Санкт-Петербургда портлаш: Гумонланувчи яна 'марказий осиёлик'ми?

Россия Фото муаллифлик ҳуқуқи ТАСС/ДЕМЬЯНЧУК АЛЕКСАНДР

Тергов қўмитаси "Перекрёсток" дўконидаги видеокузатув ускунаси портлашни ташкиллаштирганликда гумонланаётган йигит тасвирини аниқлади.

"Росбалт" ахборот агентлиги эса, ўзининг манбасига таяниб, "террорчи" бўлиш эҳтимоли сифатида эълон қилган фотосуратда тахминланаётган йигитнинг "марказий осиёликларга хос кўринишга эга" эканлигини қайд этган.

Санкт-Петербургдаги ўзбекистонлик: 'Худонинг ўзи асрасин ҳар бир мусофир бандасини' - BBC O'zbek хизматининг YouTube каналида тингланг.

Оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлган видеотасвирларда яшил қалпоқли қалин жемпер ва қора спорт кийимили йигит рюкзак билан дўконга кириб, буюмларни сақлаш жавони бўлимига ўтгани кўринади. Бироздан сўнг рюкзаксиз савдо бўлимига кириб кетади.

ОАВларда келтирилаётган тахминларга кўра, гумонланувчи бир муддат дўконни айланиб, ҳеч нима сотиб олмай чиқиб кетгани айтилади.

Аммо гумондор йигит чиқиб кетаётганда рюкзагини олганми-олмаганми, чиқиб кетиши ҳолатининг видеокузатув тасвири далил сифатида келтирилмаган.

Масъуллар ҳозирча бу каби хабарларга расман ўз муносабатларини билдиришмаган, ҳали-ҳануз ўз фаразларини-да илгари суришмаган.

Жароҳатланган ўзбекистонликнинг аҳволи қандай?

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг ахборот хизмати келтирган маълумотда Санкт-Петербургдаги портлашда жароҳатланган Ўзбекистон фуқароси Ивриқул Алибековнинг соғлиги яхши экани маълум қилинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати 60 ёшли ўзбекистонлик жабрланувчи жойлаштирилган 17-шаҳар шифохонаси билан боғланиб, Алибековнинг аҳволи оғирлигини аниқлади.

Навбатчи шифокорнинг айтишича, портлаш жабрланувчиларидан бири ўзбекистонлик Алибеков айни пайтда жонлантириш бўлимида қолмоқда. У қорин соҳасидан оғир жароҳатланган.

Александровский касалхонаси бош шифокор ўринбосари Александр Чикин журналистларга Ўзбекистон фуқароси яқин вақт ичида жарроҳлик операцияси ўтказилишини билдирди.

Шифохона маъмурияти Алибековнинг меҳнат муҳожири эканлигини билдирди.

- "У энди гапира олаяпти ва қандай қилиб ишга чиқишини ўйлаяпти", — деди Соғлиқни сақлаш қўмитаси раҳбари Михаил Дубин. Ва компьютер томографияси беморнинг қорин ҳамда сийдик йўлларига яқин соҳаларни гайкага ўхшаш жисм жароҳатлаганини кўрсатганлигини таъкидлади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг шу соатларда расман маълум қилишича, ўз элчихоналари конусллик бўлими ходими ёрдам бериш учун жабрланувчи жойлашган жойга етиб борган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи NAK

Портлаш

27 декабрь куни кеч соат 18:30 ларда Санкт-Петербург шаҳридаги "Перекрёсток" савдо марказида портлаш бўлган.

Унда 13 киши жабрланган, 6 нафари касалхонада қолмоқда. Жароҳатланган орасида Ўзбекистон фуқароси ҳам борлиги қайд этилди.

Россия Президенти Владимир Путин ҳодисани "теракт" сифатида баҳолади.

Портлашга масъулиятни ҳозирча бирор бир гуруҳ ўз зиммасига олмаган.

Москвадаги мухбиримиз Соҳиба Ҳайитбоеванинг айтишича, юз берган ҳодиса юзасидан аллақачон расмий тергов ишлари бошланган.

Аммо россиялик масъуллар томонидан бу хусусда ҳалича бирор бир фараз илгари сурилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий сайтида Санкт-Петербургдаги портлашда жароҳатланган ўзбекистонлик шахснинг исм-фамилияси маълум қилинди.

60 ёшли Ивриқул Избекович Алиқулов "Александровский" номли 17-шаҳар шифохонасига жойлаштирилган.

Ўзбекистон фуқаросининг шахси ва унинг Санкт-Петербургда нима иш билан машғул бўлгани, Россиядаги мақомига оид расмий маълумотлар ҳозирча имконли эмас.

Би-би-си Ўзбек Хизмати сўнгги портлаш тафсилотларини ўрганишда давом этмоқда.

Россия Федерацияси Тергов Қўмитаси Кондратьев проспектида жойлашган "Перекрёсток" дўконидаги портлаш юкларни сақлаш жавонидаги портловчи ускунанинг ишга тушиши сабабли юзага келганлигини маълум қилди.

Санкт-Петербург

Россиядаги марказий осиёлик меҳнат муҳожирларининг сони жорий пайтда 4.5 дан 6 миллионтагача экани тахмин этилади.

Агар, маҳаллий фаолларнинг ҳисоб-китобларига таянилса, ҳам ўзбекистонлик ва ҳам жаъми марказий осиёлик мигрантларнинг сони бўйича Санкт-Петербург пойтахт Москвадан кейин иккинчи ўринда туради.

Худди шу рақамлар манзарасида шаҳарда ярим миллионга яқин ўзбекистонликнинг меҳнат қилиши айтилади.

Санкт-Петербург сўнгги бор шу йилнинг апрель ойида қонли ҳужумга саҳна бўлган.

3 апрель кунги шаҳар метросидаги ҳужум ўндан ортиқ кишининг умрига зомин бўлган, 50 га яқинини яралаганди.

Буларнинг барчаси Санкт-Петербургда бўлган катта сондаги Марказий осиёлик мигрантларни "жиддий хавотирга солиб қўйган", улар "ҳафталаб ишга чиқмай қўйишган".

Санкт-Петербург: 'Ҳозир вазият анча яхши'

Шаҳар аҳолисининг ҳам Марказий Осиё фуқароларига нисбатан муносабатлари ўта ёмонлашганига оид хабарлар олинган.

Ҳужум ижрочиси сифатида ҳам 22 ёшли, ўзи ҳам ўша портлашда ҳалок бўлгани ишонилган асли қирғизистонлик Акбаржон Жалилов гумон этилган.

Айни портлаш билан алоқадорликда барчаси Марказий осиёлик қатор фуқаролар қўлга олинишган.

Орада 'метродаги портлашга масъулиятни 'Имом Шомил батальони' ўз зиимасига олиб чиққанди'.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002