Ўзбекистон Қрим ишғоли қораланган БМТ ҳужжатига қарши овоз берди

Фото муаллифлик ҳуқуқи MAX VETROV/getty images
Image caption БМТ резолюциясига кўра, Қримда миллий озчиликлар камситилади.

Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг Украина борасидаги резолюциясига қарши овоз берди. Бу резолюция Қримда инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолларини қоралайди ва Россияни "истилочи қудрат" деб атайди.

Ўзбекистондан ташқари резолюцияга яна 25та давлат, жумладан, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Шимолий Корея, Куба, Беларусь, Арманистон, Ҳиндистон, Венесуэла, Сербия, Жанубий Африка қарши чиқишди.

Хитой ва яна 76та давлат бу масалада овоз беришмади.

Резолюцияни 70та давлат қўллаб-қувватлади.

Украина резолюцияни 30та мамлакат билан биргаликда ишлаб чиққан. Украина Ташқи ишлар вазири Павел Кимкин бу "ўта қийин" жараён бўлганини айтди.

"Россияга нисбатан босим кучайтирилди. Дўстлар, мустаҳкам мавқеингиз ва қўлловингиз учун миннатдормиз", - деб ёзди Кимкин ўз Твиттер саҳифасида.

Резолюцияда Қрим ва Севастополда Россия Федерацияси қонунлари ва бошқаруви ўрнатилгани қораланган.

Резолюция муаллифларига кўра, Қримдаги инсон ҳуқуқлари вазияти 2014 йилдан бери кескин ёмонлашган, аҳоли камситилган.

Ҳужжатда "Қрим-татар халқи мажлиси" ташкилотини тақиқлашни бекор қилиш ҳамда украин ва қрим-татар тилларида таълим олишни таъминлаш каби талаблар илгари сурилган.

Россия ҳукумати мазкур ҳужжатни "халқаро сафсата" деб атади.

Украина Ислом Каримовнинг қайинжиянини нега Ўзбекистонга топширмади?

Украина Россияни халқаро судга берди

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002