Адабиёт: Набижон Боқий. Юртменбошининг хотира дафтари-14

Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy
Image caption Набижон Боқий Сталин қатағонларига доир "Қатлнома" ҳужжатли қиссаси муаллифи.

Юртменбошининг хотира дафтари

Давоми

Талабалар ниҳоятда фаол бўлиб қолган эди. Уларнинг норасмий лидерлари мухолифат билан чамбарчас боғланган бўлиб, тўғридан-тўғри кўрсатма олиб туришарди.

112. ҚЎҚОН

Пойтахтдан кейин Самарқанд, Бухоро, Андижон каби йирик шаҳарлар бор. Қўқон эса Фарғона вилоятидаги кичик бир шаҳар, холос. Лекин 1875 йилгача хонликинг пойтахти бўлган. Ҳозир хонлик давридаги шукуҳидан ном-нишон қолмаган. Шаҳар аҳолиси ҳунармандчилик ва тижорат билан тирикчилик қилади. У ерда саботли дин пешволари пайдо бўлади, уларнинг издошлари пайдо бўлади. Улар териб-териб қамалди, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди. Лекин Қўқон барибир водийда собит эътиқод маркази бўлиб қолаверади. Кўпчилик шу томонга интилади, шу томонга муслима қизлар келин бўлиб тушади.

Нима қилмоқ керак?

Қўқоннинг бошини эгиб қўйиш керак. Номусдан бошини кўтариб юра олмайдиган зтиб қўйиш керак.

Кекирса момақалдироқ бошланиб, осмонни тешиб юборадиган навқирон Ҳожи қўлга олинди. Унинг келиб чиқиши, асли, Ўратепа тожикларидан. Етти авлод нариси тожик бўлган, оилада ўзбекча гапиришади, калон боболари тожик эканини унутиб ҳам юборишган. Аммо ташқи қиёфада, юз-кўзларида тожикларга хос бўлган хусусиятлар (қиррабурун, қайрилма қош, қизил юз каби) сақланиб қолган. Қизлари чиройли, йигитлари кўркам бўлади. Ҳожи ўттиз беш ёшлардаги барваста йигит. Қоп-қора бежирим соқоли ўзига ярашган. Жисмонан бақувват, соғлом. Ичмайди, чекмайди. Беайб - парвардигор, дейдилар. Бу дунёда нуқсонсиз одам бўлмаса керак. Ҳожининг нуқсони - отаси. Ота нашаванд, узоқ йиллардан буён наша чекади. Кенжа ўғил ҳам нашаванд. Боз устига, ота-бола ими-жимида нашафурушлик билан шуғулланади.

Ҳожининг номзоди Олий Мажлис депутатлигига кўрсатилади. Унга муқобил этиб тўрт киши қўйилади. Ҳожи мутлақо кўпчиликнинг овозини олиб биринчи турдаёқ ғолиб чиқади. Аммо Марказий сайлов комиссияси биринчи тур натижаларини бекор қилиб, Ҳожини иккинчи турга қолдиради. Унга шаҳардаги хусусий касалхона бошлиғи алтернатив номзод бўлиб қолади. Иккинчи турга уч кун қолганда Ҳожининг отаси билан укаси қамоққа олинади; уйлари тинтув қилинганида икки кило "қорадори" топилади. Хавфсизлик хизматининг таклифига кўра, Ҳожи дарҳол ўз номзодини қайтариб олади, шифокор Олий Мажлисга депутат этиб сайланади. Тергов жараёнида ота билан кенжа ўғил ўзларининг айбларига иқрор бўлади. Ҳожи жуда ўйланиб қолади.

- Ҳожи ака, Қўқондаги наркосавдони ўзингиз назорат қиласиз. Агар сиз шу ишни қўлга олмасангиз, уни бошқа бирор кимса ўз қўлига олади. Яхшиси, ўзингиз олинг шу ишни, - деб таклиф қиладилар.

- Эвазига қандай хизмат буюрилади?

- Отангиз билан укангизнинг устидан қўзғатилган жиноий иш тўхтатилади, улар озодликка чиқариб юборилади.

- Шу холосми? - деб сўрайди Ҳожи ишонқирамай.

- Шаҳар осойишталигини сақлаш учун қандай чора-тадбир лозим бўлса, биз сиз билан маслаҳатлашиб иш қиламиз, доим сиздан йўл-йўриқ сўраб турамиз, - дейди хавфсизлик хизматининг бошлиғи. - Шу холос.

Ҳожи хавфсизлик хизматининг таклифини қабул қилади, аста-секин ҳамкорлик қилишга киришади.

Бир куни Андижондан даъватчи келиб, Ҳожини сўрайди. Ҳожи дарвозасини очмайди: "Ҳозир Самарқандда эдим. Носирхон деган шогирдим сизни уйига олиб кетади, меҳмон қилади", дейди. Носирхон даъватчини уйига олиб кетади, уч-тўртта биродарини чақириб андижонлик даъватчини меҳмон қилади, ярим кечагача қандай қилиб жамиятни ўзгартириш, одамларни қай йўсин куфрдан қайтариш бўйича баҳс-мунозара бўлади. Эрталаб Носирхоннинг уйини махсус хизмат гуруҳи босади: даъватчи ҳам, уй эгаси ҳам қўлга олинади. Суҳбатда қатнашган қўқонлик йигитлар ҳам тутиб келтирилади. Дастлаб, суҳбатдошлар тўрт киши бўлади, сўнг уларнинг сони саккиз кишига етади, суд чоғида улар ўн олти кишидан иборат жиноий гуруҳни ташкил этади.

Бошқа бир куни Ўшдан даъватчи келади. Ҳожи бу сафар Бухорода бўлади... Қўқондан яна ўн олтита диндор йигит қамалади...

Хуллас, Қўқондаги ўзига тўқ намозхон йигитлар териб-териб олинади. Айримлари тавба-тазарру қилгач, бир-икки йил қамоқда ётгач озодликка чиқариб юборилади. Айбига иқрор бўлмаган намозхон йигитларнинг оиласи бузилиб кетади. Ёш келинчаклар маҳаллий телевидение орқали чиқиш қилиб: "Эрим манинг талоғимни бермаса, ман унинг талоғини бераман!" дейди ошкора. Келинчак жонли телекўрсатув пайтида намойишкорона ҳижобини ечиб улоқтиради, бошини очиб телестудияни тарк этади.

Қамоқда ётган эридан намойишкорона воз кечишга журъат қилолмаган муслима келинчаклар ҳартомонлама сиқувга олиниб, охир-оқибат фоҳишага айлантириб юборилади. Иснодга чидамаган оила аъзолари Қўқондан бош олиб чиқиб кетади. Айрим собита келинчаклар эса ўзларини ўлдиради ва ҳоказо.

Қўқонда тожиклар билан ўзбеклар орасида зимдан адоват пайдо бўлади. Ўзбеклар кўпчилик, лекин тожиклар хавфсизлик хизмати идорасини эгаллаб олган: милиса, прокуратура ходимларининг кўпчилиги ҳам Фарғонага ташқаридан келган тожиклардир. Улар бир-бирини мудом таъқиб қилади, бир-бирининг устидан керакли жойларга доим чақувнома жўнатиб туради.

Ҳожи ўзини сипо тутиб, Қўқонда камроқ кўзга ташланади. Тез-тез чет элларга чиқадиган бўлиб қолади. У кейинги пайтларда хийла жонланиб қолган мухолифатнинг ядросига кириб боришга ҳаракат қиляпти...

