Адабиёт: Набижон Боқий. Юртменбошининг хотира дафтари-17

Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy
Image caption Набижон Боқий Сталин қатағонларига доир "Қатлнома" ҳужжатли қиссаси муаллифи.

Юртменбошининг хотира дафтари

Шу азиз ватан барчамизники.

Юртменистон - келажаги буюк кишвар.

Янги мақолалар

Давоми

127Г. Сувюқмасдан иқтибос

Қизиталоқ Иосиф (Йусуф) Сталиннинг кенжа ўғли Василий биринчи синфга ўқишга боргач, мактабдан гап топиб келади ва опаси Светланага арзи ҳол қилади: "Опа, биласанми, отамиз илгари гуржи бўлган экан", дейди кўзларини ола-кула қилиб. "Йўғ-э!" деб ёқасини ушлайди Светлана.

Шунақа гаплар, оғайни.

128. Ўй босган эшаклар

Талабалик йилларимдан соат ўнда ётиб, эрталаб барвақт уйғонишни одат қилганман. Мундоқ хомчўт қилиб кўрсам, салкам олтмиш йилдан буён қатъий жадвал бўйича яшаётган эканман. Одам уйқусини тартибга солса, сўнгра нафсини ҳам бемалол ўз иродасига бўйсундириши мумкин. Ҳайвоний нафс исканжасида яшайдиган кимсаларни ҳар мақомга йўрғалатиш осон бўлади. Албатта, "бўрдоқилар"ни биринчи планга (муҳим раҳбарлик лавозимларига) чиқариб бўлмайди. "Йиққан-тергандан қўрқма, егандан қўрқ" деган мақола бор. Йиғиб-терадиган галварснинг мол-мулкини бир кун келиб бемалол мусодара қилиш мумкин, еб қўйган одамнинг мол-мулкини эса шудгордан қидириш керак; ўшанда ҳам аллақачон маҳаллий ўғитга айланиб тупроққа қўшилиб кетган бўлади.

Август ойида эрталаб роппа-роса тўртда уйғонаман, ой охирига бориб тўртдан ўттиз дақиқа ўтганда уйғонаман. Ҳар куни бир дақиқа кўпроқ ухлайман. Яъни, кун қисқариб боргани сари уйқум ҳам ўз-ўзидан узайиб бораверади. Демак, табиатга ҳамоҳанг ҳаёт кечирар эканман, ман аллақачон табиатнинг ажралмас бир парчасига айланиб қолганман.

Тарки одат - амримаҳол. Олтмиш йиллик одат темир қоида ҳисобланади. Бу қоидани бузиб ҳам, ундан чекиниб ҳам бўлмайди.

Майдонда Қаҳҳор ёлғиз қолади. Ғафур Ғулом, Ойбек каби тенгдошлари дарҳол Шароф Рашидовнинг пинжига кириб олади.

Қисқаси, Шароф ака Ғафур Ғуломнинг қўли билан "ода" ёзиб Иосиф Сталин остига момиқ қўяди.

Иосиф Сталин, улуғ отамиз,

Ўзингиз бердингиз халқимизга ном,

Шунинг-чун ўзбеклар ҳар қутлуғ ишда

Азиз номингиздан олади илҳом.

Юртимиз посбони улуғ Сталин,

Илмимиз устози улуғ Сталин,

Дунё чароғбони улуғ Сталин,

Халқларнинг овози улуғ Сталин.

Иосиф Сталин, қадрдонимиз,

Шу жаҳон борича омон бўлингиз,

Жаҳонда яшаган халқлар бахтига

Абадий яшашда жаҳон бўлингиз!

Давоми бор