"МХХ журналист Бобомурод Абдуллаевни адвокатидан воз кечтирди"

Бобомурод Абдуллаев Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook

Бу ҳақда унинг адвокати Сергей Майоровга таяниб ҳуқуқ ҳимоячиси Сурат Икромов хабар бермоқда. МХХнинг Юнусободдаги Гвардейский деб ном чиқарган ҳибсхонасида қолаётган журналист учинчи мустақил адвокатдан воз кечтирилмоқда.

Адвокат Майоров ёзган хабардан маълум бўлишича, уни терговчи Веселов 26 декабр куни МХХ идорасига чақиради.

"Веселов хонага Бобомурод Абдуллаевни ҳам олиб келди. Терговчи қўлимга Абдуллаев томонидан 16 декабр куни менинг хизматимдан воз кечиш ҳақида ёзган баённомани тутқазди. Олдиндан ёзиб қўйилган баённомада Бобомурод Абдуллаев фақат давлат томонидан тайинланган адвокат Шаҳзода Шарипова хизматидан фойдаланишни исташи ёзилганди", дейди Сергей Майоров.

Адвокат нима учун ариза унга 10 кун ўтиб берилаётганини сўраганида Веселов вақти бўлмаганини айтади.

Сергей Майоров ҳимоясидаги шахс билан ёлғиз учрашишни талаб қилади. Унинг айтишича, адвокатнинг ҳимоясидаги шахс билан ёлғиз учрашиш Жиноят процессуал кодексида кўрсатилган.

МХХ терговчиси Веселов журналистдан адковат билан ёлғиз қолишни истайсанми, деб сўраган. Бобомурод Абдуллаев "йўқ" деб жавоб берган.

Адвокат қонун бўйича, ёлғиз қолиш учун ҳимоядаги шахснинг розилиги керак эмаслигини айтади. Бироқ унга ёлғиз қолиш учун рухсат берилмайди.

Бобомурод Абдуллаев адвокат ҳимоясидан воз кечишга унинг фикрини Сурат Икромовга етказганини сабаб қилиб келтирган. Сурат Икромов бу борада чиқарган хабарида Бобомурод Абдуллаев айбини қисман тан олганин ёзилган эди.

Аммо адвокат билан сўнгги учрашувда журналист барча моддалар бўйича айбини "тўлиқ тан олишини" айтган. У бу сафар мақолаларни мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳ "талаби бўйича" ёзганини гапирган.

Журналист бу гапларни МХХ терговчиси олдида гапирган.

Ўзбекистон мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромовнинг Би-би-сига айтишича, журналист босим остида адвокат ҳимоясидан воз кечишга мажбур бўлган.

"Адвокат гапларининг мазмунидан босим бўлгани тушунарли. МХХнинг ҳар қандай одамни синдириш одати бор. Шундан хулоса қилса бўлади. Ўтган гал Муҳаммад Солиҳ ҳақида салбий ҳеч нарса демаган. Энди бўлса талаб қилди, демоқда. Қандай талаб қилади? МХХнинг нияти айбни Муҳаммад Солиҳга қўйиш. Бобомурод Абдуллаевни тергов изоляторида шу ҳолатга туширишган", дейди Сурат Икромов.

Сурат Икромовнинг айтишича, адвокат Майоров журналист билан илк марта учрашиб, уни бутун жамоатчилик ва халқаро ташкилотлар қўллаб қувватлаётганини айтганида Бобомурод Абдуллаевнинг кўзларидан ёш чиққан.

"Қийноқ қўллашган деб аниқ айтишим қийин, лекин босим ўтказган бўлиши мумкин", дейди ҳуқуқбон.

Сурат Икрамовнинг қўшимча қилишича, адвокат Сергей Майоров Бобомурод Абдуллаевни ҳимоясига олгач у билан учрашув ташкил қилиш учун рухсат олишга жуда қийналган.

Тинимсиз Бош прокуратура ва МХХ ариза ёзишлардан сўнг, Бобомурод Абдуллаев билан учрашишига рухсат берилган.

"Бобомурод Абдуллаев билан учрашгач у жиноий иш доирасидаги материаллар билан танишиб чиқишни талаб қилаётганди. МХХ ушбу материалларни мустақил адвокат қўлига тушиб қолмаслиги учун ҳам ундан воз кечишга мажбурлаган. МХХ ишлари Президент Шавкат Мирзиёвенинг минбардан гапираётган фикрларига амалда зид келмоқда", дейди Сурат Икромов.

Журналист Бобомурод Абдуллаев расман "Усмон Ҳақназар"имзоси остида "амалдаги тузумни ўзгартиришга чақирувчи" мақолалар чоп этиш ва Ўзбекистонда "инқилоб қилиш"га уринишда гумонланмоқда.

Инсон ҳақлари фаоли Сурат Икромов Би-би-сига тақдим этган қарор нусхасидан маълум бўлишича, судъя Шамсуддинова Э.Р раислигида ўтган маҳкама Бобомурод Абдуллаев "2011 йилдан шу кунгача" "Усмон Ҳақназар" тахаллуси остида мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раиси Муҳаммад Солиҳнинг "буюртмаларини бажариб келгани"ни аниқлаган.

Маҳкама аниқловига кўра, "амалдаги тузумни босиб олишга чақирувчи" мақолалар интернет орқали Муҳаммад Солиҳга етказиб турилган.

Маҳкама Бобомурод Абдуллаевни "ЎХХ функционери" деб атаган.

Тергов Бобомурод Абдуллаевнинг асосий манбалари Салаев Равшанбек Бойжонович ва Оллоёров Шавкатжон Оллоёр ўғли исмли Ўзбекистон фуқаролари эканини айтган.

Маҳкама қарорида айтилишича, бу икки шахс Бобомурод Абдуллаевнинг танишлари бўлган ва улар "қўриқланадиган шахслар, йирик ишбилармонлар ва Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбариятига кириш имконига эга бўлганлар".

Маҳкамага кўра, улар ўзлари "етказган маълумотлар ҳокимиятни ноқонуний йўл билан босиб олишда ишлатилишини билганлари ҳолда Бобомурод Абдуллаев учун, унинг топшириғи билан материаллар тўплашган ва унга етказиб турганлар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002