Халқни оқилона бошқариш учун орага нифоқ солиш керак. Агар "сен тожик, сен ўзбек!" деб ажратишнинг иложи бўлмаса, "сен у ёқлик, сен бу ёқлик!" деб ажратиб қўйилса, улар бир-бирининг гўштини еб ётаверади. Тошкентдаги олий ўқув юртларида ҳам "Қўқон тажрибаси" жорий қилиниб, вилоятлардан келган ўқитувчи-профессорларга муайян вилоятдан келиб ўқиётган талабалар бириктириб қўйилди: шундай қилиб, вилоятлар ўртасида йўқ бўлиб кетаётган айирмачилик ("Сурқаш", "Фан" каби) қайтадан жонлантирилади... Ўқитувчи-профессорлар ўзига қарашли талабаларни тўплаб: "Қизларингни "Сурқаш" йигитлари очомлаб юрибди-ку!.. "ФАН" қизлари яна "Фонд Форум" мукофотини олди; санлар ҳам Гулноранинг назарига тушиш учун кўкракларингни очиб юрсаларинг ўласанларми!" деб "амри маъруф" қилади... Москва бизни - Марказий Осиё республикаларини қандай қилиб бир-биримизга ашаддий душман этиб қўйган бўлса, ман ҳам Юртменистондаги вилоятлар аҳолисини (айниқса, ёшларни) бир-бирига муросасиз мухолиф-рақобатчига айлантириб қўйдим десам, тўғри гапирган бўламан.

Муҳими - Қўқонни тити-пити этиб юбордим.

***

113. ДАВЛАТ ТИЛИ

Радий Фиш билан яна яккама-якка учрашдим. Бу гал Давлат тили тўғрисидаги Қонун лойиҳасини кўтариб келди. Лойиҳа билан танишдим.

- Хўш, нима қилишим керак? - деб сўрадим ўзимни гўлликка солиб.

- Давлат тили тўғрисида қонун қабул қилиш лозим. Акс ҳолда...

- Шошманг, - деб кулимсираб стол ёнига ўрнатилган тугмачани босдим. Остонада Дастурхончи кўринди. - Чиройли дастурхон ҳозирланг, - дедим унга. Сўнг Радий Фишдан: - Оқидан кетадими, қизилидан? - деб томоғимни чертиб кўрсатдим. У жавоб бермасдан қовоғини уюб олди, ман кулимсираб: - Бўлди, эсим қурсин! - деб пешонамга шап этказиб урдим. - Ўткан сафар яримлаб қолган коньякни бўшатиб қўямиз. - Кўз қисиб ўрнимдан турдим.

- Зудлик билан Тил тўғрисида қонун қабул қилинмаса, юзминг киши намойишга чиқади, - деб огоҳлантирди Радий Фиш.

Елкамни қисдим.

- Битта имзо билан битадиган ишга юзминг кишини аралаштириб ўтиришдан нима фойда! - деб Радий Фишни қўлтиқлаб хос хонага ўтдим.

Дастурхон муҳайё этилган эди. Музлатгичдан ўткан галги ўтиришдан қолган коньякни олиб пиёлага яримлатиб қуйдим. Ўзимга арақ тўлдирдим. Пиёлани қўлимга олиб:

- Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилса, дўстим, чинакам тарихий воқеа бўлади. Ман сизни тарихий ғалаба билан чин дилдан табриклайман! - деб қадаҳ кўтардим.

Радий Фиш пиёласини уриштирмади. Коньякни сипқориб, бир нимта пишлоқни газак қилди.

Лаб-лунжини кафти билан артди.

- Кейин алифбени ўзгартириш керак, - деди у. - Дунёдаги ҳамма туркий мамлакатлар лотин алифбесига ўтса, келажакда ўзаро алоқаларимиз янада жипслашади, ягона турк иттиҳоди пайдо бўлади.

- Лекин Кирилл-Мефодий хатидан бирданига воз кечолмаймиз, - дея ингичка товушда эътироз билдирдим.

- Шунақами? - деди Радий Фиш гулдурак товушда. - Бўлмасам, ой охирида юзминг киши...

- Бўлди, бўлди! - деб қўлларимни баланд кўтардим. - Аввало, дўстим, 25 октябр куни Олий Советнинг XI сессиясида Ўзбек тилига Давлат тили мақомини бериш тўғрисидаги қонунни омон-эсон қабул қилайлик, сўнгра узоғи билан ноябрь ойининг охиригача лотин алифбесини жорий этиш тўғрисида ҳам қонун қабул қиламиз, - деб пиёлаларни тўлдирдим. Шиша охирида қолган коньяк томчиларини ўз пиёламга томиздим.

- Бўпти, - деб Радий Фиш пиёласини кўтарди. - Ман сизга ишондим, лекин коммунистларга ишонмайман, улар мунофиқ бўлади.

Арақни қулт-қулт ютаётиб, бирдан ҳиқичоқ тутиб қолди. Ўрнимдан туриб осмонга қараб қайта-қайта ютиндим, совуб қолган чойни майда-майда ҳўпладим. Хайрият, ҳиқичоқ тўхтади. Уф тортиб жойимга ўтирдим.

-Тўғри, коммунистлар мунофиқ бўлади, - деб тасдиқладим. - Фақат мандан бошқаси, ман эркакман...

- Қонун лойиҳаси муҳокама қилинаётган пайтда нутқ сўзлайсизми? - деб сўради.

- Қисқагина гапиришим мумкин. Нимайди?

- Бу қонун лойиҳасини Шу Ерлик Киши (Ш.Е.К.), Ҳофиз ака, Туркистонли Тилчи, Буюк Фитначи, Рауф Парфи Ўзтурк биргаликда тайёрлаганини қистириб ўтсангиз, чакки бўлмасди, - деди.

- Муҳими - қонун қабул қилиниши лозим, унинг лойиҳасини кимлар, кимнинг уйида тайёрлаганининг одамларга қизиғи йўқ, - дедим. - Қолаверса, консерватор депутатлар мани мухолифатга сотилди деб Москвага чақувнома жўнатишдан ҳам тоймайди.

- Айтдим-ку, коммунистлар мунофиқ бўлади.

- Тонмайман. - Янги шишани очдим. Пиёласига яримлатиб коньяк қуйдим. - Қани, Лотин алифбеси учун оламиз, янги алифбе муборак бўлсин! - Пиёлани кўтардим.

- Муборак бошад! - деди Радий Фиш негадир тожик тилида.

Газак қилганимдан сўнг қисқача нутқ сўзладим:

- Тил тўғрисида баъзи мулоҳазаларим бор. Биринчидан, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши ҳеч кимда шубҳа туғдирмаса керак. Бу аллақачон рўй бериши лозим бўлган ҳодиса ҳисобланади. СССРда рус тилидан бошқа ҳамма тилларга давлат тили мақоми берилди, фақат биз орқада қолдик. Иккинчидан, ўз она тилини билмаган одам ўзининг шажарасини, ўзининг илдизини билмайди, келажаги йўқ одам; киши тилини билмайдиган одам унинг дилини ҳам билмайди. Учинчидан, ҳар қандай миллат, катта ё кичиклигидан қатъи назар, ўз тилини ҳурмат қилади. Ўзбеклар ўзбек тилини, қозоқлар қозоқ тилини, лўлилар лўли тилини ҳурмат қилади...

- Лўлилар қайси тилда гаплашади? - деб сўраб қолди Радий Фиш туйқус.

Кулимсирадим.

- "Адабиёт ва санъат" ҳафтаномасида Анвар Обиджон тўғрисидаги мақолангизни ўқидим, кейин ўша шоирнинг "Безгакшамол" тўпламини топиб бир кечада ўқиб чиқдим. Ўша китобда шоир ярим ҳазил-ярим чин маъносида: "Қапчиғайда ўзимизди лўлилар Олтиариқ тилида гаплашади", деб ёзади. Демак, лўлилар ўзбек тилининг бирорта шевасида гапирар экан, - дедим.

-Шунақа, - деди Радий Фиш. - Демак, ҳамкорликни давом эттирамиз. - Ўрнидан турди. - Анвар Обиджон мунис жасоратга қодирдек туюлади. Қайдам. Буни вақт кўрсатади.

Қўл бериб хайрлашдик.

"Юртменистон мустақилликка эришиш остонасида" номли китобимга "Тил тўғрисидаги Қонун" матни киритилиши керакми ёки Олий Совет сессиясида сўзлаган нутқимнинг матни киритилиши керакми деган масалада Тозақул билан Пароканд Мирзо ўртасида баҳс-мунозара келиб чиқди. Ман: "Ўзларинг ҳал қилинглар", дедим. Охири бир тўхтамга келиша олмади ва қуръа ташланди, қуръага кўра "Тил элни бирлаштириши лозим" деган сарлавҳа остида нутқ матни чоп этилди китобимда. Аслида, Тил тўғрисидаги Қонун лойиҳасини "Оқ бино оқшомлари"ни ёзган анов Шу Ерлик Киши (Ш.Е.К.), Ҳофиз ака, Туркистонли Тилчи, Буюк Фитначи, Рауф Парфи Ўзтурк биргаликда икки кеча-кундуз ухламасдан тайёрлаган эди. Ман тайёр ошга баковул бўлганман, холос. Масаланинг туб моҳиятини на Тозақул билади, на Пароканд Мирзо!

Э-э, тарихни ғолиблар ёзади деган гап бекорга айтилмаган экан. Ман ғанимларимни балчиққа қориб ташласам ҳам ҳеч ким мушугимни "пишт!" демайди.

***

114. ФИТНА

1991 йилнинг 21 август куни Москвада "Путч" мағлубиятга учради. СССР Мудофаа вазири Язов, КГБ раиси Крючков, Ички Ишлар вазири Пуго (ўзини ўлдиради), вице-президент Янаев, Бош вазир Павлов, Олий Кенгаш раиси Лукяновлар қамоққа олингач, СССР эгасиз қолади. М. С. Горбачёв ҳамон СССРнинг президенти лавозимини эгаллаб турган бўлса-да, лекин мамлакат бошқарувини Россия президенти Борис Ельцин ўз қўлига олган эди. Горбачёв ҳам Борис Николаевичнинг қўлида қўғирчоқ бўлиб қолади. СССР ўз-ўзидан тарқалиб кетади. Тўғри, декабрь ойигача Горбачёв ҳамон мамлакатнинг расмий раҳбари бўлиб туради. Қачон, Россия президенти Борис Ельцин, Украина президенти Кравчук, Белорусия Олий Кенгашининг раиси Шушкевич овлоқ ўрмонда ичкиликбозлик қилиб ўтириб "СССРни тарқатиб юбориш тўғрисидаги қонун"га имзо чекиб юборишгач, охир-оқибат М. С. Горбачёв ҳам телевизорга чиқиб йўқ мамлакатнинг президенти лавозимидан истеъфо беради.

Юртменистон гўё улкан поезднинг ярим йўлда составидан узилиб қолган вагонига ўхшарди. На олдига кетишни биларди, на орқага. Дарҳол мустақиллик эълон қилишга тўғри келади. Акс ҳолда бошбошдоқлик бошланиб кетиши ҳеч гап эмас эди. Юртменистон ҳудудидаги бойликлар талон-тарож қилиниши равшан бўлиб қолади.

Хабарингиз бор, биз сўнги пайтгача Иттифоқ шартномасини имзолашга тарафдор бўлиб келдик. Агар бу Иттифоқнинг конфедерация асосида ҳақиқатан ҳам тенг, Мустақил давлатлар иттифоқи бўлишига ишонч бўлганида биз бугунги кунда ҳам ўша фикримиздан қайтмас эдик. Биз 1991 йилнинг март ойида ўтказилган референдумда ҳам аҳолининг тўқсон фоизи Иттифоқ таркибида қолишни қўллаб-қувватлаб овоз беришини таъминлаганмиз. Иттифоқдан ажралиб чиқишни фақат "Бирлик" ҳаракати билан "Эрк" партияси ёқлаб чиқди, холос. Бугун халқимизга шу нарса аёнки, ўз олдимизга қўйган мақсад ва вазифаларга эришишнинг ягона йўли бор. У ҳам бўлса - республиканинг мустақиллигига эришишдир. Бугундан эътиборан Юртменистон мустақил республикадир. 1 сентябрни Мустақиллик куни - умумхалқ байрами деб эълон қилинишини таклиф этаман. Бу байрам абадулабад бўлсин!

Ман Юртменистонда коммунистларнинг раҳбари лавозимига тайинланган чоғимда узоғи билан беш-олти йилдан сўнг истеъфога чиқиб, қолган умримни бирорта учинчи ё тўртинчи даражали лавозимда (Ёдгорликларни қўриқлаш идорасидами ёки Нуронийлар жамиятидами) тинчгина ўтказсам бас, дўппимни осмонга отиб қувонар эдим, деб ўзимча хомчўт қилганман. Аммо вазият 1991 йилда содир бўлган "Путч"дан сўнг кескин ўзгариб кетади. Етти ухлаб тушимга кирмаган ҳодисалар содир бўлади. Юртменистон мустақил бўлиб қолади. Болтиқбўйи республикалари бир неча йил давомида мустақиллик учун курашади, жон олиб, жон беради. Озарлар, гуржилар, чеченлар ҳам қўлига қурол олиб мустақиллик учун курашга отланади. Ўрта Осиёда истиқомат қиладиган турк халқлари эса маҳаллий раҳбарларнинг кучли босими остида миқ этган товуш чиқармайди, товуш чиқарган одам боласи дарҳол жиноий жавобгарликка тортиларди. Бизга мустақиллик осмондан тушади. Унинг қадрини одамлар ҳис этмайди, қимматини ҳам кўпчилик билмайди.

Майли, худойимга беадад шукрлар бўлсин, биз мустақил бўлиб қолдик.

Аста-секин бошқарув жиловини қўлга олдим. Атрофимдан мустақил фикрлайдиган одамларни узоқлаштирдим. Мамлакат мустақил бўлди, ман ҳам мустақил равишда мамлакатни бошқаришим керак. Ҳокимият шерикчиликни ёмон кўради. Ҳокимиятга шерик чиқса, ундан ажралиб қоласан.

Радий Фиш билан энди фақат парламант мажлислари чоғида кўришиб қолардик, холос. У кўпинча сўз сўраб минбарга кўтариларди-да, раҳбариятни танқид қиларди. Ман парламант раисига тайинлаб қўйдим: "Радий Фишга камроқ сўз берилсин, у гапираётганда депутатлар полни тепиб тўполон кўтариб юборсин, унинг нима деяётганини одамлар эшитмасин, ҳайми?!" "Ҳай", деди гулдурак товушли парламант раиси. Радий Фишни кабинетимга ҳам, хос хонамга ҳам таклиф этмай қўйдим. Шундоқ ҳам ташвишларим бошимдан ошиб ётарди, унинг дийдиёларини эшитиб ўтиришга энди тоб-тоқатим йўқ эди.

Олий Мажлиснинг навбатдаги йиғилиши бошланган заҳоти доим кўзларимга жавдираб ўтирадиган, нигоҳимиз тўқнашиб қолса, ялтоқланиб тиржаядиган битта депутат сўз олиб: "Ўртоқлар, бугун ташкилий масала кўрилади. Юртменбошини лавозимидан четлаштириш керак, деган таклиф бор. Ман таклифни овозга қўйиш лозим деб ҳисоблайман", деса бўладими?! Дастлаб, қулоқларимга ишонмадим. Қарасам, навбатдаги депутат ҳам минбарга кўтарилиб, бояги таклифни қўллаб-қувватлаяпти. Яна уч-тўртта депутат (асосан собиқ вице-президентнинг тарафдорлари ва пойтахт гуруҳи зимдан бирлашиб олган экан) "импичмант"ни дарҳол овозга қўйиш керак, деди. Тамом, деб ўйладим, энди Ёдгорликларни қўриқлаш идораси ҳам, Нуронийлар жамияти ҳам санга насиб этмайди; худди Руминия диктатори Николае Чаушеску каби тўхтовсиз отиб ташлашмаса, қолган умринг қамоқда ўтса ҳам шукр қилгин, галварс!

