Таксичиларга солиқ солиш ғояси Молия вазирлигидаги истеъфоларга сабаб бўлди

Молия вазири Жамшид Қўчқоровга вазирликни "каламушлардан" тозалаш топшириғи берилганди Фото муаллифлик ҳуқуқи Screenshot
Image caption Молия вазири Жамшид Қўчқоровга вазирликни "каламушлардан" тозалаш топшириғи берилганди

Президент Мирзиёевнинг Молия вазирлигидаги "каламуш"ларни ишдан олиш талабидан сўнг 1 куннинг ичида 50 киши ишдан бўшатилди. Шавкат Мирзиёев бюджетдаги камомадни тўлдириш учун янги йилдан якка таксичиларни солиқ тортиш ғоясини танқид қилганди.

Давлат раҳбари киракашларга солиқ солишни оддий халқни талон-тарож қилиш билан тенглаштирди. У бу каби таклифларни бераётган Молия соҳасининг эски раҳбарига тегишли одамларни вазирликдан олишни талаб қилган.

"Ишдан бўшатилганлар орасида бошқарма бошлиқлари Ирина Голышева (Солиқ ва божхона тариф-сиёсати бошқармаси), Ш.Ҳайдаров (Бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубиёти бошқармаси) ҳамда А.Абдуллаев (Саноатнинг базавий тармоқлари, ёқилғи-энергетика мажмуи ва геологияни ривожлантириш молияси ва тарифни тартибга солиш бош бошқармаси) ҳам бор", деб ёзади кун.уз нашри.

Видеолавҳани томоша қилиш учун BBC O'zbek хизматининг YouTube даги каналига боринг.

Мирзиёев парламентга мурожаати давомидаги танқидларида кўп йиллар Молия соҳасини бошқарган Рустам Азимов номини тилга олмаган.

Ўзбекистонда 2018 йилдан бошлаб фуқароларга якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб, йўловчи ташиш фаолиятини амалга ошириш мажбурияти юкланиши хабар берилганди.

Бу ҳақида Ўзбекистон Сенатининг 13-ялпи мажлисида гапирган бош вазир ўринбосари - молия вазири Жамшид Қўчқоровнинг маълум қилганди.

Унга кўра, бу тартиб тегишли лицензия олган, ўриндиқ жойлари тўрттадан ортиқ бўлмаган таксиларга нисбатан тадбиқ этилади.

Қўчқоровнинг айтишича, бу лойиҳа Президент Шавкат Мирзиёевнинг солиқлар йиғишни ошириш, даромадларни қонунийлаштириш ва қўшимча резервларни аниқлаш йўлида берган топшириқларига асосан ишлаб чиқилган.

Бироқ ушбу маблағларни таксичилар ҳисобига йиғиш Мирзиёевга ёқмаган.

Президентга кўра, киракашларни солиққа тортиш ғоясини вазирликдан кетганлар берган бўлиши мумкин.

Мирзиёевдан дакки эшитган Молия вазири 23 декабр куни 50 кишини ишдан бўшатган.

Президент таксичиларга солиқ солиш таклифини бир овоздан маъқуллаган депутатларни ҳам койиган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002