Покистон билан савдо-сотиқ атиги 24 миллион доллар

Исломободдаги Абпара бозори Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Исломободдаги Абпара бозори

Ўзбекистон Покистон сармояларини яна жалб қилишни истайди.

Ўзбекистон мустақилликка эришган дастлабки йилларда покистонлик сармоядорлар жуда фаоллик билан Ўзбекистонга инвестициялар киритишган, савдо-сотиқ ва ишлаб чиқаришни бошлашган, бироқ 1996 йилда конвертацияга чеклов киритилиши Покистон бизнесменларини Ўзбекистондан совутган эди.

Шу кунларда эса Покистон матбуотининг эътибори яна Ўзбекистон сармоялар учун жозибали мамлакатга айланаётгани мавзусига қаратилган.

Покистон оммавий ахборот воситалари Ўзбекистоннинг Исломободдаги элчиси Фурқат Сиддиқов ва Ўзбекистон Стратегик ва Минтақавий тадқиқотлар институти директори Владимир Норовнинг Покистон расмийлари билан мулоқотлари ҳақида ёзмоқдалар.

Хусусан, 21 декабрь куни Покистон Тижорат ва Саноат палатасидаги учрашув пайти икки мамлакат ўртасидаги савдо-сотиқ атиги 24 миллион АҚШ долларини ташкил этиши айтилган.

Покистонлик бизнесменлар қаршисида гапираркан, ЎСтратегик ва Минтақавий тадқиқотлар институти директори Владимир Норов Ўзбекистоннинг Афғонистон билан йиллик савдо-сотиқ ҳажмини Покистонникига қиёслаган.

Жаноб Норов сўзларига кўра, ҳозирги пайтда Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасидаги ўзаро савдо 520 миллион АҚШ долларини ташкил этади, аммо Ўзбекистон бу кўрсаткични 1 миллиардга етказиш мақсадини кўзлаган.

Ўзбекистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Владимир Норов икки мамлакат кўпгина соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиши ва бундан ҳам Ўзбекистон ва ҳам Покистон халқи манфаатдор бўлиши мумкинлигини айтган.

Бу соҳалар тўқимачилик, деҳқончилик, энергетика, автомобилсозлик, фармацевтика, кимё саноати ва бошқалардир.

Ўзбекистон хорижий сармоядорларни жалб этиш учун 7 та Эркин Иқтисодий ҳудуд ташкил этди ва жами 40 миллиард АҚШ долларига баҳоланадиган 650 лойиҳага қўл ургани маълум қилинган.

Покистон расмийлари ҳам кўпгина соҳаларда қўшма корхоналар ташкил этиш эҳтимоли мавжудлигини, Ўзбекистон Покистон учун Россия ва бошқа Марказий Осиё мамлакатларига чиқишда, Покистон эса Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Африкага чиқишида кўприк вазифасини ўташи мумкинлиги айтишган.

Ҳокимиятга келганига 1 йил бўлган Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда барча соҳаларда ислоҳотларни бошлади.

Ўзбекистонни ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди.

Стратегиядаги беш йўналишдан бири иқтисодиётни либераллаштиришни кўзлаган.

Президент Мирзиёев ҳукумати оддий одамлар ўз бизнесларини очиб даромадларини кўпайтиришларини, бизнес билан шуғулланиш йўлидаги тўсиқларни камайтиришни, янги иш ўринлари очишни истамоқда.

Хорижий сармоядорлар билан ҳамкорликда янги ишлаб чиқариш лойиҳалари бошланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002

Бу мавзуда батафсилроқ