Ёшлар иттифоқи раиси ўқитувчидан узр сўради

ёшлар иттифоқи Фото муаллифлик ҳуқуқи yi.uz

Шайхонтоҳур тумани Ёшлар Иттифоқи раиси Ҳусниддин Маматов туман лицейида она тили ва адабиёт фанидан дарс берувчи ўқитувчи Зулфия Рашидовадан узр сўради. Шундай бўлса-да ёш иттифоқчига чора кўрилмайди.

Ёшлар иттифоқи матбуот котиби Нодир Абдуқодировнинг айтишича, ўқитувчи ҳам гаплари "нотўғри талқин қилинганини тан олган".

"Ёшлар иттифоқи аъзолари ёки туман шаҳар раислари бирор кимсага беписанд муомалада бўлса сафларимиздан айрилади. Аммо Ҳусниддин Маматовнинг ишини оқламаймиз ҳам қораламаймиз ҳам. Чунки бу ерда қарс икки қўлдан чиққан. У ўқитувчидан узр сўради. Ўқитувчи ҳам гаплари матбуотда нотўғри талқин қилинганини айтди", - дейди Нодир Абдуқодиров.

Маҳаллий матбуотда ўқитувчининг дарсини бўлган ёш иттифоқчи унга керакли ҳурмат кўрсатилмагани учун ўқитувчини ишдан бўшатиш билан таҳдид қилган ва ўқувчилари олдида изза қилгани ёзилган эди.

Зулфия Рашидованинг Facebook даги саҳифасида ёзишича, Ҳусниддин Маматов дарс вақти хонага кириб келган ва ўқитувчини писанд қилмасдан, уни айланиб ўтиб, ўқувчиларни тергай бошлаган.

Ёшлар иттифоқининг Шайхонтоҳур тумани раиси Маматов ўқитувчини ишдан бўшатиб юбориш билан таҳдид қилган ва бу гапларини лицейнинг бошқа гуруҳларига кирганида у ерда ҳам такрорлаган.

Ўқитувчи бироздан сўнг Facebookда ёзганларини ўчириб юборди.

Кейин қолдирилган постда очиқлашича, воқеа интернетда шов-шов бўлгач Ёшлар иттифоқи Марказий кенгашидан қўнғироқ қилишади.

"Қўнғироқ қилган «маданият билан» муомала қилади, «туман раиси ёшлик қилган бўлиши мумкинлиги» ҳақида айтади. Аммо, узр сўралмайди", деб ёзади кун.уз нашри.

Кейинги куни лицей раҳбарияти илтимосига кўра Зулфия Рашидова фейсбукдан биринчи постини ўчиришга тўғри келади.

Шундан сўнг она-тили ва адабиёти фани ўқитувчиси лицейдаги ўқувчиларга унга ачиниш ҳисси билан қарай бошлаганини сезиб, ўзини изза қилингандек сеза бошлайди.

Натижада, у бўлиб ўтган воқеани тушунтириб иккинчи постни ҳам ёзди.

26 декабр куни Ёшлар Иттифоқи Тошкент шаҳар раиси Элбек Шукуров ўқитувчига таҳдид қилгани айтилаётган Ҳусниддин Маматов ва журналистларни олиб яна ўша лицейга боради.

Ёшлар иттифоқи матбуот котиби Нодир Абдуқодировнинг айтишича, Ҳусниддин Маматов ўқитувчидан узр сўраган. Ўқитувчи эса гаплари матбуотда нотўғри талқин қилинганини тан олган.

Кўп ўтмай Зулфия Рашидова иккинчи постини ҳам ўчириб ташлади.

Ҳусниддин Маматовнинг ўқитувчига муносабати кескин танқидларга сабаб бўлганди.

Президент Мирзиёев шу йилнинг 30 июнь куни «Камолот» ЁИҲ негизида Ўзбекистон ёшларининг янги ташкилоти - Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи ташкил этилиши тўғрисида маълум қилганди.

Ташкилотнинг бюджет маблағи 200 миллиард сўм этиб белгиланган.

Кейинроқ ташкилот учун бошқа имтиёзлар ҳам тақдим этилди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002