Мирзиёев МХХ раиси Иноятовнинг рафиқасини фанлар академиясига аъзо қилди

Флора Иноятова Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси бўлди Фото муаллифлик ҳуқуқи Pediatriya.uz
Image caption Флора Иноятова Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси бўлди

Президент Мирзиёев фармони асосида 32 киши Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб тасдиқланди. Уларнинг орасида МХХ раиси Рустам Иноятовнинг рафиқаси Иноятова Флора Ильясовна ҳам бор. Флора Иноятова олдинроқ Давлат мукофоти олганди.

Фанлар академиясига сўнгги бор 22 йил олдин 1995 йили ҳақиқий аъзолар тайинланган. Бу вақт давомида академиклар сони икки баробар камайгани ва 63 киши қолгани айтилмоқда.

Бу сафарги Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари Физика-математика, кимё, биология, техника, қишлоқ хўжалиги, тарих, иқтисодиёт, филология, юридик, педагогика ва тиббиёт фанлари бўйича тайинланган.

Уларнинг орасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, парламент депутати Акмал Саидов ҳам бор.

Акмал Саидов депутатларни танқид қилган Президент Мирзиёевга бизга "мастер класс ўтдингиз" деган ибораси билан ҳам машҳур.

МХХнинг амалдаги раиси Рустам Иноятовнинг рафиқаси Флора Иноятова Президент Мирзиёев томонидан иккинчи бор эътироф этилмоқда.

Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази лойиҳа раҳбари Флора Иноятова олдинроқ Давлат мукофоти билан тақдирланганди.

Флора Иноятова 23 август куни "Оғир эшитиш заифлиги ва карлиги бўлган болаларнинг реабилитацияси" амалий тадқиқоти учун биринчи даражали Давлат мукофоти олганди.

Каримов вафотидан сўнг ҳокимият тепасига келган Шавкат Мирзиёев лавозимга ўтирганидан бир йил ўтиб мамлакатнинг қудратли хавфсизлик хизматлари ислоҳ қилинишини эълон қилди.

22 декабр куни Парламентга мурожаат қилган Мирзиёев ҳокимиятга келганидан Миллий хавфсизлик хизматини биринчи марта танқид қилиши деб эътироф этилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Screenshot

Бунга қадар давлат раҳбари бошқа куч тизимлари фаолиятини кескин танқид қилган, аммо Ўзбекистоннинг энг қудратли шахсларидан ҳисобланган генерал Рустам Иноятовнинг идораси бу танқидлардан четда қолаётганди.

Мирзиёевнинг айтишича, МХХнинг ваколатлари асоссиз равишда кенгайиб кетган ва чекланиши керак.

У МХХ 26 йил олдинги низом асосида ишлаб келаётгани ва унинг фаолиятини тартибга солувчи алоҳида қонун қабул қилиш вақти келганини таъкидлади.

"Ҳар қандай оддий ҳаракат ҳам МХХга қарши деб баҳолаб келинган. Ҳар қандай оддий масала ҳам миллий хавфсизликка таҳдид деб баҳолаб келингани ушбу идора ваколатларининг асоссиз кенгайиб кетишига сабаб бўлган. МХХ фаолиятини ислоҳ қилиш вақти келди. Шу сабабдан МХХ фаолияти тўғрисида қонунни ишлаб чиқиш вақти келди",- деб айтди Президент.

Мирзиёев собиқ шўро КГБсининг меросхўри бўлган МХХнинг ўтмишига ҳам ишора қилган.

"Шу тизим ичида ўзим ҳам ўсганман. Худодан сўраймиз, у кунлар қайтиб келмасин энди", - деган Президент.

Иноятов раҳбарлигида МХХ Ўзбекистонда энг қудратли тизимга айланган.

Ислом Каримовнинг ўлимидан сўнг генерал Иноятов муҳим қудрат брокери сифатида кўрилган.

Таҳлилчилар 73 ёшли МХХ раҳбари билан Президент Мирзиёев ўртасида қудрат учун яширин кураш мавжудлигини айтишади.

Ҳозирга қадар бу каби кураш юзага сизиб чиққанининг бирон белгилари кўрилмаган.

Айрим таҳлилчилар ушбу рақобатни мамлакатни беқарорлаштириши мумкин бўлган эҳтимолий омил сифатида кўришади.

Президент Мирзиёев ўз чиқишида бундан буён "бутун ҳокимият ва заҳираларнинг битта тизим қўлида тўпланиши ва мувозанатнинг бузилишига"га йўл қўйилмаслигини айтган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002