Мирзиёев автобус ёнғини бўйича ҳукумат комиссияси тузди

Автобус ёниши 52 йўловчи умрига зомин бўлган Фото муаллифлик ҳуқуқи Қозоғистон ФВҚ
Image caption Автобус ёниши 52 йўловчи умрига зомин бўлган

Президент Мирзиёев аксари ўзбекистонлик ҳалок бўлган Қозоғистондаги автобус ёнғини бўйича махсус Ҳукумат комиссияси тузиш бўйича топшириқ берди. Ҳукумат комиссиясига Бош вазир Абдулла Арипов бошчилик қилади.

Комиссия таркибига Ташқи ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа идора вакиллари киритилади.

"Махсус ҳукумат комиссияси зиммасига Қозоғистон масъуллари билан ҳамкорликда фавқулодда ҳолат сабабларини ўрганиш ва фуқароларнинг шахсини аниқлаш чораларини кўриш топширилди", дейилади Фавқулодда вазиятлар вазирлиги чиқарган хабарда.

Маҳаллий вақт билан кундузи 10:30 да Ақтўбе вилояти Ирғиз туманида Россияга кетаётган автобуснинг бирдан ўт олиши натижасида 52 киши ҳалок бўлган. 5 киши шифохонага ётқизилган.

Image caption Харита

Автобус Қозон шаҳрига кетаётган бўлган.

Ҳалок бўлганларнинг аксарияти ўзбекистонлик мигрантлар эканлиги айтилмоқда.

Эшик очилмагани учун йўловчилар автобусдан чиқолмаган

Қозоғистонда аксари ўзбекистонлик мигрантлар ёниб кетган автобуснинг ён эшиги очилмаган. Бу қолган одамларнинг ёнаётган автобусдан вақтида чиқиб кетишига тўсқинлик қилган. Бу ҳақда Ақтўбе вилоят Фавқулодда вазиятлар қўмитаси матбуот котиби Виталий Синев Спутник нашрига маълум қилган.

"Автобус тўхтаган, ҳамма ҳайдовчилар ундан қочиб чиққан. Одамлар эшикка қараб югурган, бироқ ён эшик очилмаган", деган Виталий Синев.

Олдинроқ автобусда ёнғин чиқишига қисқа туташув сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтилганди.

Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков автобус ёниши оқибатида Ўзбекистон фуқаролари вафот этгани муносабати билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ҳамдардлик билдирди.

«Қозоғистон Республикаси ҳудудида рўй берган фожиали ҳодиса оқибатида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳалок бўлгани муносабати билан Қирғизистон Республикаси халқи ва ўз номимдан чуқур ҳамдардлик билдираман. Ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига самимий ҳамдардлик ва далда сўзларини, шунингдек, жабрланганларга тезроқ соғайиб кетиш тилагини етказишни сўрайман. Ўрнини тўлдириб бўлмайдиган қайғуга шерикмиз», - дейилади хабарда.

Туркия Ташқи ишлар вазири ҳам автобусда ҳалок бўлган ўзбекистонликларга таъзия бидирди

Туркия Ташқи ишлари вазири Маҳмуд Човушўғли Twitter даги аккаунти орқали Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида автобусда ёниб кетган ўзбекистнликлар учун таъзия билдирди.

"Қозоғистонда рўй берган автобус ёнғинида аксари ўзбекистонлик бўлган 52 кишининг ҳалок бўлгани ва 5 кишининг жароҳат олганини қайғу билан ўргандим. Ҳаётдан кўз юмганларга Аллоҳдан раҳмат, яраланганларга тез шифо топишини тилайман. Дўст ва қардош бўлган Қозоғистон ҳамда Ўзбекистонга таъзия билдираман", деб ёзди вазир.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek