Мирзиёевнинг элчиларини пойлайдиган "мурда"лар ким?

Шавкат Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Президент Мирзиёев Ўзбекистоннинг хориждаги элчилари ишига тўсқинлик қиладиган ва уларни пойлаб юрадиган "мурда"ларни қайтариб олишга ваъда берди. Ҳозир АҚШда яшаётган собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев мурдаларнинг МХХ ходимлари эканлигини айтади.

"Бир иккита идоралар вакиллари бор, сизларнинг элчихоналарингда. Бўлди у замон тугади. Мен эртага ҳаммасини қайтариб оламан. Элчи Президент вакили, анаву мурда эмас, сизларнинг орқаларингдан пойлайдиган ва иш қиладиган", деган Шавкат Мирзиёев.

Видеолавҳани BBCUZBEK.COM нинг YouTube даги каналида томоша қилинг.

Кўп йиллар Ташқи ишлар вазирлиги тизимида ишлаган собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев элчихоналарда махсус хизматларнинг, яъни МХХнинг резиденти бўлишини айтади.

"МХХнинг резиденти элчихонада бўлади. У таъсир доираси юзасидан элчидан юқорироқ туради, деса ҳеч муболаға бўлмайди. Элчи унинг қош-қавоғига қараб, лаганбардорлик қилмаса, ўз вазифасида қололмайди", дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Собиқ дипломатнинг айтишича, Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари тўлиқ СНБ назорати остида қолган. Улар мустақил бирор иш қилолмайди.

"Ўзи МХХ ходимлари разведка, контур-разведка деган нарсалар билан шуғулланиши керак. Лекин ҳаётда элчихона ходимлари устидан барча назоратни ўрнатган одамлар бўлади. Битта элчихона биргина резидент билан чекланмайди. Элчихонада 3-4 дипломат бўладиган бўлса, 10тача СНБ ходими бўлади".

Тошпўлат Йўлдошевнинг айтишича, элчихоналардаги МХХ ходимлари хориждаги ўзбекистонлик иш одамлари ва келиб кетадиган санъаткорларни "соғиш" билан ҳам шуғулланади.

Германияда истиқомат қилувчи ва сайёҳлик ширкатларидан бирининг раҳбари бўлган ўзбекистонлик фуқаронинг Twitter га ёзишича, Ислом Каримов вафотидан олдин Германиядаги Ўзбекистон элчихонасида ўзгача фикрловчилар билан шуғулланувчи кадр пайдо бўлган.

"Ўлимидан 3-4 ой олдин элчихоналаримизда ўзгача фикрловчилар билан ишлайдиган кадрлар пайдо бўларкан деган гап тарқади. Берлиндаги элчихонамизда бир ëш тирранча пайдо бўлиб ҳар ким билан қизиқа бошладиям, жаназадан кейин ғойиб бўлди (инига кириб кетди)", деб ёзади у.

Ўзбекистонда МХХ раиси Рустам Иноятов ва Президент Шаавкат Мирзиёев ўртасида муносабатлар таранглиги айтилади.

22 декабр куни Парламентга қилган мурожаатида Шавкат Мирзиёев илк бор ушбу ташкилотни танқид қилган.

У мамлакатнинг қудратли хавфсизлик хизматлари ислоҳ қилинишини эълон қилди.

Бу Мирзиёевнинг ҳокимиятга келганидан Миллий хавфсизлик хизматини биринчи марта танқид қилиши.

10 январ куни Ўзбекистоннинг хориждаги элчилари билан учрашувда Мирзиёев элчихоналардаги МХХ ходимларини чақириб олишини айтган ва уларни "пойлоқчи мурда"ларга ўхшатган.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek