Хўроз жангларидан "доля" олган милиция раҳбари қамалди

хўроз Фото муаллифлик ҳуқуқи Screenshot

Тошкент вилоят Зангиота туман Ички ишлар бошқармаси раҳбари Улуғбек Жабборов тумандаги хўроз жанги ташкилотчиларидан пора олгани учун 5 йилга қамалди. Бу ҳақда "Правда востока" газетаси хабар бермоқда.

Хабарда ёзилишича, хўроз уриштирувчилар аввалига туман милиция раҳбарига ҳар бир ўйиндан 1,5 миллион сўм ҳақ бериб, келишиб юрган.

Бироқ кейинчалик ҳар бир ўйинга милиция бошлиғи томонидан белгиланган нарх ошиб бориши хўроз уриштирувчиларнинг юқори ҳуқуқ тартибот органларига мурожаат қилишига сабаб бўлган.

Мақола муаллифининг ёзишича, Ўзбекистонда хўроз уриштириш ўйинлари қонун билан тақиқлаб келинган бўлса-да яширин равишда ўтказилаверган.

"Энди унутилган анъаналар соядан чиқмоқда. Миллий спорт турлари ва танловга асосланган урф одатлар тикланмоқда. Уларнинг қаторига - хўроз уриштириш ҳам киради. Тегишли идоралардан расман қайддан ўтувчи махсус ҳаваскор клублар тузилмоқда. Улар ҳуқуқий доирада амал қилишга ҳаракат қилмоқда", деб ёзади муаллиф Тимур Низаев.

Муаллифнинг айтишича, бу каби қонуний хўроз уриштиришлар томошабинга 6 минг сўмга тушади. Улар шу даражада оммавийлашганки, айрим туманларда бу каби мусобақалар ҳафтада уч марта ўтказилмоқда.

Бироқ, мақолада ёзилишича, янги тартиб ҳаммага ҳам ёқмаган. Шулардан бири Зангиота туман ички ишлар бошқармаси раҳбари Улуғбек Жабборов "Зангиота деҳқон бозори" масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил қилинган "Хўроз уруштириш" клуби ташаббускорини бир неча бор қабулига чақирган.

Милиция бошлиғи хўроз жангларини ташкил қилувчига у ерда бўлаётган қонунбузарликлар ҳақида гапирган. Айниқса, жанглар учун пул тикилиш ҳолатларини қайд этган.

"Клуб раҳбарини қўрқитган пагонли расмий ҳар бир хўроз жангидан 1,5 миллион сўм пул тўлашни талаб қилди. Иштаҳаси очилаверди. Бир ойдан сўнг ставка 2 миллионга чиқди. Ана шунда ҳаваскорлар хўроз уриштирувчилар юқори органларга мурожаат қилишга қарор қилди", деб ёзилади мақолада.

Пора олиш вақтида қўлга тушган Улуғбек Жаббаров 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Ўзбекистонда ҳуқуқ тартибот органи ходимларининг жавобгарликка тортилиш ҳолатлари кам учрайди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002

Алоқадор мавзулар