳақдаги хабарини ўзининг "Facebook"даги саҳифасида чоп этган.

Ўзбеклар чанқоғини қондираётган текин кутубхона

"Ҳурматли ҳамкасблар, 2017 йил 20-21 декабрь кунлари Халқаро Пресс-клубда Ўзбекистон Республикаси президенти иштирокида онлайн-мулоқот тарзида сессия ўтказилмайди", - дейилади бу хабарда.

Унга қўшимча қилинишича, "бу тадбирнинг қачон ва қаерда ўтказилиши ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати томонидан хабар берилади".

Мирзиёев ҳал қилолмаган 5 масала нима?

Президент Мирзиёев 1 йилда нималарга эришди?

Мирзиёев халқнинг қайси ҳуқуқларини тикламоқчи?

Шавкат Мирзиёевнинг жонли мулоқот ўтказишига оид гап-сўзлар Россия Президенти Владимир Путиннинг пайшанба кунги матбуот анжумани манзарасида бўй кўрсатган.

Бошқа томондан, худди шу сана, яъни 14 декабрда Мирзиёевнинг расман Ўзбекистон президенти сифатида қасамёд келтирганига роппа-роса бир йил бўлганди.

Айни шу икки воқеълик манзарасида турли ижтимоий-мулоқот тармоқлари ва айрим интернет нашрларида Ўзбекистон янги президентининг журналистлар билан онлайн-мулоқот ўтказишига оид хабарлар пайдо бўлган, баҳсу мунозаралар қизиган.

Ўзбекистонлик айрим интернет фойдаланувчилари, ҳатто, унинг қаерда ўтказилиши борасида ўз тахминларини илгари суришгача боришган.

Аммо

Владимир Путиннинг бу каби йиллик матбуот анжуманлари манзарасида Ўзбекистон президентининг халқ билан жонли мулоқот ўтказишига оид хабарлар бундан аввал ҳам бир неча бор бўй кўрсатган.

Аммо Ўзбекистоннинг мустақиллиги билан кечган чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида на-да ҳозирда марҳум президент Ислом Каримов ва на-да бошқарувига бир йил бўлган мамлакатнинг ҳозирги раҳбари Шавкат Мирзиёев бу ишга боришган.

Аммо шу йил апрель ойида Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида яқинда фаолиятини бошлаган Халқаро Пресс-клуб президент Шавкат Мирзиёев билан журналистлар учрашувини ташкил қилишга тайёр эканлигини билдирган.

Шу йил август ойида ўтказган видеоселекторларидан бирида президент Мирзиёевнинг ўзи ҳам "вақти келганида Халқаро Пресс-клуб сессиясида иштирок этиши"ни алоҳида таъкидлаганди.

Илк жонли мулоқот

Аммо ҳозирча биргина Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот ўтказган биринчи ва охирги ҳукумат мулозими бўлади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг ўзбекистонликлар ва журналистлар билан жонли мулоқоти шу йилнинг 5 июль куни Халқаро Пресс-клубда бўлиб ўтган.

Жонли мулоқот "Ўзбекистон" телеканали орқали кенг жамоатчиликка ҳам намойиш этилган.

Бу - мустақил Ўзбекистон тарихида бир ҳукумат мулозими иштирокида ўтказилган илк жонли мулоқот бўлган.

Ушбу видеоконференцияда Ўзбекистоннинг 50 га яқин давлатидаги элчихоналари раҳбарлари ҳам иштирок этишгани хабар берилган.

Вазирликнинг расмий билдиришномасида мурожаатларнинг асосий қисмини Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб кетган ота-оналарни излаш, бошқа давлатларда судланган фуқароларга ёрдам кўрсатиш, Ватандан йироқда вафот этган фуқаролар жасадини қайтариш, Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиш, ТИВ тизимига ишга жойлашиш масалалари билан боғлиқ муаммолар ташкил этгани айтилганди.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, президент Владимир Путиннинг йиллик матбуот анжуманлари арафасида бўй кўрсатаётган бу каби воқеъликлар Ўзбекистон президентининг халқ билан жонли мулоқотига эҳтиёж борлиги, ўзбекистонлик орасида ҳам худди шу каби истак борлигига далолат қилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Тошкентдан олинган хабарларга кўра, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳозир Қорақалпоғистон сафарида.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002