Бобур Алихонов прокуратура тизимида ишлайди

Бобур Алихонов Фото муаллифлик ҳуқуқи Gazeta.uz

Тошкентда Ўзбекистон Бош Прокуратурасининг Ахборот-таҳлилий мултимедиа маркази тақдимоти бўлиб ўтган.

Ахборот-таҳлилий мултимедиа марказига таниқли тележурналист Бобур Алихонов раҳбар этиб тайинланган.

Мултимедиа маркази тақдимотида Республика Бош прокурори Ихтиёр Абдуллаев, вазирликлар, идора ва ташкилотлар, хорижий элчиликлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этганлари хабар қилинмоқда.

Тақдимотда айтилишича, Бош прокуратуранинг Ахборот-таҳлилий мултимедиа марказининг асосий вазифаси ўзбекистонликларни мамлакатда юз бераётган сиёсий-ҳуқуқий жараёнлар, прокуратура органлари ходимларининг фаолияти ва коррупцияга қарши кураш ҳолатларидан хабардор қилишдан иборат бўлади.

Ўзбекистон телевидениесининг "Ахборот" янгиликлар таҳририятини узоқ йиллар бошқарган Бобур Алихонов 2017 йил бошида яна "Ахборот"га қайтди.

Шундан сўнг "Ахборот" дастури мамлакатдаги муаммо-камчиликлар ҳақида лавҳалар намойиш эта бошлади.

Август ойининг бошида у МТРК раҳбари этиб тайинланди.

Бироқ орадан бир ой ҳам ўтмасдан - 30 августда Бобур Алихонов Миллий Телерадиокомпания раиси лавозимидан четлатилгани хабар қилинган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