Мирзиёев: "Пахтадан келаётган даромаднинг ярмини Тошкент вилоятидан олса бўлади"

мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи Axborot

Мирзиёев Ўзбекистонда пахта етиштиришга нисбатан давлат сиёсати хато бўлганини эътироф этди. Нотўғри бошқарув натижасида республика бўйлаб терилган пахтадан келадиган 1 миллиард доллар арзимас пуллиги таъкидланди.

Маълум бўлишича, 2017 йили Навоий вилояти Қизилтепа туманида пахта етиштириш билан маҳаллий ҳокимият шуғулланмаган. Кластер асосида бир тадбиркорнинг қўлига топширилган.

Видеони bbcuzbek.com нинг YouTube каналида томоша қилинг.

"Навоий вилояти, Қизилтепа туманида кластер эксперимент қилдик. Ҳоким ҳам, милиция ҳам, прокурор ҳам бирор марта пахта билан шуғуллангани йўқ. Пахта ўтган йили Қизилтепа туманида салбий қолдиқ билан чиққан. Умуман зарар билан чиққан. Кластерга ўтдик. Биттагина одам, иқтисодий ричаг ишлади, 47 миллиард соф фойда билан чиқди. Ҳамма солиқларни тўлаб, икки карра пахтага кўп пул тўлаб", деган Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёев ушбу тажриба пахта заводларидаги ускуналар янгиланмасдан туриб яхши самара берганини айтган.

2018 йили Тошкент вилоятининг Пискент, Оҳангарон, Қуйичирчиқ, Оққўрғон туманларида кластер тажрибасига ўтилади.

Президентга кўра, пахта экишдан Ўзбекистон бир йилда ўртача 1 миллиард 200 миллион доллар атрофида даромад кўриб келган.

"Шу ҳам иқтисодга пулми? Каттароқ ўйласак, бу Ўзбекистон учун пул эмас. Биз 5 та туманда, бугун йўлга қўйган логистикамиз орқали уч ойгина сақласак, Тошкент вилоятининг ўзи 500 миллион доллар мева-сабзавот экспорт қила олади. Мени бунга 100 фоиз ҳисоб китобим бор. Бу 500 миллион олдингига ўхшаб Марказий Банкка келмайди. Қаерга келади? Тадбиркорнинг чўнтагига келади. Тадбиркор халқ-ку у", деган Шавкат Мирзиёев.

Иқтисодчи Анвар Ҳусаинов Ўзбекистон пахтадан воз кечган тақдирда мева ва сабзовот етиштириш ва қайта ишлаш саноати орқали 100 миллиард доллардан кўпроқ даромад кўриши мумкинлигини айтиб келади.

Иқтисодчига кўра сўнгги йилларда пахтанинг нархи жаҳон бозорида кескин ерга урилиши оқибатида қадри қолмади. Пахтадан кўра Ўзбекистон иқлимига хос мева ва сабзавот нархлари эса аксинча бир неча баробар кўтарилди.

Иқлими бир мунча совуқ ўлкаларда айнан Ўзбекистон шароитида етиштирилган меваларнинг бозори ўта чаққонлиги эътироф этилади.

Биргина Россия бир йилда беш миллиард долларлик Ўзбекистон иқлимида ўсувчи мева импорт қилишга мажбур.

2017 йил Ўзбекистон 800 миллион долларга яқин мева-сабзавот экспорт қилган. Ҳукумат ушбу рақамни кўтариш устида ишлаётганини маълум қилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002