Кутилмаганда Радий Фиш минбарга кўтарилиб: "Ман ҳозир кўзларимга ҳам, қулоқларимга ҳам ишонмаяпман! Доим Юртменбошини қўллаб-қувватлайдиган, унга уялмасдан пахта қўядиган депутатлар бирдан унга қарши бош кўтарганини кўриб, ўртоқлар, ҳайрон бўлиб ўтирибман. Сизларга нима бўлди? Виждонларинг уйғониб қолдими? Йўқ, сизларда виждон борлигига ман аллақачон ишонмай қўйганман. Сизлар қандайдир ғаразли мақсадни кўзлаб, ҳокимиятни эгаллаб олиш учун ҳозир Юртменбошини лавозимидан четлаштиришни истаяпсиз. Ман бунга қаршиман. Юртменбошини бу лавозимга халқ сайлаган, уни фақат халқ бу лавозимдан олиб ташлаши мумкин. Бу масалани референдум ҳал қилади, ҳозир импичмант масаласини овозга қўйиш мавжуд қонунга хилофдир..." дейди. Ёпирай! Наҳотки, уч юзта депутат орасида Радий Фишдан бошқа дўстим бўлмаса?!

Танаффус эълон қилинди. Танаффусдан сўнг фитначилар орасида парокандалик бошланди, ишончсизлик авж олиб, бирин-кетин минбарга кўтарилган фитначи-депутатлар мандан узр сўраб, шерикларининг устига мағзава ағдара бошлади.

Фитна амалга ошмай қолади. Ман ўз лавозимимда яна йигирма йил... йўқ, хоҳлаганимча йил ўтираман.

Олий Мажлис йиғилиши тугагач, Радий Фишни четдаги хонага таклиф этиб: "Ман сизнинг яхшилигингизни, дўстим, ҳеч қачон унутмайман!" деб уни бағримга босиб йиғлаб юбордим...

***

115. ТАЛАБАЛАР

Талабалар ниҳоятда фаол бўлиб қолган эди. Уларнинг норасмий лидерлари мухолифат билан чамбарчас боғланган бўлиб, тўғридан-тўғри кўрсатма олиб туришарди. Радий Фиш "Юз минг кишини кўчага опчиқаман, эрта-индин юз минг кишилик муддатсиз митинг уюштираман!" деганида биринчи навбатда талабаларни назарда тутарди. Пойтахт аҳолисининг эллик фоизи руслардан ёки русийзабон "чулчутлар"дан ташкил топган. Демак, аҳолининг тенг ярми мухолифатни қўллаб-қувватламайди, чунки мухолифат улардан Шўро Иттифоқи берган имтиёзларни тортиб олади (тил, алифбе, байналмилал ҳукмронлик каби). Пойтахт аҳолисининг яна тенг ярми маҳаллий миллат вакиллари бўлиб, улар асосан тижорат билан шуғулланарди, савдо-сотиқ билан овора эди. Булар сиёсатга унчалик аралашмасди, ўзининг тирикчилигидан бошқа нарсани деярли ўйламасди. Мухолифат суянадиган ягона куч - талабалар эди. Яъни, 20-25 ёшлар атрофидаги йигит-қизлар мухолифатнинг миллий ғояларини қизғин қўллаб-қувватларди. Улар асосан Студентлар шаҳарчасидаги ётоқхоналарда истиқомат қиларди. Ҳар ойда бериладиган стипендиялари ҳисобидан кун кўрарди. Ўғил болалар шанба ва якшанба кунлари норасмий "Мардикор бозорлари"га ("Ғунча" кинотеатри яқинидаги жарликда ва Қўйлиқдаги Кўприк остида) чиқиб, бир ярим кун ишлаб бир ойлик стипендия пулини топиб қайтишарди. Қизлар камхарж бўлади, улар курсдош йигитларнинг кийим-бошини ювиб, дазмол босиб беришарди, ошхона ҳам қизларга топшириб қўйилган эди. Хуллас, Юртменистоннинг турли ҳудудларидан, ҳатто Туркманистондан, Қозоғистондан, Қирғизистондан, Тожикистондан келган талабалар бир оила фарзандларидек тинч-тотув ҳаёт кечиришарди. Маҳаллийчилик иллати тамоман тугатилган эди.

Талабаларни қандай қилиб тиз чўктириш мумкин?

Талабанинг энг нозик жойи - чўнтагидир. Уни урма-сўкма, чўнтагини йиртиб қўйгин, вассалом. Чўнтагидаги бор бисоти ой охирига етар-етмас тўкилиб адо бўлса, хонасидан кўчага чиқишга уялиб, ёстиқни қучоқлаб ётаверади ёки қизларга кўринмасдан тонг-саҳарлаб "Мардикор бозори"га жўнаб қолади.

Ими-жимида оғзаки амр қилдимки, Студентлар шаҳарчасидаги ошхоналар, озиқ-овқат дўконлари, ҳатто чакана савдо нуқталари ҳам бирваракайига нарх-навони икки баробар ошириб қўйсин! Нарх-наво оширилгач, кўрамиз, мухолифат уларга қандай каромат кўрсатар экан?!

Кутилмаганда талабалар бош кўтарди. Студентлар шаҳарчасида оммавий намойиш бошланди. Энг ажабланарли жойи - ён-атрофдаги маҳаллаларда истиқомат қиладиган (кўпинча талабаларни ижарага қўядиган) хонадон эгалари вилоятлардан келган талаба-ёшларни озиқ-овқат билан текин таъминлай бошлайди. Илгари уйларини ижарага бериб, беш-ўн сўм учун талашиб-тортишадиган маҳаллий аҳоли талабаларни ўз фарзандидек оқ ювиб, оқ тарай бошлайди... Э-э, воҳ!

Студентлар шаҳарчасига тахминан юзминг нафар аҳоли тўпланади. Тинч намойиш икки кун давом этади. Пойтахтнинг бошқа жойларидан ҳам одамлар намойишчиларга ҳартомонлама ёрдам беришга киришади. Агар шу ҳолат яна давом этадиган бўлса, охири намойиш сиёсий тус олиб, Мустақиллик майдонида ҳукумат истеъфосини талаб қилиб қолишлари ҳеч гап эмас.

Яна ими-жимида оғзаки амр қилдимки, кечаси ниқоб кийган махсус милиса гуруҳи Студентлар шаҳарчасини ҳар тарафдан қуршаб олиб, ётоқхоналарга бостириб кириб намойишчиларнинг ядросини яксон қилсин!

Эрталаб ўн беш-йигирма нафар талаба отиб ўлдирилгани, юз-юз эллик талаба эса майиб-мажруҳ этилиб касалхоналарга ётқизилгани маълум бўлди. Шу пайтгача талабалар намойишига аралашмасдан гўё томошабин бўлиб турган мухолифатчилар бирдан жонланиб қолди: талабаларни отиб ўлдиришга ким буйруқ берди? Буйруқ берган раҳбар - миллатнинг душмани, умматнинг душмани! Йўқолсин қотил раҳбар! Юртменбоши, истеъфо! Юртменбоши, истеъфо! Йўқолсин, Юртменбоши!..

Ол-а, ол! Иш чаппасига кетади деб сира ўйламаган эдим. Дарҳол Радий Фишни хос хонамга олдирдим. Зиёфатни қолган жойидан давом эттирмоқчи бўлдим. Лекин йўнилмаган таёқни - қайқи таёқни эслатадиган Радий Фиш манга қўлини ҳам узатмади, кўрсатилган жойга ҳам ўтирмади, қоққан қозиқдек қаққайиб тураверди.

- Илтимос, чақиб олса ҳам креслонинг бир четига кетингизни қўйинг! Ахир, мусулмонмиз, ҳеч бўлмаса юзимизга фотиҳа тортайлик, кейин арз-додимизни дастурхон қилаверамиз, - дедим. У ноилож креслога омонат ўтирди. Юзимизга фотиҳа тортдик. Сўнг: - Ўтинаман, сиз мард йигитсиз, Студентлар шаҳарчасига бориб талабаларни тинчитиб беринг! Ёнингизга кимни олсангиз олинг, фақат талабаларни тинчитиб беринг! Ўзингиз бош бўласизми ёки бошқа бировни раҳбар этиб тайинлайсизми, ишқилиб, талабаларга ўқ отишга буйруқ берган шахсни аниқлаб, уни жазолаш ваколатини ҳам сизга бераман! Қотил жазоланиши керак! - Беихтиёр кўзларимдан шашқатор ёшлар оқа бошлади. Ман ўзим ҳам ҳайрон бўлдим; кўнглим бунчалик бўш эканини илгари билмас эдим. - Қайси ота ўз фарзандини отиш тўғрисида буйруқ бериши мумкин?! - дедим ҳиқ-ҳиқ этиб йиғлаб. - Ахир, талабалар манинг фарзандларим-ку! - Баралла ўкириб юбордим. Адютантим орқа эшикни қия очиб ичкарига мўралаб қўйди; бошим билан ишора қилганимдан сўнг яна эшикни аста ёпди.

- Бўпти, - деди Радий Фиш, - кўнглим сезиб турибди, бу мамлакатда сиздан бошқа ҳеч ким ўз ватандошларини отиб ўлдиришга буйруқ бериши мумкин эмас! Бундан кейин ман сизнинг қўлингиздан чой ҳам ичмайман, май ҳам ичмайман! Қотилнинг қўли ман учун ҳаром... - У аста туриб хонадан чиқиб кетди.

Ман ўтирган жойимда яна бир соатча ўпкамни боса ололмадим. Қачон, Иноят Махсум оёқ учида кириб елкамдан аста ушлаб: "Қўзғалон бостирилди... Талабаларни отишга милиция бошлиғи буйруқ берган экан... Полковник Жўрабек ўзини отиб ўлдирди, ўрнига Алматов и.о. этиб тайинланди", дедию енгил нафас олдим. Қопқоғи очиқ арақ шишасининг бўғзидан ушлаб қултиллатиб беш-олти қултум ичдим.

Радий Фиш талабалар намойишини тарқатиб юборди; тўс-тўполонга сабабчи бўлган омиллар (ким олдин стипендияни оширмасдан нарх-навони оширди? Талабаларни ўққа тутишга ким буйруқ берди?) атрофлича ўрганилиши учун махсус комиссия тузилди. Албатта, полковник Жўрабек ҳамма нарса учун айбдор бўлажак.

Комиссия хулосаси эълон қилингунича ман ҳар бир вилоят марказида зудлик билан университет ташкил этиш тўғрисида махсус фармон бердим. Шундай қилиб, пойтахтдаги фаол талабалар бутун Юртменистон бўйлаб тарқатиб юборилди. Юзминг киши бемалол сиғадиган Мустақиллик майдонини шудгор қилиб, майса эктириб қўйдим. Амир Темур ҳам ҳадеб қўзғолон кўтараверадиган Хоразм бошкентини бузиб, шудгор қилдириб, буғдой эктириб юборган экан. Ман ҳам жаҳонгирдан ўрнак олдим.

***

116. ҚУВҒИН

Абдулатиф подшоҳ отасини қатл қилдиргач, бор-йўғи олти ой тахтда ўтиради. Мирзо Улуғбек Самарқанддан ташқарида сўйилган бўлса-да, лекин "Гўри Амир"га келтириб дафн этилади. Абдулатиф эса кўчада қолади (эҳтимол, илгари мозор бўлгандир, аммо Шўро замонида унинг қабри кўчанинг бир четида мунғайиб турганини кўп бора кўрганман).

Демак, қотил подшоҳ олти ойдан ортиқ тахтда ўтирмайди: ё тож-тахтдан воз кечади, ёки боши кетади. Самарқандда шунақа гап юрарди, шунақа ирим бор.

Ман ҳам отни қамчилашим даркор.

Радий Фиш қандайдир сеҳрли қудратга эга эди. Тарафдорлари ўн-ўн бештадан ошмайдиган уч юз кишилик парламантни бемалол изнига бўйсундиради. Мани сақлаб қолади. Бўлмасам, шу тобда Чиғатой қабристонида ётган бўлардим (ўшани насиб қилса). Юзминг кишилик аламзада талабаларни ҳам ҳовуридан тушириб, уй-уйига тарқатиб юборади.

Бўлиб ўткан воқеалардан Юртменистонда манинг ҳокимиятимга хавф соладиган реал битта куч бор - у Радий Фиш, деган хулоса чиқардим. Парламант аъзоларини битта-битта синдираман, талабаларни келган жойига жўнатиб юбораман, бақир-чақир қиладиган халқни мардикор (гостербайтер) қилиб хорижга ҳайдайман. Радий Фишни нима қилсам экан? Унинг яқин дўстларини битта-битта ёнимга олдим; ёнимга келмаганларига амал бердим, хизмат машинаси тайинладим, ҳукумат касалхонасида муолажа оладиган этиб қўйдим, ишқилиб, ҳаммасининг овозини ўчирдим, овози ўчмаганлар Юртменистондан бош олиб чиқиб кетди.

Радий Фиш эмоционал-ҳиссиётчан йигит, у ўзининг ҳис-туйғуларини бошқара олмайди. Туйғуга берилиб шошилинч қарор қабул қилиб қўйганини ўзи ҳам билмай қолади. Кейин пушаймон қиладими-йўқми, у ёғини билмайман-у, бироқ бирдан пов этиб ёниб кетади. Аста-секин уни жонидан тўйдиришим керак. Ўз хоҳиши билан сиёсий майдонни ташлаб чиқиб кетишга мажбур қилишим лозим. У сиёсатдан четлаштирилса, ман ўзим хоҳлаганимча Юртменистонда ҳукмронлик қилишим мумкин. Эҳтимол, умримнинг охирида ўзимни қирол деб эълон қиларман, ўлигимни Ленин ва Мао боболар каби ойнаванд мақбара остига дафн этишларини васият қиламан. Ўрнимга ҳам ўзим истаган меросхўримни қолдириб кетаман. Амир Темур ўзининг меросхўри этиб невараси Муҳаммад Султонни тайинлаган экан. Афсус, Муҳаммад Султон йигирма етти ёшида оғир касалга чалиниб вафот этади. Агар Муҳаммад Султон ўттиз-ўттиз беш ёшларида тахтга ўтириб, саксон йил яшаб, 1450 йилгача темурийлар салтанатини барча синовлардан омон-эсон олиб ўтганида борми, кейин бу салтанат бемалол супердавлатга айланиб кетиши мумкин эди. Усмонлилар давлати ҳам икки юз йилдан сўнг Оврупани зир титратадиган суперсалтанат бўлади. Биринчи Пётр асос солган Рус давлати уч юз йил ҳукм суриб, ҳамон Оврупа билан Осиё орасида семизқурт каби тўлғаниб ётибди... Ман барпо этадиган салтанат ҳам энг камида яна юз йил Марказий Осиёнинг бўғзига тиқилиб қолган суяк мисоли бутун дунёни безовта қилиши лозим. Токи бу суякни бемалол ютиб ҳам бўлмасин, уни туфлаб юборишнинг ҳам иложи топилмасин...

Унга Бош вазир лавозимини таклиф этдим. Яна тўртта вазирликка ҳам ўз одамингизни қўясиз, дедим.

- Қайси вазирликларни манга бермоқчисиз? - деб сўради Радий Фиш оёқ устида парламант мажлисидан сўнг тасодифан учрашиб қолган чоғимизда.

- Маданият вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, Маориф вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги... - деб бармоқларимни буклаб, синчалоғимга тикилиб турсам, у индамасдан орқасига қайрилиб жўнаб юборса бўладими!

Шотирларим кўзларини қаерга яширишни билмайди. Ҳамма хижолат чекади. Ман мулзам бўлганимни билдирмасликка ҳаракат қиламан. Энди Радий Фиш билан муроса қилиб бўлмаслигини ич-ичимдан ҳис этдим. Ғишт қолипидан кўчган эди. Энди йўлларимиз айрилади.

Боя ман санаб кўрсатган вазирликлар, бир тийинга қимматлигини ўзим ҳам биламан. Улар бошқарув сиёсатига ҳеч қандай таъсир кўрсата олмасди. Ҳатто Бош вазир ҳам Юртменбошининг доим калтак еб юрадиган хунук хотинига ўхшарди. Шу пайтгача нечтасини эски пайпоқдек алмаштириб ирғитиб юборганимни Радий Фиш жуда яхши биларди. У йиртиқ пайпоққа ўхшаб қолишни асло истамади; агар Бош вазир бўлса, энг камида Миллий хавфсизлик хизмати билан Ички ишлар вазирлиги бевосита битта ўзига бўйсунишини истарди. Унинг талабини ман қабул қила олмасдим, талабига кўнсам, ўзимнинг оёғимга ўзим болта урган бўлардим.

Ҳартомонлама сиқувга олинади Радий Фиш. Партиясининг юзминг нусхада чоп этиладиган газетаси ҳар хил баҳоналар билан босмахонада тутиб қолинади, ўз вақтида обуначиларга етиб бормайди, сотувга ҳам вақтида чиқарилмайди. Парламант мажлисларида унга сўз берилмайди, сўз олса, бемалол гапиришига йўл қўйилмайди - депутатлар полни тепиб тўс-тўполон кўтаради. Бундан ташқари, қариндош-уруғларини хавфсизлик хизмати ходимлари гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона таъқиб эта бошлайди; мактабга бориб келадиган болалари ҳам муттасил кузатув остига тушади. Партияси жойлашган бинонинг ижара ҳақи бирданига тўрт баробар ошириб юборилади; электр токи узиб қўйилади.

Охирги Парламант мажлисида Радий Фиш қайта-қайта сўз сўрайди. Парламант раисига (парламант у пайтларда "Олий Мажлис" деб аталади) оғзаки ҳам ёзма равишда мурожаат қилади. Тоқати тоқ бўлгач, депутатлик гувоҳномасини боши узра баланд кўтариб минбар томон шаҳдам одимлаб кела бошлайди. Табиатан қўрқоқ бўлган Парламант раиси жавдираб манга қарайди: "Нима қилай?" деб сўрайди шивирлаб. Қўлимни "крест-хоч" этиб кўрсатаман: "Танаффус эълон қилиб юбор!" дейман. Навбатдаги депутат сўзга чиқиш учун минбар томон яқинлашаётган бўлса ҳам, биз ўрнимиздан туриб ичкарига йўл оламиз.

- Танаффус! Ўртоқлар, танаффус! - деб қичқиради гулдурак товушли раис.

Радий Фиш минбарга яқинлашиб қўлидаги гувоҳномани бизга қаратиб ирғитиб юборади.

- Манга сўз бермайдиган парламантнинг депутати бўлишни истамайман! - деб қичқиради жизғанаги чиқиб.

Радий Фиш депутатлик гувоҳномасини ирғитиб юборганини телевидение жонли кўрсатувда бутун мамлакат бўйлаб намойиш этади.

Ўшандан сўнг Радий Фиш парламантга қайтиб қадам босмайди.

***

117. СУВЮҚМАС

Афт-ангоримни ўзгартириб, иягимга соқол ёпиштириб Хорун ар-Рашид қиёфасида шаҳар кезиб юрган чоғларимда тиланчиларга ҳам дуч келаман. Албатта тиланчига хайр-садақа бераман. Лекин ҳаммасига эмас. Дастлаб, мундоқ чамалаб кўраман: хайр-садақага муносибми-йўқми? Ўзи сурбет эмасми? Чиндан ҳам садақага муҳтожми? Садақа беришни лозим топсам орқамдан изма-из келаётган адютантимни имлаб хилватроқ жойга чиқамиз; ундан пул олиб қўйнимни тўлдираман, чўнтакларимга тиқаман. Сўнг ўзим мўлжаллаб қўйган тиланчини излаб топиб садақа бераман. Гоҳида айрим сурбет тиланчилар орқамдан эргашиб бир чақирим жойгача таъқиб этиб боради. Унга бир сўм ҳам бермайман деб аҳд қилиб қўйганимни билмайди.

- Бир сўм тугул, ошно, бир тийин ҳам бермайма-ан! Болали хотин бўлсанг ўзингга!

-Э-э, беттинг кўчсин! - деб қарғаб-қарғаб орқасига қайтади боёқиш.

Ҳар йили мустақиллик байрами арафасида одамларга мукофот бераман. Август ойининг иккинчи ярмида зиёлилар даврасида жонланиш содир бўлади: қани кўрайлик-чи, ким нима олар экан?..

Ўн беш йил олдин ман ёзган китобларни халқ онгига сингдирадиган "Руҳоният" тарғибот маркази барпо этган эдим. Марказ қошида ҳар ҳафтада бир марта чиқадиган ижтимоий-фалсафий, маънавий-маърифий жарида таъсис этилди. Унга йўриғимга йўрғалайдиган ҳисоралик Жонсарак Мирзони Бош муҳаррир этиб тайинладим. Буюртма бўйича Боймирза Ҳайит билан Вали Қаюмхонга қарши мақола ёздириб кўрдим. Яхши ёзди. Шу қадар яхши ёздики, ҳатто Боймирза Ҳайитга ҳам маъқул бўлади. Мақола муаллифи кейинчалик Мюнхенда Боймирза бобо билан учрашади. "Ман сиздан хафа эмасман, фақат собиқ коммунист қандай қилиб мустақил Юртменистонга беталофат раҳбарлик қилиши мумкинлигига Сиз каби қатъиян ишона олмайман, бу борада кўнглимда катта иштибоҳ бор", дейди ярамас чол.

Жонсарак хурсанд бўлсин деб унга "Юртменистонда хизмат кўрсатган журналист" унвонини бердим. Бу унвон унга камлик қипти; алкаш шоир имзо чеккан тавсияномани ҳар йили ҳузуримга киритади. Учинчи марта тўлдирилган тавсияномага дуч келдиму Пароканд Мирзога: "Бўпти, Жонсаракка айт, мустақиллик меъморини мақтаб "Товушқонлар товуши"га бир саҳифа мақола ёзиб берсин. Ўшандан кейин унга Халқ ёзувчиси унвонини бермаган ҳам номард!" дедим. Фармонга имзо чекиладиган кунгача "Товушқонлар товуши"ни кузатиб бордим. Билардимки, агар Жонсарак буюртма бўйича астойдил мақола ёзса, кифтини келтиради - ҳаммани қойил қолдиради. У анави Шалтоқ шоирга ўхшаб бир қозон сўз бўтқасини саҳифага чаплаб ташламайди. Аксинча, заргар мисоли ҳар бир сўзни жой-жойига ўрнаштириб чиқади. Фармонга имзо чекиладиган куни Парокандни чақириб: "Жонсаракнинг мақоласи қачон эълон қилинади?" деб сўрадим. Жавоб бериш ўрнига Пароканд мўйловининг бир учини ямлаб индамай тураверди.

