Ўзбекистон ФВВ Қозоғистонга самолёт юбормоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Қозоғистон Ички ишлар вазирлигига кўра, камида 52 киши қурбон бўлган.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 52 инсон ҳалок бўлган Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятига махсус учоқ юборишга қарор қилган.

Ақтўбеда Қозоғистоннинг Чимкентидан Россиянинг Самара шаҳрига бораётган автобус ёниб кетган.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлигига кўра, камида 52 киши қурбон бўлган.

Хабарларга кўра, беш киши ёнғиндан омон қолган.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлигининг Би-би-сига айтишича, автобус тўхтаб турган бўлган.

Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси махсус ахборот чиқарди.

"Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси маълумотига кўра 2018-йил 18-январ куни Ақтўбе вилояти Ирғиз туманида "Икарус" русумли йўловчи автобуси ёнган маҳал унда 55 йўловчи ва 2 ҳайдовчи (Қозоғистон фуқаролари) бўлган. Беш киши ёнаётган автобусдан чиқиб кета олган.

Булар 2 ҳайдовчи ва 3 йўловчи бўлиб, улардан икки нафари Ўзбекистон Республикаси фуқаролари (Исаков Аҳрор, 1988-йил 14-апрелда туғилган ва Мирзаахмедов Исроилжон, 1980-йил 10-январда туғилган). Дастлабки маълумотга кўра фалокат жойида вафот етганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор", дейилади хабарда.

Элчихона тезкор хабар рақамларини чоп қилган: + 7 777 218 20 10.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Баъзи тахминларга кўра, автобус пропан газ билан ишлаган.

Йўловчилар тўхтаб турган автобусда исинишаётган бўлишган.

Фожеа Ақтўбе вилоятининг Иргиз туманида маҳаллий вақт билан соат 10:30 да рўй берган.

Қурбонларнинг бари ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари бўлгани айтилмоқда.

2200 чақиримлик бу йўл Россияга отланган ўзбекистонлик муҳожирларига яхши танишдир.

Автобус ёниши сабаблари маълумми?

Йўқ, гарчанд бу биринчи автобус ёниши эмас.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги фавқулодда ҳолат бўйича махсус телефон алоқа линиясини очган.

+7 713256 29 63 ёки + 713256 68 85

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳам маълумот телефонини ишга туширган.

+998 7114710 50

+998 712126700

Фото муаллифлик ҳуқуқи Askar Aktileu

Маҳаллий журналистлардан бири Аскар Актилеу ўзининг Instagram саҳифасида ёниб кетган автобус суратини чоп этган.

Туркия Ташқи ишлар вазири автобусда ҳалок бўлган ўзбекистонликларга таъзия бидирди

Туркия Ташқи ишлари вазири Мавлуд Човушўғли Twitter даги аккаунти орқали Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида автобусда ёниб кетган ўзбекистонликлар учун таъзия билдирди.

"Қозоғистонда рўй берган автобус ёнғинида аксари ўзбекистонлик бўлган 52 кишининг ҳалок бўлгани ва 5 кишининг жароҳат олганини қайғу билан ўргандим. Ҳаётдан кўз юмганларга Аллоҳдан раҳмат, жароҳатланганларга тез шифо топишини тилайман. Дўст ва қардош Қозоғистон ҳамда Ўзбекистонга таъзия билдираман", деб ёзди вазир.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek