2018 йилги саёҳат учун энг яхши 20 мамлакат қайсилар?

Бухородаги Мир Араб мадрасаси Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC O'ZBEK

Агар 2018 йили бориб томоша қилмоқчи бўлган энг яхши нотаниш мамлакат қайси, деган саволга жавоб излаётган бўлсангиз, энг яхши 20 мамлакат орасида Ўзбекистон бор, дея маслаҳат берди British Backpacker Society.

Backpackerлар ўз тўрвасини ўзи кўтариб, сайёҳлик ташкилотлари ёрдами ёки йўл-йўриқларига таянмасдан, дунё кезишни хуш кўрадиган жаҳонгашталардир.

Ўзбекистонга келган энг кўп чет элликлар кимлар?

Британ жаҳонгашталари 2018 йили томоша қилишни тавсия этган 20 мамлакатнинг рўйхатини эълон қилган, бу рўйхатда Ўзбекистон 19-ўринни эгаллаган.

Рўйхатда Покистон биринчи ўринни эгаллаган.

Сўнг британиялик сайёҳлар жамияти Россия, Ҳиндистон, Туркия, Қирғизистон, Ливан, Тожикистон, Хитой, Грузия, Уганда, Босния-Герцеговина, Иордания, Ироқ, Конго, Жазоир, Монтенегро, Миср, Руанда, Ўзбекистон ва Косовони танлашган.

Ўзбекистон ушбу рўйхатда бемалол биринчи ўринни эгаллаши мумкин, бунинг учун сўнгги 1 йилда мамлакатда бошланган туризм салоҳиятини ошириш ишларини якунига етказиш талаб қилинади, холос.

Ўзбекистонни дунё сайёҳларига танитиш, туризм индустриясини янада ривожлантириш йўлида ўтган 2017 йили муайян ишлар амалга оширилди.

Президент Мирзиёев Оролбўйидаги Мўйноққа хорижий сайёҳларни жалб қилиш фармонини имзолади.

Ўзбекистоннинг хориждаги ҳар бир элчихонасидан камида икки туристни жалб этиш топшириғи берилди.

Мамлакатда зиёрат туризмини янада ривожлантиришга қўл урилди.

Раҳбарият хорижий оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистонни чет элликларга кўпроқ танитиш амалларини бошлади.

Дунёдаги машҳур сиёсатчилар, спортчилар, артист ва бизнесменлар Ўзбекистоннинг туризм элчилари бўлиши ҳақида эълон қилди Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 2017 йилнинг 9 ойи мобайнида жами 224022 нафар чет мамлакатларнинг фуқароларига визалар берилгани ҳақида хабар қилган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002

Бу мавзуда батафсилроқ