- Гапир, нега индамайсан?

- Айтсам - тилим, айтмасам - дилим куяди.

- Айт, бир қошиқ қонингдан кечдим.

- Жариданинг ҳар сонида эълон қилинаётган материалларнинг саксон фоизи мустақиллик меъморини улуғлашга бағишланади. Жаридага ман имзо чекаман. Демак, ўша материаллар ҳаммуаллифи ман бўламан. Яна қанақа мақола ёзишим керак? Ойимсупурги раҳбарлик қиладиган деворий газетага бир сатр ҳам мақола ёзмайман. Майли, "Товушқонлар товуши"га бошқа номусли бирор киши раҳбар этиб тайинлансин, ундан кейин ҳамкорлик тўғрисида ўйлаб кўраман... - деди.

- Айнан шундай дедими?

- Ҳа, айнан шундай деди.

- Унвон керак эмасмикан?

- Керак деяпти. Агар шу унвонни олсам, ҳеч бўлмаса, қудаларим хурсанд бўларди, дейди, ўзимга қолса, эртага дўст-душман олдида ўсал бўлмаслик учун ўша зармондани олмаган бўлардим, дейди.

- Бўпти, - деб жилдтахламни Парокандга қайтариб бердим, - сейфингда тура турсин. Унвон керак бўлмаса, нима учун эшикма-эшик юриб еттита идорадан, еттита оқсоқолдан тавсиянома тўплаган? Ҳатто марҳум Ғойиб Аҳмаддан ҳам тавсиянома ёздириб қолган экан-ку! Қиз-зиқ...

Пароканд жилдтахламни қўлтиғига қисиб индамай хонадан чиқиб кетди.

Шундан кейин сичқон-мушук ўйини бошланди. Мана, етти йилдирки, Ёзувчилар уюшмасидан унвонга тавсия этилган адиблар рўйхатининг бошида албатта Жонсарак Мирзонинг шахсий делоси туради. Ман энди ҳеч нарса демай жилдтахламни четга суриб қўяман. Агар бирор гап айтсам, гапимни Жонсарак албатта эшитади. Пароканд чақимчилик қилмаса, деворнинг ҳам қулоғи бор. Шу боис лом-мим демайман. Индамасам юраги торс ёрилгудек бўлишини биламан.

Кейинги йилларда Жонсарак Мирзо янги ҳунар ўйлаб топди: жаридасининг муқаддимасида "Бош муҳаррир минбари" деган рукн таъсис этиб, ўзи босим жажжи памфлет ёзадиган бўлди. Памфлетда жўяли гаплар айтилади ва албатта манинг томорқамга бир-иккита майда кесак ҳам отиб қўяди. Одамлар жариданинг ўша памфлетларини қўлма-қўл ўқийдиган бўлди, нусха кўчириб кўпайтириб олишади. Ростини айтсам, Жонсаракнинг памфлетлари ўзимга ҳам ёқар эди. Ўқиб мазза қилардим. Аммо одамлар нима дейди? Устимдан кулмайдими одамлар?

Парокандга ишора қилдим: ё памфлет ёзишни бас қилсин, ёки дамини олсин!

Памфлет ёзишни бас қилди. Ўйлагандимки, Жонсарак шартаки йигит, бор-э, деб ўзи ташкил қилиб, ўн беш йилдан буён бошқараётган жаридани ташлаб кетади. Ташлаб кетса, қойил қолардим. Эҳтимол, байрам келишини кутиб ўтирмасдан махсус фармонга имзо чекиб уни Халқ ёзувчиси унвони билан сарафроз этардим. Қаёқда! Мансаб ширин экан. Фақат хизмат машинасидан, ҳукумат касалхонасидан айрилиб қолишдан қўрқдимикан? Одамларнинг назаридан қоламан деб ўйладими? Билмадим. Йўқ, билмадим десам, ёлғон гапирган бўламан: у ўн беш йил давомида меҳнати сингган, кўзининг нурини берган жаридани ташлаб кетишни хаёлига келтира олмайди. Ман ҳам ўзим мустақиллигини эълон қилиб, йўқ жойдан барпо этганим мамлакатни валиаҳдимга ташлаб кетишни ўйлай бошласам, тонглар отиб кетади, кунлар кеч бўлади.

- Пароканд, сани Жонсаракнинг ўрнига юборайми? - дедим бир куни.

- Эплолмасам керак, - деди ерга қараб.

- Нега эплолмайсан?

- Авторлар контингенти манинг дидимга тўғри келмайди, улар билан тил топиша олмайман. Авторлар контингенти йўқотилса, жариданинг қиёфаси бутунлай ўзгариб кетади.

- Тўғри айтасан. Майли, Жонсаракнинг ўзи ишлайверсин, жарида унга боласидек азиз бўлиб қолган. Фақат қайсарлик қилишни қўйса, нур алан нур бўларди.

- Қайсарлигини қўймайди, - деди Пароканд.

- Унинг қайсарлиги қаҳрамонлик эмас. У сувюқмас йигит.

- Ҳм-м... - деб қўйди Пароканд.

Ман ўша оқшом Абдулла Қаҳҳорнинг "ён дафтари" билан танишган эдим. У Шароф Рашидов тўғрисида: "Ўзини зўр ёзувчи ҳисоблайди, ўз оғзи билан эмас, лаганбардорлари оғзи билан мақтанади", деб ёзади. Жонсарак эса лаганбардорлар оғзи билан мани мақтайди, албатта у ҳам ўзини зўр ёзувчи ҳисобласа керак.

Хоҳ ўзининг, хоҳ бировнинг оғзи билан лаганбардорлик қиладиган одам асло зўр ёзувчи бўла олмайди. Ёзувчининг зўрлиги фақат унинг ҳалоллиги билан белгиланмайди, асосий мезон - шижоат!

"Агар сен ҳақиқатни айтгани амалингдан қўрқсанг, ёш жоним бор десанг, қўй, ман гапирай, манинг амалим йўқ, ёшим ҳам бир жойга бориб қолган. Сен тескари қараб тургин, ман айтай!" (Абдулла Қаҳҳор)

118. РАДИЙ ФИШНИ КИМ ТУТИБ КЕЛАДИ?

Радий Фиш ўз ихтиёри билан Юртменистондан чиқиб кетди. Қозоғистон орқали кетган, дейишади. Манимча, Туркманистонга ўтиб, Ҳазар денгизи орқали Бокуга бориб, кейин Тифлисдан Трабзонга борган бўлса керак. Ёки бўлмасам, Олмаотадан Москвага бориб, кейин Мюнхенга кетган кўринади; чунки тез орада "Озодлик" радиосида пайдо бўлиб қолди (радионинг туркиялик ходими Чақатой Кўчарнинг хонадонида уч кун пивохўрлик қилиб ётганини кейинчалик Чақатой Истанбулдаги консулимизга гуллаб қўяди).

Радий Фишдан бу қадар осон қутиламан деб сира ўйламаган эдим. Ҳамма иш хамирдан қил суғургандек силлиқ кўчди. Яна бир ишора қилган эдим, унинг бола-чақасини ҳам мамлакат ҳудудидан ташқарига чиқариб ташлашди. Битта укасини қамоққа тиқдим; илгари Радий Фишнинг соясига салом бериб юрадиган Ғаффорқул деган битта тентак қўшниси "Ман акамдан воз кечдим" номли мақола ёзиб "Туркистон" газетасида укаси номидан эълон қилиб юборди. Мақола чоп этилгач, бадном этилган йигитни ҳам бола-чақаси билан бадарға қилдик.

