Адабиёт: Набижон Боқий. Юртменбошининг хотира дафтари-15

Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy
Image caption Набижон Боқий Сталин қатағонларига доир "Қатлнома" ҳужжатли қиссаси муаллифи.

Юртменбошининг хотира дафтари

Давоми

Қамоқда ётган қайсар диндорларнинг хотинлари, бўйи етиб қолган қизлари, мўлжалимга кўра, фоҳиша бўлиб кетиши керак эди. Ёппасига фоҳиша бўлмаса, эллик фоизи бузилиб кетиши лозим эди. Бироқ, натижа ман кутгандек бўлмади.

119. ПАЙҒАМБАР ЭМАСМАН, ЛЕКИН...

Қамоқда ётган қайсар диндорларнинг хотинлари, бўйи етиб қолган қизлари, мўлжалимга кўра, фоҳиша бўлиб кетиши керак эди. Ёппасига фоҳиша бўлмаса, эллик фоизи бузилиб кетиши лозим эди. Бироқ, натижа ман кутгандек бўлмади. Иноят Махсумга дарҳол суриштирув ўтказиш тўғрисида топшириқ бердим:

- Объектив ва субъектив сабаблари аниқлансин! - дедим. - Телевизорда фақат ёлғон гапиришади, матбуотда ҳам фақат ёлғон гапларни ёзишади. Лекин сан манга тўғрисини айтасан, ростни айтасан! - дедим столни муштлаб. - Агар ёшликдаги кучим бўлганида, бола, ҳозир тумшуғингга боплаб туширган бўлардим.

Кафтимга тупуриб, муштумимни тугиб Иноят Махсумнинг тумшуғига тираб туриб тишларимни ғижирлатдим. Иноят Махсум киприк қоқмасдан қаддини ғоз қилиб тураверди. Бирдан меҳрим товланиб кетди, унинг юзларини силадим, елкасига қоқиб қўйдим, шундан кейин Иноят Махсум киприк қоқди, лаблари ўз-ўзидан қийшайиб кетяпти. Қарасам, кўзларида ҳалқа-ҳалқа ёш пайдо бўпти.

- Кечирасиз, - деди паст товушда. Товуши хиёл титрарди. - Бир қошиқ қонимдан кечинг, ҳаммасини уч кунда тўғрилайман...

- Майли, бор, ман санга ишонаман, - деб изимга қайтиб креслога ястаниб ўтириб олдим.

"Маърифат" газетасини очсам, Қайипназар Тўлакнинг "Пайғамбаримизни асрайлик" номли бир саҳифали эссеси эълон қилинибди. Ғам-ташвишларни унутиб, эссени астойдил мутолаа қила бошладим.

"Ҳозир ман сизларга ҳаж сафари чоғида эшитганим бир тарихий воқеа тўғрисида гапириб бермоқчиман. Уҳуд жанги бошланиши арафасида ислом лашкари тоққа чиқиб кофирларга қарши юзма-юз бўлиб саф тортади. Ислом аскарининг чап тарафида бир торгина дара-йўлак бор эди. Ҳазрати Расули алайҳиссалом жанг қизиган пайтда кофирлар шу дарадан ҳужум қилмасин, деган мулоҳаза билан Абдуллоҳ ибн Жобир бошлиқ 50 нафар камончини даранинг бошига қўйиб, амр қилдиларким, "Шу жойдан қимирламанг, душманга дарадан йўл берманг!" Жанг чоғи кофирларнинг лашкарига хийла шикаст етади, буни кўрган камончилар Пайғамбарнинг буйруғини эсидан чиқариб, мағлуб бўлаётган душманнинг мол-мулкини талон-тарож қилишга киришиб кетади. Бу манзарани олисдан кузатиб турган ғаним дарҳол 200 суворийси билан ўша дарадан ўтиб Абдуллоҳ ибн Жобирни шаҳид қилиб, мусулмонларга ҳужум уюштиради, натижада ислом лашкари шикаст топади. Саҳобалар бу фалокатни кўриб: "Аллоҳ бизга нусратни ваъда қилган эди. Бизникилар нега мағлубиятга учради?" дея бошлайди бир-бирига. Уларнинг гапларига жавоб тариқасида қуйидаги оят нозил бўлади: "Вақтики, Уҳуд кунида, Бадр кунида кофирларга етган мусибат сизга етди, сиз бир-бирингизга, бизга бу мусибат қаердан етди, дедингиз. Айт, эй Муҳаммад, бу мусибат сизга ўзингиздан етди, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир". Шу оятдан англашиладики, бизнинг хор-зор бўлишимизга ўзимиз сабабчимиз, биродарлар. Чунки ўз замонасида айрим мусулмонлар Пайғамбаримиз кўрсатмаларини бекамикўст бажаришни қандай қилиб (нафсга берилиб) эсидан чиқариб қўйган бўлса, биз ҳам Юртменбошимизнинг йўл-йўриқларини кўп ҳолларда эсимиздан чиқариб қўймоқдамиз. "Сенга етган яхшилик Аллоҳдандир, мусибат эса ўзингдан", дейилади Қуръони каримда. Яъни, айрим оилалар бошига тушаётган мусибатларга ўша оиланинг ўзи сабабчидир, кимнинг хонадонига қут-барака ёғилаётган бўлса, унга Юртменбошимиз сабабчидир. Юртменбоши - шу замоннинг пайғамбаридир десам, менимча, бу фикримни кўпчилик қўллаб-қувватласа керак. Биз ўзимизнинг пайғамбаримизни асрамоғимиз лозим. Яшасин, охирзамон пайғамбари - Юртменбошимиз!"

Газетани ёпиб стол четига ташладим. Билдим, Пароканд Мирзо атайлаб шу газетани столимнинг устига қўйиб чиқиб кетган: Қайипназар Тўлакнинг эссесини ўқисам, ич-ичимдан хурсанд бўлишимни у билган. Ҳа, тўғри, хурсанд бўлдим. Бироқ, ман пайғамбар эмасман, буни ўзим ҳам биламан, бошқалар ҳам билади. Лекин... Оббо, лаънати Қайипназар-эй! У манинг қитиғим қаердалигини яхши билади: Совет тузумининг охирги йилларида Москвада халқ депутатларининг йиғинларида баъзан ёнма-ён ўтириб қолардик, гапимиз гапимизга қовушиб, соатлаб суҳбатлашардик, нозик мавзуларда пичир-пичир қилиб фикр алмашардик. У пайтларда ман бор-йўғи битта вилоятнинг омонат раҳбари эдим, холос. Юртменистондан депутатликка сайланган аксарият халқ ноиблари ман билан зўрға қўл учида сўрашарди, Қайипназар оға эса аввал-бошдан иззат-ҳурматимни ўрнига қўярди... Осмондан чалпак ёғиб, мутлақо кутилмаганда Юртменистон раҳбари бўлиб қолдим, яна кутилмаганда мустақил ҳукмдор мақомига ноил бўлдим. Қайипназар оғани дарҳол фахрий маслаҳатчилар сафига қўшиб олдим. Тунов куни хуфяларим жўнатган чақувномаларни кўздан кечириб ўтирсам: "Қайипназар Тўлак бир гуруҳ ижод аҳли орасида, "Юртменбошини охирзамон пайғамбари деб эълон қилиш керак. Агар ким мана шу гапни биринчи бўлиб айтса, ўша одам Юртменистон Қаҳрамони бўлади. Чунки Юртменбоши ўзини пайғамбар деб аталишини жуда-жуда истаяпти. Лекин айтолмаяпти. Мен унинг кўнглида нима борлигини яхши биламан", деди. Тез кунларда Қайипназар Тўлак матбуотда Юртменбошини пайғамбар деб эълон қилиб юбориши мумкин. Бу воқеага мусулмонлар қандай қарайди? Мусулмонлар Қайипназар Тўлакни муртад, деб эълон қилмайдими?" деган парчага дуч келган эдим. Мана, Қайипназар оға ижодкорлар орасида синовдан ўтган фикр-мулоҳазаларини жуда чиройли қилиб ёзиб чиқибди. Ён дафтаримга: "Бу йил мустақиллик байрами арафасида Қайипназар Тўлакка албатта Юртменистон Қаҳрамони унвони берилиши керак!" деб қайд этиб қўйдим.

Кўнглим хийла равшан тортди.

Тушдан кейин мириқиб ухлаб олдим. Уйғониб ҳовузда чўмилдим. Зўр иштаҳа билан овқатланиб, боғ сайрига чиқдим. Теракзор оралаб юрсам, орқа тарафдан бировнинг томоқ қирганини эшитдим. Қарасам, Иноят Махсум қаппайган қорнига қўлларини қўйиб, ўзини муте кўрсатиб, хижолатомуз жилмайиб турарди.

- Нима гап? - деб ёнига бордим.

- Аниқладим, - деди. - Эрталабки топшириғингиз бажарилди.

- Хўш-хўш?

- Қамоқда ётган диндорларнинг хотинлари, бўйи етган қизлари ёппасига фоҳиша бўлиб кетмаётганига сабаб, биринчидан, аксарият диндорлар жоҳилият даврида (яъни, Шўро замонида) олган хотинларини қўйиб, омон-омон замонда ўз хоҳишига кўра муслима бўлган қизларга уйланган экан. Иккинчидан, Қўқонга (бошига мусибат тушган оилаларга) Андижон билан Ўш моддий ва молиявий томондан ёрдам беряпти...

- Аҳ, ҳали шунақами?! Ўзим ҳам шунақа бўлса керак деб ўйлаган эдим! - дедим тишларимни ғиширлатиб. - Шошмай турсин, Андижонни ҳам, Ўшни ҳам тавбасига таянтираман! Ҳали 1990 йилдаги Ўш-Ўзган воқеалари ҳолва бўп қолади: шунақаям кўркам томоша уюштираманки, бай-бай, бутун дунё ҳайрат бармоғини тишлаб қолади.

Иноят Махсумга раҳмат айтиб, боғ сайрини давом эттирдим. Пайғамбар эмасман-у, лекин баъзан каромат қилсам, юз фоиз тўғри бўлиб чиқади.

***

120. ТИЖОРАТ

Эски китобларда, бараканинг ўндан тўққиз қисми тижоратда бўлади, дейилган экан. Ман малакали экономист-иқтисодчи сифатида ўша гап юз фоиз тўғри эканини тасдиқлайман. Ва яна айтаманки, деҳқоннинг косаси ҳеч қачон оқармайди, ҳеч қачон деҳқоннинг бири икки бўлмайди. Деҳқоннинг номини "фермер" деб қўясизми, "агросаноат ходими" деб қўясизми, бундан қатъи назар, моҳият ўзгармайди - деҳқоннинг косаси ҳеч қачон оқармайди. Нима учун?

Деҳқон хомашё етиштиради. Хомашёнинг таннархи, айтайлик, 1000 сўм бўлади. Деҳқон хомашёни 2000 сўмга сотиб, борингки, 1000 сўм фойда қилади. Хомашё деганда полиз ва сабзавот маҳсулотлари назарда тутилса - битта масала; ҳартугул, бундай маҳсулотлар тўғридан-тўғри харидор қўлига етиб бориши мумкин. Деҳқон уч-тўрт баробар ҳам фойда қилиши мумкин. Аммо ҳеч қачон ўн баробар фойда қилолмайди. Масалан, ўрикдан ўн баробар фойда қилиш учун ўрикни энг камида Эрон, Туркия, Болгария, Италия орқали олиб ўтиб, Швейцария супермаркетларида сотиши керак. Бир кило ўрик Швейцарияда 12 франк (қуввати еврога деярли баробар) туради. Ички бозорда эса 2000 сўмдан (яъни, 1 франкдан) ошмайди. Ўрикнинг килосини 12 евродан сотиш учун деҳқон замонавий нақлиёт воситасига (музлатгичли усти ёпиқ юк машиналари) эга бўлиши керак. Бундан ташқари, халқаро қонун-қоидаларни (божхона, чегарага оид) беш қўлдай биладиган юридик хизмат шохобчаси хизматидан оқилона фойдаланиши лозим. Шундагина хомашёни ўн баробар қимматга сотиб, мўмай фойда қилиши мумкин. Ўн баробар фойда бир мавсум давомида кўрилади. Яъни, уч ой - бир мавсум ўн баробар фойда келтиради. Қолгани уч мавсум - тўққиз ой мобайнида ўша фойда еб битирилади. Қарабсизки, деҳқон янги мавсумга бояги боягидек, бой буванинг таёғидек икки қўлини бурнига тиқиб, тишининг кирини сўриб аранг амал-тақал қилиб етиб олади.

Юртменистон шароитида деҳқоннинг косаси оқармайди.

Хўп, деҳқон саноат хомашёси етиштиради, дейлик. Биринчи навбатда пахта назарда тутилади, албатта. Пахта енгил саноатнинг асосий хомашёси ҳисобланади. Пахта етиштирадиган деҳқоннинг ҳам косаси оқармайди. Чунки у яна-тағин "ўрик савдоси"да дуч келгани каби муаммоларга дуч келади. Агар пахтани тайёр махсулотга, айтайлик, кийим-кечакка айлантирса, ўн баробар эмас, ҳатто йигирма баробар фойда кўради. Бу фойда фақат мавсумий бўлмасдан, доимий кўриниш касб этади. Яъни, пахта хомашёси баҳордан кузгача етиштирилса ҳам, лекин уни қайта ишлайдиган саноат корхонаси йил - ўн икки ой тўхтовсиз ишлайди. Даврий жараён тўхтаб қолмайди. Бироқ, саноат корхонаси барпо этиш учун деҳқонда ҳеч қачон жуда катта миқдорда ортиқча маблағ бўлмайди. Демак, деҳқончилик фақат ишлаб чиқариш жараёнининг узвий бир қисмини ташкил этиши мумкин. Деҳқончилик билан ишга яроқли аҳолининг ўн-ўн беш фоизи шуғулланса бас, шу ўн-ўн беш фоиз деҳқонлар синфи аҳолининг ўртаҳол қисмини ташкил этади. Ўртаҳол аҳоли ҳеч қачон бойиб ҳам кетмайди, қашшоқлашиб ҳам кетмайди. Доим қора қозони қайнаб туради ва миллатнинг соғлом генофонди бўлиб қолаверади (зеро, пешона тери билан тирикчилик қиладиган одамлар ҳалол турмуш тарзини танлайди, ичкиликбозликка берилмайди, ҳар хил иллатларни оиласига яқинлаштирмайди).

Хулласи калом, биродарлар, миллатни тижоратга ўргатиш керак. Тижорат фақат савдо-сотиқ дегани эмас. Тижорат, аввало, тадбиркорлик демакдир. Тадбир - мавжуд шарт-шароитдан оқилона фойдаланиш санъатидир. Агар ўз ҳолига қўйиб берилса, одамлар тадбиркор ҳам бўлади, тижоратчи ҳам бўлади. Тўғри, ҳозирча аҳолининг фаол ҳаёт кечираётган катта қисми асосан мардикорчилик билан шуғулланяпти. Ҳалол ишлаб пул топаётган одамлар эса намозхон-мусулмонлардир. Нега бундай бўляпти? Қандай қилиб намозхон-мусулмонларни ўз томонимга қайириб олсам бўлади? Шу ҳақда кўп ўйладим. Ҳамон шу ҳақда бош қотиряпман.

Водий мусулмонлари бошимга битган бало бўлди. Уларнинг тадбиркорлиги ақл-ҳушимни шошириб қўйди. Бизга чет эллардан тўғридан-тўғри саноат маҳсулотлари киритиб бўлмайди (илгари "ЗероМакс" олди-сотди билан шуғулланарди, энди "Абу Сахий" бу ишни монополия қилиб олди). Водийликлар эса дунёнинг молини Қирғизистоннинг Қорасув шаҳарчасига келтириб, сўнг бўлтаклаб чегарадан бу ёққа ўтказади. Аввал Қозоғистоннинг Еттисув туманидан саноат моллари мамлакатга кириб келган бўлса, энди Қорасувдан ўтказиляпти. Ўшлик ўзбеклар бойиб кетди. Андижонлик ўзбекларга ҳам жир битиб қолди: бир қисми чойхоналарга танда қўйиб олган бўлса, бир қисми масжидларга ётиб олди ҳисоб. Уларда тобора биродарлик туйғуси кучайиб боряпти. Нафақат водий ҳудудида, балки бутун Марказий Осиё ўрамида бошига мусибат тушган мусулмон оиласи бўлса, дарҳол одам юбориб ҳартомонлама ёрдам қўлини чўзади (масалан, отаси қамалган мусулмон оиласининг фарзанди чет элларга жўнатилиб энг нуфузли олий ўқув юртларида ўқитилади, бўйи етган қизлари бўлса, тагли-тугли жойларга тўй-томоша қилиб узатилади, уй-жойлари таъмирлаб берилади, ишга яроқли оила аъзолари ўзига муносиб иш билан таъминланади...).

Ман бу ёқда (Қўқонда) жонимни жабборга бериб мутаассиб мусулмонларни авахтага тиқаман, оиласини пароканда этиб юбормоқчиман; уларни қамоқдан қутилиб келганидан кейин ҳам бошини кўтариб юра олмайдиган этиб қўймоқчи бўламан (яъни, хотинларини, бўйи етган қизларини фаҳш йўлларга киритмоқчи бўламан), улар эса...

Йўқ, энди бундай бедодликка чидаб бўлмайди. Водийни тиз чўктиришни Андижондан бошлайман. Андижон тиз чўкса, Қўқон ҳам ўз-ўзидан эмаклаб юрадиган бўлиб қолади (Ҳожи йигит "қора соқоллар"ни бирин-кетин тузоққа тушириб турса, уларнинг эмаклашга ҳам ҳоли қолмайди). Ундан кейин Ўшга ўтаман, онасини эмсин.

Хуллас, аҳолининг ўн-ўн беш фоизи деҳқончилик билан шуғуллана бошласа, халқнинг асосий қисми тижорат билан машғул бўлиб, тадбиркорликни ўрганиб, бойлик орттириб тўқ ҳаёт кечираётган бўлади. Тўқ одамни синдириш қийин кечади. Шунинг учун одамларнинг бойиб кетишига асло йўл қўйиб бўлмайди. Ман малакали иқтисодчи-экономист сифатида мухолифатни қўллаб-қувватлайдиган бузуқиларнинг ўндан тўққиз қисми тўқ одамлар бўлади, дейилган гапга мутлақо қўшиламан. Чунки тўқ одам мустақил фикр юритади, ўзининг мустақил фикрида собит туради. Тўқ одамларни оч деҳқонларга ёмон кўрсатиб, булари уларига олакишлаб қўйилса бўлдийди - деҳқонларнинг ўзлари уларнинг ковушини тўғрилаб қўяди. Тижоратнинг илдизига болта уришнинг энг яхши йўли - аҳолининг катта қисмини деҳқончилик билан овора қилиб қўйишдир, ҳамма қишлоқ хўжалиги соҳасига мажбуран жалб этиб турилса, тижорат ўз-ўзидан издан чиқиб кетади.

Камбағал одамларни бошқариш осон бўлади. Улар умр бўйи яхши кунларни орзу қилиб яшайверади.

***

121. ЯНА СУВЮҚМАС ҲАҚИДА

Иноят Махсум топиб келган маълумотга ишонадиган бўлсам, тунов куни Жонсарак Мирзо Ижод боғининг ўн учинчи хонасида Мумтоз муаллимга тонг отгунча шикоят қилиб чиқибди: "Нимаики ёзмайин, бошимга бало ёғилади-я! Кимни ёзибди? Нима деб ёзган? Кимга қарши? Юртменбошига тегадиган гап бормикан?.. Вой худойим-эй, энди фантастикага ўтиб кетсаммикан? Ҳожиакбар Шайховнинг бўшаб қолган ўрнини хусусийлаштириб олсам, одамлар нима дейди?.."

Гарчи бошим оғриб турган бўлса-да, адибларнинг дийдиёларини мароқ билан ўқиб чиқдим:

"Аслида, феълимиз тор, адабий муҳит ҳам бижғиб ётибди, санъат асарига ибтидоий муносабатни Чиллашир қайта тирилтирган кўринади. Чиллашир ўзини ишлаётган этиб кўрсатиш учун доим тирноқ остидан кир қидиради: фалончи фалон асарида фалон-пистон демоқчи бўлган деб нуқул ваҳима кўтаради, тун-оқшом икки-уч марта Иноят Махсумга қўнғироқ қилиб, ўзи ёмон кўрадиган ёки уни ёқтирмайдиган ёзувчилар устидан чақув қилмаса, ухлай олмайди...

Ёзувчи мавзуни осмондан олмайди, адабиётнинг вазифаси ҳаётни акс эттириш бўлса-да, аммо фақат нусха кўчириш билангина иш битмайди. Бунда ҳар қандай муаллиф ниманидир ёқлайди, ниманидир рад этади; тўқима одамларни гоҳ меҳр, гоҳ қаҳр билан тасвирлаши мумкин. Зинҳор-базинҳор шахсан бировни қоралаш ёки кимдандир ўч олиш мақсадида ҳеч ким атайлаб қўлига қалам олмаса керак. Бу нарса чинакам санъатнинг табиатига ёт унсур ҳисобланади..."

Жонсарак Мирзо бекорга жиғибийрон бўлмайди.

"Биз ўрта мактабда ўқиган пайтларда адабиёт ўқитувчимиз "умумлаштириш", "типиклаштириш" деган тушунчаларни миямизга қуймоқчи бўларди. Масалан, қайсидир бир асарда (айтайлик, "Шоирнинг туғилган йили" деган қиссада) талаба устозига кескинроқ мулоҳаза билдирса, кечирилмас бетгачопарликдек туюлар эди. Дарҳол "пед.совет" чақирилиб, синфхонада бўлиб ўтган даҳанаки жанг кап-катта одамлар томонидан жиддий муҳокама этиларди. Хўш, ҳаётда бетгачопар талаба бўлмайдими? Устозга гап қайтариш умуман мумкин эмасми? Йўқ, мутлақо мумкин эмас! Адабиёт шунга ўхшаш воқеани таниб бўлмас даражада силлиқлаштириб акс эттириши лозим. Натижада виждонлироқ ёзувчи беихтиёр замонавий "Зарбулмасал" яратишга мажбур бўлади.

Биламиз, пойдевор мустаҳкам бўлмаса, зарур чоралари кўрилмаса, аввал деворга зах уради, шўрлайди, бора-бора сувоғи кўчиб ўпирилади, бир куни қарабсизки, нураб тушади.

Чиллашир ва унинг атрофига тўпланиб олган ялоқхўрлар намкаш деворга ўхшайди. Улар саратоннинг шамолидан ҳам нам тортаверади. Чунки улар текинхўр бўлиб қолган, қўлларини қавартириб меҳнат қилишни исташмайди; уқувсиз, истеъдодсиз, мўрт кимсалар. Ким ҳақдадир нимадир дейилдими, бас, уни дарҳол Юртменбошига тақаб Иноят Махсумга сим қоқадилар, войвойлаб, қарши чора қўлламоқни бошлайдилар. Дейлик, асар қаҳрамонига "чўтир эди" деб таъриф берилган бўлса бас - демак, Юртменбоши кўзда тутиляпти; "қулоғи оғирроқ эди" дейилса, албатта "Мафкурахона" журналининг бош муҳаррири Соҳибжон Қироний назарда тутилган бўлади ва ҳоказо. Гўё бу дунёда чўтир битта, кар битта!

Ибн Арабий шогирди билан йўлда кетаётса, бир киши учраб унга ҳақорат ёғдиради: сиз ундоқсиз, сиз бундоқсиз! Устоз миқ этмайди, вайсақи хийла узроқлашгач шогирди: "Ман сизди ўрнингизда бўлганимда оғзига тупуриб юборардим", дейди. "Қўявер, у айтган гапларнинг манга ҳеч қандай алоқаси йўқ", дейди аллома.

Чумчуқдан қўрқиб тариқ экмагандек, ёзувчилардан бирови Гулханийга ғойибона шогирд тушиб замонавий зарбулмасал битса, бошқаси фантастикага ўтиб осмони фалак тасвирига киришса, реал ҳаётни ким ёзади? Ёки бир замондош диний-мистик адиб таклиф этаётганидек, яна-тағин "Чор дарвеш", "Шоҳ Машраб", "Пайғамбарлар тарихи" каби эртакнамо китоблар мутолааси билан машғул бўламизми?

Манимча, реалист ёзувчиларни "ўтмиш"га ёки "осмони фалак"ка қувиб юбориш шарт эмас. Улар ҳам ён-веримизда ўз ишини қилиб юраверсин. Авваламбор, ўзимизнинг феъл-атворимизга, қилиқ-қилмишларимизга бундай разм солиб қарайлик. Хўш, ғирром ёки мунофиқ эмасмизми? Дўсту ёрга хиёнатимиз йўқми? Сайлов пайтлари қаллобликдан ҳазар қиламизми? Хушомадгўй ва лаганбардорлар Оқсаройнинг доимий меҳмонлари бўлмаяптими? Уни-буни қўйиб турайлик, Худодан кўпроқ қўрқамизми ёки Юртменбошидан?

Ана шунга ўхшаган бирталай саволларга жўяли жавоб топилса, кейин ойнадан ўпкалашга ҳожат қолмайди..."

Ғазабим қўзиган чоғларда "Сувюқмас" деб хотира дафтаримга қайд этиб қўйганим Жонсарак Мирзо тўғрисидаги чақувномани кўздан кечириб ўтириб, тавба кардам, адабиётимиз қачон буюк адабиёт бўлар экан деб узоқ бош қотирдим. Охирида Адиблар Иттифоқини қайта тиклаб, унга Жонсарак Мирзони Ижрочи директор этиб тайинлашга қарор қилдим. Албатта, бундай қарорни туйқус эълон қилиб юборсам, гўё ўлиб ётган илоннинг думини босгандек кўринишим мумкин. Шунинг учун аввал меҳнаткашлар Девонга хат ёзиб, мандан "бизга алтернатив адабиёт яратиб беринг!" деб илтимос қилиши керак. Меҳнаткашлар имзо чеккан хат вақтли матбуотда эълон қилинади, бир-икки ой ҳартомонлама муҳокама этилади. Сўнгра қароримни ошкор этаман.

Энди барибир Жонсарак Мирзога Юртменистон халқ ёзувчиси унвонини бермасам бўлмас экан.

122. МУЛЛАВАЧЧА

Қибрайда битта муллавачча пайдо бўлди. Чеварчилик қилади. Аслида, чеварчилик эркакнинг иши эмас. Лекин муллавачча чевар - асосан эркакларнинг либосини тикади: костюм-шим, калта иштон, кўйлак, жойнамоз... Давлат томонидан очиб қўйилган "Модалар уйи" бу ёқда қолиб, одамлар муллаваччанинг уйига югурадиган бўлди.

Исми Жакбарали эмиш. Данғарадан келган. Қайси Данғарадан? Фарғонада ҳам Данғара бор, Тожикистоннинг Кўлоб вилоятида ҳам Данғара бор; Душанбе шаҳридан Султонобод қир-адирлари оралаб ошиб ўтилса, Ёвон пасттекислиги бошланади, Ёвон водийсининг адоғидан Данғара бошланиб кетади. Данғарада Кўҳистон такаси туғилган, у раҳбарлик қилган совхоз ҳам Данғарада жойлашган, Данғара халқи асосан чорвачилик билан машғул... Хайрият, Жакбарали нариги Данғарадан эмас, ўзимизнинг Данғарадан экан - фарғоналик. Исмини ким қўйган экан? Билмадим. Лекин камёб исмни топиб қўйишган. У илм истаб Тошкентга келади. Шарқшунослик институтида шартнома асосида бир йил таҳсил кўради. Қараса, тўловга ота-онасининг қўли қисқалик қилади. Ўқишни битирганидан сўнг шу соҳа бўйича ишлаб тирикчилик қилиб кетишига ҳам кўзи етмайди. Дипломли шарқшунослар тиқилиб ётибди. Боз устига, ётоқхонадан жой тегмайди. Қибрайдан ижарага (киралик) уй топади. Туман марказидан стадион тарафга қараб юрилса, ўнг томонда икки қаватли эски коттежлар бор; шу коттежлардан бирининг иккинчи қавати бўш ётган экан, эгаси ҳовлида истиқомат қилади, намозхон киши экан. Эридан битта боласи билан ажралиб келган уй эгасининг қизи чевар бўлиб, буюртмалар олиб ҳар хил (асосан болаларбоп) кийим тикар экан. Чеварнинг чизмалари коттежнинг битта хонасидаги стол устида сочилиб ётарди. Жакбарали бўш пайтларида ўша чизмаларни кўздан кечиради ва айрим чизмаларга ўзича ўзгартириш киритади. Чизмакашликдан зерикса, токчадан чанг босиб ётган "Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ" номли китобни (Абдулла Авлоний ёзган) варақлайдиган, сўнгра мук тушиб ётиб астойдил мутолаа қиладиган бўлади. Э-э, дунёда бўладиган гапни ёзадиган ёзувчи ҳам бор экан-ку, деб бағоят ҳайратланади. Шу пайтгача ўқиган китобларида ёзувчилар фақат аравани қуруқ опқочарди: Али Лаълини ёқтириб қолади, Лаъли эса Валини чўтлаб юрарди, чунки Валининг машинаси бор, отаси ҳам катта ишда ишлайди; Алининг қоп-қора мўйловидан бошқа ҳеч нарсаси йўқ. Хўш, Лаъли кимга тегади? У Валига тегса бахтли бўладими ёки Алига тегиб ўз бахтини топадими?.. Тахминан, шунақа можаролардан иборат бўларди Жакбарали ўқиган китоблар. "Туркий гулистон ёхуд ахлоқ" ёқиб қолади унга. Ҳатто манинг "Юксак маънавият - енгилмас куч" деган китобимдан ҳам зўр эмиш... Маникини у чучмалгина "нарса" деган эмиш. "Туркий Гулистон..." кичик-кичик бўлимчалардан иборат, ичи тўла ғиж-ғиж маъно.

"Кизб деб ёлғон сўзни айтилур. Ёлғончи кишилар "каззоб" дейилур. Пайғамбаримиз: "Ал каззобу ло уммат", яъни, "ёлғончи манинг умматимдан эмас", демишлар. Жаноби Ҳақ Қуръони каримда: "Ёлғонни имони йўқ кишилар сўйларлар", демишдур. Расули акрам афандимиз фақат уч ерда ёлғоннинг мубоҳлигини баён қилиб, "бири - муҳораба замонида, иккинчиси - эр ва хотинни ризо қилмоқда, учинчиси - икки мўъмин орасини тузатмоқда ёлғон сўйлов жоиздир", демишлар".

"Нифоқ деб кишининг олдида бир хил, орқасидан бошқа бир сўзланадургон сўзни айтилур. Мундай кимса мунофиқ ёки иккиюзлама дейилур. Баъзи ҳийлакор, кўрнамак, ёлғончи мунофиқлар бўлурки, манфаати шахсиялари учун сизни қурбон қилур. Расули акрам афандимиз: "Қайси киши мусулмонлар орасига жудолик солса, биздан эмасдур", демишлар..."

Жакбарали "Туркий гулистон ёхуд ахлоқ" китобини хатм қилгач, токчада "Намоз ўқиш қоидалари" номли мўъзажгина китобча пайдо бўлиб қолади. Бу китобча пайдо бўлганидан сўнг англайдики, ўзи ўқишга кетган пайтларида коттежга уй эгаси келиб кетади, унинг ётиш-туришини орқаворатдан назорат қилади; агар арақ ичадиган бўлса, бўш шишаларни топиб олса, уни ижарахонадан ҳайдаб чиқариши ҳам мумкин. Стол устида сочилиб ётадиган чизмалар йиғиштириб олинади. Ой охирида ижара ҳақи бериладиган муддат яқинлашганида якшанба куни оқшом чоғи уй эгаси бўлмиш оқсоқол Амаки ўрнига Моҳинур уч яшар ўғилчасини етаклаб коттежга кириб келади. Ўғилчасининг исми Нурсултон экан. Болакай бирпасда Жакбарали билан апоқ-чапоқ бўлиб кетади. Моҳинур жавонда қолган чизмасини олгани келган экан: "Адам касалхонага тушиб қолдилар, аҳволлари оғир", деди. Бироқ ижара ҳақини олмади.

- Тузалиб чиқса, ўзларига берасиз, - деди. - Сиз билан у киши оғзаки шартнома тузган, ман сизларнинг ишингизга аралашмайман.

Амаки вафот этади. Жакбарали дафн маросимида қатнашади. Қирқ кунгача ҳар пайшанба оқшомида марҳум хонадонига бориб ўзи билганича Қуръон тиловат қилиб қайтади. Баъзан унга эргашиб Нурсултон ҳам коттежга келарди, қоронғи тушгач ухлаб қоларди... Болакай Жакбарали билан Моҳинурни бир-бирига боғлаб қўяди. Жакбарали жувонга уйланади, жувоннинг касбини эгаллайди. Бир йилдан сўнг фарзанд кўришади. Қизалоққа "Гулора" деб исм қўядилар. Гулора нахичеванлик гўзал озар қизининг исми эди. Жакбарали Шўро тузумининг охирги йилларида ҳарбий хизматини Озарбойжон - Эрон чегарасида ўтаган, Гулорани ўшанда учратган, унга кўнгил қўйган эди. Бироқ Гулорани табризлик битта турк йигити бошини айлантириб, Истанбулга опкетиб қолади. Шундан сўнг Жакбарали ҳеч нарсага қизиқмай қўяди; Данғарада оғирнинг устидан, енгилнинг остидан ўтиб юради. Муқим бирор иш билан шуғулланмайди. Охири Шарқшунослик институтига кириб форс тилини мукаммал ўрганмоқчи бўлади. Форс тилини ўрганиб, Истанбулга бориб Гулорани топмоқни кўнглига тугиб қўяди. Кейин мундоқ ўйлаб кўрса, хўш, Гулорани топиб нима қилади? Уни эридан ажратиб оладими?.. Хуллас, ўқишдан ҳам кўнгли совийди. Моҳинур шу кезларда кўнгил уйини ёритиб юборади гўё. Гулорани топади. Моҳинурга кўнгил қўяди. Намозни ўрганади. Ҳалол юриб, ҳалол туришни ўрганади. Қибрайда қўли гул чевар сифатида ном қозонади. Атроф-жавонибдан мижозлар ёғилиб кела бошлайди. Жакбаралининг ишлари юришиб кетади, аксарият мижозлари намозхон йигитлар эди...

Қибрайлик чевар йигитнинг довруғи Қароргоҳимга ҳам етиб келди. "Йўқотинглар! - дедим. - Қаматиб юборилсин!"

Подшонинг амри вожиб. Жакбарали уч-тўртта мижозларига қўшиб, диний экстремистик гуруҳнинг аъзоси сифатида ўн беш йил муддатга озодликдан маҳрум этилиб, мол-мулки мусодара этилди. Коттеж ҳам, ҳовли ҳам Моҳинурнинг номида экан. Шундай бўлса-да, кўчмас мулклари мусодара этилиб, Моҳинур иккита боласи билан кўчага ҳайдаб чиқарилди. Чолидан ажралгач хийла тўкилиб қолган кампир - Моҳинурнинг онаси бундай мусибатга чидамасдан омонатини топширибди. Одамлар кечагина алқаб юрадиган чеварни энди: "Шумоёқ муллаваччанинг касофати уриб, гулдай бир оила вайрон бўлди!" деб дийдиё қиладиган бўлди.

Оломон кўрганига эмас, эшитганига кўпроқ ишонади. Ман оломон психологиясини жуда яхши биламан; оломонни маймундек ўйнатаман. Ишқилиб, бу оломон халқ бўлмаса бас. Оломонга қирқ йил подшолик қилишим мумкин. Бироқ халқни қирқ кун ҳам қўй пода мисоли бошқариш амримаҳол.

***

123. ТОМОШАХОНА

Ҳамза номидаги эски театрни бузиб ташлаб, ўрнида Миллий Академик театр биноси барпо эттирдим. Унвон деса ўзини томдан ташлайдиган эркак-аёл артистлар етти-саккиз йилдан буён маним шаънимга ҳамд-сано ўқийди: бундай театр биноси Берлинда ҳам, Венада ҳам йўқ... Юртменбошининг закоси туфайли замонавий театр биносига эга бўлдик...

Олакўзни театр директори этиб тайинладим. Илгари манга "Шиппак" бўлган Оташқалб Шоирни эмакдош этиб қўйдим. Адабий эмакдош, дейилади. Аслида, емакдош дейилса, тўғрироқ бўларди. Чунки Оташқалб Шоир директор билан келишган ҳолда бир гал ўзининг, бир гал Олакўзга қарашли авторнинг пэсасини репертуарга киритади; бир гал униси, бир гал буниси ўзининг ўйнашига бош ролни беради. Театр режиссёри шамол қаёқдан эсса, ўша томонга қараб эгиладиган битта маишатпараст киши. У ҳеч нарсани ҳал қилмайди; гоҳ эмакдошнинг, гоҳ директорнинг оғзига тикилиб кунини кўради.

Репертуар масаласида тез-тез жанжал чиқиб қолади. Битта суллоҳ бор. Ўзи Афғонистон урушида қатнашган (шу боис "Афғон бола" тахаллусини олган). Миясидан ўқ еб қайтган. Эсипастроқ йигит. Эсипастроқ бўлса, майли, сурбетроқ. У яхши яшашга интилади. Яхши яшашнинг ягона йўли порахўрлик деб ўйлайди. Хотини ҳам яхши яшашни истайди; ўзи қўшиқчи - ҳофиза, сараланган мухлислари бор. Гоҳ-гоҳ чет элларга чиқиб концерт бериб қайтади. Эр пора бериладиган бирорта мансабни қўлга киритиш учун бошини урмаган девор қолмади ҳисоб. Ҳатто маним Академиямда таҳсил кўради. Охири Чиллашир Қаҳрамонни ишга солиб солиқчиларнинг "Солиқ ва савдо" тармоқ газетасига бош муҳаррир бўлиб олади. Газетанинг ҳар сонига ўзи махсус бош мақола ёзиб, манга қалин-қалин пахта қўяди. Ора-орада чучмал ҳикоя ва қиссалар ёзиб, қалин муқовали китоб ҳам чиқариб туради. Пэса ёзишни ҳам ўрганади. Лекин пэсасини Миллий Академик театр қабул қилмайди. Сабаби - олтмиш саҳифа матнда воқеалар қаердан бошланиб қаерда тугаши аниқ белгилаб қўйилмаган; тўртта одам чорпояда чордона қуриб ўтириб, бундан йигирма-ўттиз йил илгари саҳнага қўйилган Ўлмас Умарбековнинг "Қиёмат қарз" пэсасини бошқачароқ кўринишда бир-бирига ҳикоя қилиб беради. "Қиёмат қарз"да омонат қўйларни эгасига кўпайтириб қайтариш учун Шукур ота ҳаловатидан воз кечиб, узун-узун монолог ўқиса, "Қуёшни қучоқлаган чол" пэсасида бош қаҳрамон маҳаллий ҳокимият вакилларига қўйларини текин тарқатиб, охири қарзга ботиб қамалиб кетади.

- Бу чепуха нарса, - дейди Оташқалб Шоир. - Олакўз ака, мавзу моҳиятини чорвадор аҳоли тушуниши мумкин, аммо шаҳар халқи гап нима ҳақда кетаётганини асло англамайди.

- Англамаса, уни саҳналаштириб нима қиламиз?! Пэсани эгасига қайтариб бериш керак, вассалом! - дейди Олакўз ҳам чўрт кесиб.

Хуллас, пэса Афғон Болага яхшиликча қайтарилади. Афғон Бола устози Чиллашир Қаҳрамондан йўл-йўриқ сўрайди. "Юртменбоши тўғрисида мақола ёзгин, кейин ишларинг ўз-ўзидан юришиб кетади", дейди устози. Афғон Бола мақола ёзиб, "Даракчи"да эълон қилади. Сарлавҳаси "Ман нима учун Юртменбошини яхши кўраман?" деб номланган. Сарлавҳага кўзим тушиб дарҳол ўқиб чиқдим. Яхши, дедим. Афғон Бола ўғлининг тушини қоғозга туширади; гўё етти яшар ўғилчаси тушида мани кўради ва: "Бобожон, мани олабўжилардан қутқаринг!" деб бўйнимга маҳкам ёпишиб олади. "Олабўжи" деб Афғон Бола "исломий террорчилар"ни айтади. Бизнинг мусаффо осмонимизни, фаровон ҳаётимизни кўролмаётган ғаламислар мамлакатимиздаги барқарорликни издан чиқариб, кейин диний давлат қуриб, Юртменистонда иккинчи Афғонистон барпо этишни истайди. Шу боис биз ҳушёр бўлиб, Юртменбоши атрофида жипслашиб, осойишталикни садоқат билан қўриқлашимиз лозим...

Олакўзга телефон қилдим.

- Афғон Боланинг пэсаси жуда ҳам бўлмағурми? Ҳеч эпақага келтириб бўлмайдими?

- Эпақага келтириб бўлмайди, жуда бўлмағур, - деди Олакўз.

- "Даракчи"нинг бугунги сонини ўқидингизми?

- Йўқ, ўқимадим...

- Ўқинг, яхши нарса чиқибди. "Даракчи"ни ўқиб, сўнг "Қуёшни қучоқлаган чол" пэсасини янгича назар билан кўздан кечиринг. Оташқалб Шоирга ҳам шундай маслаҳат беринг, ҳайми?

- Ҳай, - деди Олакўз товуши қалтираб.

Гўшакни жойига қўйдим.

Эртаси куни Пароканд Мирзо суриштириб кўрса, "Қуёшни қучоқлаган чол" пэсаси Миллий Академик театрда шошилинч равишда репетиция қилинаётган экан. Мамнун бўлдим.

- Афғон Боланинг хотини талантли қўшиқчи-ҳофиза экан; агар бу хотин мухолифатга қўшилиб кетса, ғоявий жабҳада ўпирилиш рўй бериши мумкин. Эрини маҳкам боғлаб олсак, хотини ҳеч қаёққа қочиб кетмайди. Иккови ҳам ноғорамизга ўйнайдиган бўлади. Тушунарлими?

- Тушунарли, - деди Пароканд Мирзо. - Лекин Афғон Боланинг пэсаси ростдан ҳам бўлмағур экан.

- Ҳечқиси йўқ. Бўлмағур бўлса, "Қуёшни қучоқлаган чол" томошасини ҳар жума куни жума намози бошланадиган пайтга тўғрилаб намойиш қилишсин. Дастлаб, премьерага Хадичаи Кубро аёл-қизлар Ислом ўрта махсус билим юртининг талабалари билан Диний идора (муфтият) ходимлари ёппасига жалб этилсин. Кейин ҳар жума намози пайтида қайси олий ўқув юрти талабалари кўпроқ намозга борса, айнан ўша олийгоҳ талабалари ёппасига театрга ҳайдаб келинсин. Шундай қилиб, оғайни, биз Афғон Бола ёзган томоша билан ёшларни зарарли диний оқимларга кириб кетишидан сақлаб қоламиз. Ё нотўғрими?

- Тўғри, тўғри, - деб бошини ликиллатади Пароканд Мирзо.

- Биз диний мутаассибликка қарши ҳар доим, ҳамма жойда аёвсиз курашмоғимиз керак. Диний мутаассиблик илгари ҳам бор эди, ҳозир ҳам бор, бундан кейин ҳам бўлади. Бу билан ман нима демоқчиман?

- Билмасам, - деб ерга қарайди Пароканд Мирзо.

- Демоқчиманки, диний мутаассиблик гўё қоп-қоронғи уйда қочиб юрган қоп-қора мушукка ўхшайди. Уни тутиб олиш жуда қийин. Нима учун қийин?

- Билмасам...

- Чунки, аслини олганда, қоп-қоронғи уйда қоп-қора мушукнинг ўзи йўқ... Тушунарлими? - деб Пароканд Мирзога маъноли разм солдим.

- Тушунарли, - деди Пароканд Мирзо ерга қараб.

- Тушунган бўлсанг, бор энди, театр директорига маним номимдан керакли топшириқларни бериб қайтгин, - деб Пароканд Мирзони хонамдан чиқариб юбордим.

***

124. АРАҚ ЗАВОДИНИНГ ДИРЕКТОРИ

Навоий шаҳрида жуда катта арақ заводи бор. Исомиддин деган йигит завод директори. Уни бу ишга Калбош қўйган (албатта, "ширинкамаси"ни олган). Удли-шудли йигит экан, ўн беш йилдан буён ўрнини ҳеч кимга бермаяпти; ҳокимлар алмашиб кетади, вилоят миқёсидаги қанча-қанча амалдорлар қамалиб кетади, лекин Исомиддин доим тегирмондан бутун чиқади. Пули кўпайиб кетса ҳам, асло ўзидан кетмайди. Битта нуқсони бор - хотинни ҳам бойликка тўғри пропорционал равишда кўпайтириб боради. Бир миллион доллар пул тўплагунча битта эски хотинга қаноат қилиб яшади. Пули икки миллион бўлгач, иккинчи хотинга уйланди, сўнг учинчисини олди. Ҳамма хотинларига Навоийдан уй-жой қилиб берган. Тўртинчи хотини ўн саккиз яшар гўзал тожик қизи Гулрухсор эди. Гулрухсорни шаръий никоҳига олиб қишлоқда (Нуротанинг тоғли Накурт деган қишлоғида) истиқомат қиладиган етмиш беш яшар энасига кўрсатади. Гулрухсор иболи қиз эди, кампирга маъқул бўлади. "Кундошларингни заҳарлаб ўлдириб юрмагин, болам. Кундошларингди ўлдириб қўйсанг, болам, Исомиддин уларди ўрнига дарров янгисини олиб сани баттар куйдиради", дейди кампир. Кенжа келинга қайнонасининг гаплари маъқул бўлади; у кундошларини заҳарлаб ўлдирмасликка ваъда беради.

Накуртдан қайтишда Гулрухсор кўтаринки кайфиятда келаётган эрига суйкалиб: "Энамни ҳам қишлоқдан кўчириб кетайлик, илтимос. У киши ман билан яшайди, ўзим парвариш қиламан", дейди. "Йўқ, овора бўлма, энам шаҳарда яшай олмайди", деб эътироз билдиради Исомиддин. "Вой, нима деяпсиз! - дея Гулрухсор эрининг ўнг қўлини ушлаб аста қорнига босади. - Сезяпсизми, ўғлингиз қимирлаяптими... - дейди. Энтикиб давом этади: - Энамга ҳам, ўғлимизга ҳам тоза ҳаво керак". "Қанақа тоза ҳаво? Нима деяпсан ўзи?" дея Исомиддин "Жип"нинг тезлигини оширади, қўлини Гулрухсорнинг қорнидан олмайди. "Санобар опам шоира бўламан деб Тошкентга борган, у ерда Дўрмон деган Ижод боғи бор экан, боғнинг орқасида шоир-ёзувчилар ғуж-ғуж яшайдиган маҳалла бор эмиш, маҳаллада эгаси қурилиш бошламаган боғчалар ҳам бор эмиш..." Исомиддин Гулрухсорнинг шоира бўламан деб Тошкентга бориб, уч-тўрт йилдан сўнг иккита бола орттириб яна Карманага қайтиб келган Санобар исмли опаси борлигини биларди; гарчанд ўзини кўрмаган бўлса ҳам, уч-тўрт ой бурун Гулрухсорнинг илтимосига кўра вилоят нашриётига ўн миллион сўм пул ўтказиб, Санобарнинг "Ишқингни авайла" номли шеърий тўпламига ҳомийлик қилади. Тўплам чиқдими-йўқми, билмайди. "Шунақами? - дейди йўлдан кўзини узмай Исомиддин. - Кундошларингдан узоқроқда яшамоқчимисан?" Гулрухсор эрининг қўлини қўлига олиб юзларига босади: "Боя нима дедим?! - дейди нозланиб. - Энам билан бирга яшамоқчиман". Исомиддин мийиғида кулади: "Энам энди Ижод боғида яшасинми?.."

Ғозғон мармар кони рўпарасида ярим ҳазил-ярим чин йўсинида бошланган хомаки режа бир ойдан сўнг жиддий тус олади: Исомиддин ўз ишлари билан Тошкентга борганида атайлаб Қибрай томонга бориб Ёзувчиларнинг Ижод боғи қаердалигини сўраб-суриштиради. Боғни топиб боради, орқа тарафдаги ижодкорлар маҳалласига ўтади. Ростдан ҳам Чўлпон Эргаш, Нилуфар, Баққи Чол деган шоирларнинг олти сотихлик боғчалари бўш ётган экан; қўни-қўшниларидан уларнинг телефон рақамларини топиб, бир-бир сим қоқади. Гаплашади. Бўш ерларни сотиб олади. Ерларни талаба жиянининг номига расмийлаштиради. Сўнг тажрибали меъморни топиб, қурилажак иморатнинг лойиҳасини чиздиради. Қурилиш ҳисоб-китобини ҳам чамалаб кўради. Пудратчи топади. Пудратчининг қўлига нақд пул бериб, Навоийга қайтади. Гулрухсор янгиликни эшитиб ниҳоятда қувонади: "Сизга янги меҳмонни янги уйда ҳадя этаман", дейди. Бироқ, янги уй қурилиши бир йил давом этади: ертўласи ҳам бир қаватли уйдан кам бўлмайди; тўртта ётоқхона, тўртта ваннахона, тўртта ҳожатхона, этак тарафда (Баққи Чолнинг ерида) алоҳида меҳмонхона барча қулайликлари билан барпо этилади. Ҳовлига ток экилади, ўттиз туп шудрунг тусли арча кўчати ўтқазилади, арчазор тагида чимзор... Кўркам ҳовли бунёд этилганида Гулрухсорнинг қўлидаги чақалоқ олти ойлик бўлган, қорнида яна битта уч ойлик ҳомила пайдо бўлган эди. Биринчи бола билан иккинчи бола орасида бир йиллик тафовут бор холос. Янги ҳовлига Гулрухсор кўчиб келади. Жиҳозлар ўрни-ўрнига қўйилади. Кампир қишлоқдан янги ҳовлига кўчиб келишни хаёлига ҳам келтирмайди: на Гулрухсорнинг гапларини эшитади, на Исомиддиннинг гапларига қулоқ солади. Исомиддин битта "нянка" ёллайди, унга маош тайинлайди. Олти ойдан сўнг Гулрухсор иккинчи ўғлини ҳам дунёга келтиради. Кенжатой олти ойлик бўлгач, ҳатто жаннатмонанд бўлса-да тўрт девор орасида яшагандан кўра, кундошларининг қовоқ-тумшуғига қараб Навоий шаҳридаги бирорта уч хонали квартирада яшаш минг марта афзал экан, деган хулосага келади. Йиғлаб-сиқтаб, охири кўчириб кетишга эрини кўндиради. Исомиддин ҳар ойда Тошкентга икки марта келиб турарди, янги ҳовлисида ҳар куни ўн олти соатдан ухлаб-ухлаб кетарди. Оромдан маҳрум бўлишни истамайди-ю, лекин ёш хотинни ўчакиштирмасдан Навоий шаҳрига кўчириб кетади.

Энди янги ҳовлини сотиш керак. Унга ҳадеганда харидор топилмайди. Исомиддин фойда кўришни ўйламайди, фақат қурилишга кетган харажат қопланса, бас, дейди. Иморат харажати ҳам бир миллион долларга яқинлашиб қолган экан. Ҳовлига қоровул қўйилган, қоровулга ҳар ойда икки юз доллардан ҳақ берилади. Боз устига, у озиқ-овқат билан таъминланади...

Бу орада эски муфтини ишдан бўшатдим. Янги муфтини ўзимиздан келтирдим. Илгари у Имом Бухорий зиёратгоҳида имомлик қилган. Махдуми Аъзам авлодидан, муридлари ҳам кўп. Хоссатан, Исомиддиннинг ота-боболари ҳам Махдуми Аъзамга мурид бўлган экан. Янги муфтининг оиласи катта, у беш-ўн хонали уйга сиғмайди. Тошкентга кўчиб келиб рўпарама-рўпара жойлашган иккита тўрт хонали квартирада ҳам яшаб кўрди. Бола-чақалари илгари кўп қаватли уйларда яшаб кўрмаган экан, шу боис янги жойга кўника олмади. Хотини тез-тез Самарқандга кетиб қолаверди.

Ажойиб кунларнинг бирида Исомиддин Тошкентга келганида пирини ҳам йўқлаб Ҳасти Имомга бориб, диний идорага кириб, атаб қўйган омонатини енг учида пирига узатади. Хижолатпазликдан қутилиб, у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтиришиб, Ижод боғида Исомиддиннинг ҳовлиси борлиги маълум бўлиб қолади: "Пирим, шу жойни сизга ижарага бераман", дейди мурид. "Ие, қандоқ бўлар экан? Одамлар нима дейди?" "Э-э, одамларнинг оғзига элак тутиб бўладими? Қўйинг ўша оғзига кучи етмайдиган одамларди!" деб Исомиддин чўнтагидан ҳовлининг калитларини чиқариб бериб, ўзи Навоийга жўнаб кетади.

Шундай қилиб, Юртменистоннинг янги муфтиси Ижод боғида арақ заводининг директори барпо этган ҳовлида бола-чақаси билан бахтли ҳаёт кечира бошлайди. Тарихда ҳали бунақаси бўлмаган бўлса керак. Бунақа ҳодиса фақат Юртменистонда бўлиши мумкин. Мана, беш йилдирки, одамлар: "Муфти арақ заводининг пайчиси экан, директори муфтига ҳомийлик қилар экан", деб гапириб юради. Гапирса - гапираверсин, барибир одамларнинг оғзига элак тутиб бўлмайди. Қолаверса, ҳалолга ҳаромни аралаштириб қўйсанг, бошқариш осон бўлиши тарих синовларидан ўтган. Мана, ҳамма ишимга, ҳатто динга қарши ишларимга ҳам муфти фатво бериб юрибди. Бўларкан-ку!

***

125. ҚЎРҚИТМАЧОҚ

Мандан кейин Юртменистонни бошқарадиган одам маза қилади. Шаҳарларни қайта қурдим, халқнинг бурнидан ип ўтказиб олдим - уни қаёққа етакласам, ўша томонга қараб молга ўхшаб кетаверади. Фуқарони қўрқув билан умид ўртасида ушлаб турибман. Темур бобо ҳам шунақа қилган экан.

Қизларни 19 ёшга кирмагунча эрга бермаслик керак. Лицей ёки коллежни битирса, майли, эрга берилсин. Тўғри, қонун бўйича 17 яшар қизлар ҳам эрга тегиши мумкин. Аммо ман эрга тегиш чегарасини яна икки йил орқага суриб қўймоқчиман. Нима учун? Кайвони хотинлар телевизорга чиқиб олиб ўз билганларича сафсата сотяпти. Сотқин маҳалла фаоллари ҳам, "Юртменбошининг таклифини қўллаб-қувватлаймиз!" деб жамоатчиликни баттар манга қарши оёқлантиряпти: "Нима, Юртменбошининг ўзи 17 яшар чоғида бировга хотин бўлиб кўрганмикан? 17 ёки 19 ёшида хотин бўлишнинг яхши-ёмонлигини эркак киши қаёқдан билади?" каби саволларга ҳеч ким аниқ жавоб қайтармайди-ю, аммо кимнинг томорқасига тош отилаётганини ҳамма билиб туради. Шундай қилиб, аҳоли ўртасида обрў-эътиборим путурдан кетаверади. Аслида, ман қизларни яна икки йил сақлаб ўтирсам, чет элларда мардикорчилик қилиб пул топиб қайтган йигитлар Юртменистонда ҳали-бери уйланишга кўзи етмасдан яна изига қайтиб кетади. Пуллар бу ёқда қолади, жамиятни алғов-далғов қиладиган бўйдоқлар эса мовий кўзли маллахонлар билан қовушиб, ҳийла ҳовуридан тушиб, инқилобий фикр-мулоҳазаларни миясидан чиқариб юборади.

Ҳисоб-китоб қилиб кўрсам, ишга яроқли бўлган аҳолининг ўн икки ярим фоизи қамалса, яна ўн икки ярим фоизи маҳбусларга қоровул бўлиши мумкин экан. Йигирма беш фоиз аҳоли иш билан таъминланса, бас, бошқалар хорижий юртлардан иш топиб олаверади. Маҳбусларни боқиш учун, форма кийиб юрадиган текинтомоқларга маош бериш учун хазинадан алоҳида маблағ ажратиш шарт эмас. Қўриқлаш хизмати ўзининг ёрдамчи хўжаликларини ташкил этиб, тадбиркорлик билан шуғулланса, давлатга қарам бўлмайди, боқиманда бўлмайди. Лекин маҳбуслар миқдорини ўн икки ярим фоиздан оширмаслик керак. Ўн икки ярим фоиз - оқилона кўрсаткич бўлиб, ундан кам бўлса ҳам, ошиб кетса ҳам мувозанат бузилади. Қанақа мувозанат бузилади? Кам бўлса, одамлар давлатдан қўрқмай қўяди. Ошиб кетса ҳам одамлар давлатдан қўрқмай қўяди. Нима учун? Аҳолининг катта қисми қамоқда бўлса, одамлар "кўпга келган тўй шунақа бўлади" деб ихтиёрий равишда жиноятчилар сафига қўшилиб кетади. Жиноят оддий ҳодисага айланиб, одамларда кўникма пайдо бўлади. Кўникма эса қўрқувни босиб кетади. Майиб бўлиб қолган қўрқув етакчилик қилолмайди. Ман бўлсам, қўрқув жамиятда етакчи куч бўлишини истайман.

Қўрқув миллий манталитетга айланиши учун боғчадан тарбиявий ишлар тўғри йўлга қўйилиши лозим. Ширгуруч емайдиган болалар аямасдан икки-уч тарсаки урилса, кейинги сафар бўтқани ҳам хўриллатиб ичадиган бўлади. Тушдан кейин ухлашни истамаган болакайга битта ғишт кўтартириб қўйиш керак; агар қўли толиб ғиштни ташлаб юборса, ўша ғишт билан ўзининг бошига ўзи урсин.

Шукр, йигирма йил давомида мустақиллик болалари вояга етди. Айрим кимсалар ҳозир 20-30 ёшда бўлган йигит-қизларни "палағда тухумдан чиққан жўжалар" дейди. Палағда тухумдан ҳеч қачон жўжа чиқмайди, палағда тухумдан бадбўй ҳид тарқалади, холос. Мустақиллик болалари ўтмишга боғланиб қолмаган, уларни келажак ҳам унчалик қизиқтирмайди. Улар еб-ичишни билади, севгини яхши кўради, сўнг ғундакка ўхшаб ётишни истайди. Туғилади, яшайди, ўлади. Тўғри, мустақиллик болаларини кучли авлод деб бўлмайди. Улар ҳатто ўзларини ҳимоя қилишга ҳам қодир эмас. Доим ҳимояга муҳтож бўлади. Мустақиллик болалари қўрқоқ ота-оналардан бино бўлган. Қўрқмас ота-оналардан бино бўлган болалар аллақачон Юртменистон ҳудудини тарк этган, ичкарида қолганлари эса узоқ муддатга қамалган.

Юртменбоши қачон ўлади? У қачон тахтдан тушади? Қачон демократик сайлов бўлади? Тахт вориси ким?

Одамлар орасида ўрмалаб юрадиган ҳамма гаплардан хабардор бўламан. Ҳм-м дейман, ўлимим яқин қолганини эшитган одамлар енгил нафас олар экан-да! Хўп, майли. Интернетда "оққон касалига йўлиққаним тўғрисида" махсус мақола эълон қилдирдим.

"Юртменбоши узоғи билан яна олти ой яшайди, жуда чўзилиб кетса, бир йил яшаши мумкин, сўнг ўлади. Ҳозир ҳар ҳафтада бир марта қонини алмаштиряпти. Мишмишларга қараганда, ёш болаларнинг қонини Олмониядан харид қилиб келиб қуйишаётган эмиш. Ёш болаларнинг қони тоза бўлади, бироқ касалга тез чалинади, иммунитети сустлашиб кетади. Бирорта касалга чалиниб қўққисдан ўлиб қолиши ҳам мумкин".

"Юртменбоши ўлган куни тахтдан тушади".

"Юртменбоши дафн этилгач, тўқсон кундан сўнг Юртменистонда демократик сайлов бўлади".

"Юртменбоши ўлган куни тахт вориси ҳам заҳарлаб ўлдирилади".

Интернетда тарқатилган хабарга кўпчилик ишонади, озчилик ишонмайди.

Орадан олти ой ўтгач, ўша хабарга озчилик ишонади, кўпчилик ишончини йўқотади. Бир йилдан кейин ҳамма Интернетни бўралаб сўкадиган бўлиб қолади.

Ман одамларни хавотирланиб яшашга ўргатдим: аҳолининг тенг ярми тўсатдан ўлиб қолишимдан хавотирланса, яна тенг ярми саксон йил яшашимдан хавотирланади. Узоқ умр кўриш қанчалик азоб эканини Юртменистон халқи жуда яхши билади.

Ўлим ҳақида ўйламаслик керак.

Одамнинг ёши бир жойга бориб қолгач, ўлим ҳақида ўйламасликнинг иложи йўқ экан. Баъзан кечалари ўрнимдан сапчиб туриб кетаман: ухлаб ётиб ўлиб қолсам нима бўлади? Ўзим учун Самарқандда барпо этилаётган мақбарага дафн этиламанми? Ўлигим хор бўлмайдими? Тупроғим совумасдан ман тузган давлат таназзулга юз тутмайдими?

Чорак аср мобайнида ман одамларни қўрқитиб яшадим. Энди ўзимни ўзим қўрқита бошладим. Бу кетишда охири нима бўлар экан? Билмадим. Охири нима бўлишини худо билади.

Давоми бор

Алоқадор мавзулар