Мухолифатнинг гапга кўнмайдиган депутатлари битта-битта териб олинди. Бошқаларга ўрнак бўлиши учун тўрт-бештаси тергов жараёнида уриб ўлдирилди, лекин ўзини осиб ўлдирди деб акт тузилиб, жасади эгаларига қайтариб берилди. Яна тўрт-бештаси намойишкорона суд қилинди, суд пайтида Радий Фиш шаънига бўҳтон қилган мухолифат вакиллари афв этилиб, озодликка қўйиб юборилди (кейинчалик бошқа айблари учун яна қамоққа олиниб, ноқулай гувоҳ бўлгани сабабли жисман... у ёғи тушунарли). Ўзи танлаган йўлдан қайтмаган "қайсар эшаклар" эса (Мурод Жўра, Мамадали Маҳмуд каби) умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилади. Мухолифат вакиллари бир сидирға териб олингач, қолган-қутгани эсининг борида чет элларга жуфтакни ростлайди. Чет элларга кетишни истамаганлари "иккинчи тозалов" жараёнида йиғиштириб олинади; улар орасида қўрқоқлар бўлса, матбуотда ёки телевидениеда тавба-тазарру қилса (Шоди Каримов, Содиқ Йигиталиев...), жиноий жавобгарликка тортилмасдан шунчаки бир четга суриб қўйилади.

Энди оёқни узатиб бемалол яшайман десам, ҳар хил халқаро ташкилотлар кўзимни очирмай қўйди: Юртменистонда мухолифат йўқ, мухолифат вакиллари қамоқда ёки чет элларда қочиб юрибди... Юртменбоши диктатор! У демократиянинг душмани... Агар дунёвий мухолифат маҳв этилса, унинг ўрнини муросасиз диний мухолифат эгаллаб олади, кейин туяни шамол учиради, эчкиларни-ку осмонда кўрасан...

- Оббо, нима қилмоқ керак?

- Радий Фишни Юртменистонга қайтариб опкелиш керак.

- Нима-нима?! Икки дунёда ҳам уни Юртменистонга қайтариб опкелмайман, фақат манинг жасадимни ҳатлаб ўтсагина, Юртменистонга келади!

Қаттиқ туриб олдим. Хўжаларим ҳам қаттиқ туриб олди. Охири узоқ маслаҳатлашиб ўрта йўлни танладик: уч-тўртта ваколатли вакил Радий Фиш ҳузурига жўнатилади, улар учрашади, манинг талабларимни унга етказишади, унинг талабларини манга етказишади, сўнг сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган битта вариант танланиб, Радий Фиш Юртменистонга қайтади...

Сопини ўзидан чиқардим. Ёшлик чоқларида сирдош бўлган, ҳатто қалин муқовали илк китобини "дўстим Радий Фишга бағишлайман" деб чоп этган Яхшибой Ошнони девонга ишга олиб, кўпдан бери синовдан ўтказиб совутиб юрган эдим. Уни ҳузуримга чақирдим. Қаламкаш - унинг янги лақаби ҳам тахаллуси эди.

- Нимага чақирганимни Пароканд Мирзо билмасин, ҳайми? - дедим.

- Ҳай, - деди.

- Бирорта жўяли баҳона топиб, уни алдаб қўяқолинг...

- Ҳай.

- Гап бундай, оғайни, Эркин Муҳаррирни ҳам ёнингизга олиб, ман сизларга Фарҳод Рўзадор Хотинбозни ҳам қўшиб бераман, зудлик билан АҚШга учиб кетасизлар. У ерда элчи кутиб олади, керакли жойга ўзлари кузатиб қўяди. Эйзенхауэрнинг (у иккинчи жаҳон урушидан кейин АҚШнинг президенти бўлган зот) уммон бўйидаги чорбоғида Радий Фиш билан учрашасизлар.

- Радий Фиш? У ўлиб кетмаганми?

-Ўлмаган! Ўлмай қийнаяпти одамни...

-Танимабман, Румийни ёзган жуҳудми, ахир?

-Ўзингни гўлликка солма, овсар, танийсан, жуда яхши танийсан! Қизўртоқларинг, найнов-да... Хуллас, кўришасизлар, йигитлик чоғларингни эслайсизлар, еб-ичасизлар... Гапнинг пўст калласи, эски ўртоқларингни Юртменистонга қайтишга кўндиришларинг керак. Хоҳласа, унга парламант раислигини топшираман ёки Бош вазир бўлиши мумкин... Хўш, қалай?

Яхшибой Ошно башарамга қараб бақрайиб қолди.

Ҳақиқий отини айтишдан чўчигани билиниб турарди. Сўнгра:

-Ҳа, уми? Ҳазиллашманг, - деди эшитилар-эшитилмас.

Олдига самолёт чипталарини ташладим: ўзи билан Эркин Муҳаррир ва Фарҳод Рўзадор Хотинбоз номига харид қилинган чипталарни кўздан кечириб, ўзини креслога ташлади ва уф тортиб юборди.

- Уни ўлдирасизми? - деб сўради.

Кулиб юбордим.

- Ўлдирадиган бўлсам, оғайни, сизларни эмас, профессионал киллерларни жўнатган бўлардим. Ман у билан ҳамкорлик қилмоқчиман. Соғлом жамиятда соғлом оппозиция бўлиши керак.

- Шунақа эканини олдин билмасмидингиз? - деди Яхшибой Ошно ишонқирамай.

- Ман қайдан билай! Илгари демократик мамлакат барпо этиб кўрмаган бўлсам! Хуллас, уни Юртменистонга қайтишга кўндирасизлар, ҳар қандай шартига рози бўласизлар. Музокара пайтида (албатта, норасмий музокара бўлади) ора-орада телефон орқали ман билан боғланиб турасиз... Агар уни опкелсангиз, оғайни, Эркин Муҳаррир билан сизга Юртменистон Қаҳрамони унвонини бераман... - Кулиб ўрнимдан турдим. Яхшибой Ошнонинг елкасига қоқиб, остонагача кузатиб қўйдим.

Улар АҚШга учиб кетди. Келишувга кўра, холис халқаро кузатувчилар иштирокида Эйзенхауэрнинг уммон бўйидаги чорбоғида учрашув ташкил этилади. Бир ҳафта давомида улар гўё коммунизмда яшайди: ариқларда шарбат оқади, ҳур-ғилмонлар атрофида парвона бўлади ва ҳоказо. Радий Фиш узил-кесил жавобни Мюнхен аэропортида бераман деб Олмонияга учиб келади. Уч кундан сўнг улар ҳам Мюнхенга учиб келади. Ҳаво майдонида Яхшибой Ошно билан Радий Фиш қучоқлашиб кўришади ва иккови қўлтиқлашиб бир четга боради-ю, бирдан сўкишиб кетади, бир-бирини ҳақорат қила бошлайди ва иккови икки томонга ажралиб кетади. Радий Фиш орқадан: "Ҳой, жинни, тўхта!" деб қичқириб қолади. Эркин Муҳаррир ҳайрон, Фарҳод Рўзадор ҳайрон... Ҳув нарида турган элчи ҳам ҳайрат бармоғини тишлаган...

Юртга қўли бўш қайтган Яхшибой Ошно сафар ҳисоботини бераётиб: "Сизнинг шаънингизга тўғри келмайдиган сўз айтди, - деди. - Юртменбоши мунофиқ одам, у риёкор, деди, ман ўзимни тутолмай қолдим, Фишнинг башарасига тарсаки тортиб юбордим!" деб бирдан мани қучоқлаб йиғлаб юборди.

Ўша пайтда Яхшибой Ошнонинг гапларига лаққа ишонган эдим, кейин у мани лақиллатганини нохос англаб қолдим. Афсус, энди кеч бўлган эди. Чамамда, Радий Фишни алдаб-сулдаб чақириб олиб, кейин бадном қилиб йўқотиб юбормоқчи бўлганимни Яхшибой Ошно сезиб қолади ва Мюнхендаги ҳаво майдонида (элчининг кўз ўнгида) ошкора томоша кўрсатади.

Давоми бор

Алоқадор мавзулар