Ёниб кетган автобус ичи жуда совуқ бўлган ва у "портлаган"

автобус Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ақтўбеда 52 ўзбекистонликнинг умрига зомин бўлган фожиага доир янги тафсилотлар чиқмоқда. Ҳайдовчилардан бирининг ҳалокатдан 3 соат олдин уйдагиларга юборган видео хабаридан автобус ичи жуда совуқ бўлганлиги англашилади. Ёнғин ортидан автобус ичида портлаш содир бўлган.

Қозоғистон 31 телеканали автобус ҳайдовчиларидан бири бўлмиш Мақсат Пернебековнинг Қазиғуртдаги уйига бориб ҳодиса тафсилотларини ўрганган.

Унинг уйдагилари ҳалокатдан сўнг Мақсат билан телефон орқали гаплашишига муваффақ бўлган.

Ҳайдовчининг опаси Қамшат Пернебекованинг айтишича, ёнғин ортидан автобус ичида содир бўлган портлаш одамларни қутқариб қолиш имконини бермаган.

"У ухлаётган бўлган, шериги ҳайдаётган экан. Қандай содир бўлганини билмай қолган. Мен Мақсатга нима учун қутқармадинглар, эшикни нега очмадинглар, деб сўрадим. У автобусдан чиқиши билан автобусда портлаш бўлганини айтди", дейди Қамшат Пернебекова.

Мақсад Пернебеков ҳалокат бўлишидан бироз олдин уйдагиларга видеохабар йўллаган. Видеохабардан уч соатдан ўтиб автобус Ирғиз тумани ҳудудида ёниб кетган.

"Салом, мана Оролдан ўтдик, Ирғизга 170 километр қолди. Жуда ҳам совуқ, минус 40, балки минус 45 бўлиши ҳам мумкин. Мен иккита куртка кийиб олганман. Йўл музлаб ётибди. Спидометр соатига 50 километр юраётганимни кўрсатяпти. Радиаторда 60 градус кўрсатяпти", деган ҳайдовчи Мақсат Пернебеков.

Кузатувчиларнинг фикрича, ҳайдовчининг видеохабаридан автобус ичида иситиш тизими умуман ишламагани ва автобус қўлбола усулда иситилган бўлиши мумкинлиги англашилади.

Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари Ерлан Тургумбаев Ақтўбеда рўй берган автобус фожиасига "оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш сабаб бўлган"ини айтган.

Автобус ичини истиш мақсадида кавшар лампа (паяльник) дан фойдаланилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Screenshot
Image caption Автобус кавшар лампаси билан истилган

"Автомашина двигатели ўчиб қолгани ва машинада совуқ бўлгани туфайли, ушбу автобусда паяльная лампа (кавшар лампаси) иситиш учун ишлатилган. У икки соатдан ортиқ вақт давомида ишлаган. Албатта, бу вақтда газбензин қоришмаси автобуснинг бутун салонини қоплаб олган", - деган Тургумбаев.

Унинг сўзларига кўра, ёнғин "бензинга тўла идиш тасодифан тўкиб юборилганида" бошланган.

"Бензин идиш тасодифан тўкиб юборилганида эса, ёнғин юз берган, у деярли дарҳол, 5 дақиқа давомида бу автобусда бўлган барча фуқаронинг ҳаётига зомин бўлган", - деган вазир ўринбосари.

18 январ куни Қозоғистонннинг Ақтўбе вилоятидаги Ирғиз тумани орқали ўтувчи Чикент-Самара йўналишида 55 ўзбекистонлик ва 3 қозоғистонлик ҳайдовчиси бўлган Сетра русумли автобус ёниб кетганди.

Натижада ҳожиса жойида 52 киши ҳалок бўлган, 5 киши жон сақлаб қолганди.

52 ўзбекистонликнинг жасади 19 январ маҳаллий вақт билан 22:23 да ҳарбий учоқда Тошкентга олиб келинган.

Президент Мирзиёев Ақтўбе фожиасида давлат раҳбариятини айблади.

Мирзиёев одамларнинг ўзга юртларда сарсон бўлишида давлат раҳбарияти камчиликларни ўз вақтида бартараф қилмаганини сабаб қилиб келтирди.

"Мана кеча бўлган фалокатлар ҳам кўп нарсани одамга далолат қилади. Халқимизнинг олдида қарзимиз жуда-жуда кўп. Одамларимизга шароит яратмаганимиз учун улар бегона юртларга бориб, иш қидириб юрибди. Бу давлатчилик, давлат раҳбарияти, ҳамма тизимдаги раҳбарларнинг энг катта хато ва камчиликларни ўз вақтида қилмаганидан далолат", деб айтган Президент.

Давлат раҳбари автобусда ҳалок бўлганларнинг оилалалрига бир марталик нафақа бериш ҳақида топшириқ берган.

Ижтимоий тармоқлар ҳалокат муносабати билан турли фикр ва ҳамдардликка тўлиб тошган тошган.

Ёниб кетганларга бағишлаб шеърлар тўқилмоқда.

Хонанда Сардор Мамадалиев "52 ватандош хотирасига" номли янги қўшиқ айтиб, фожиада ҳалок бўлганларнинг ёрқин хотирасига бағишлаган.

Жума куни Ўзбекистон ва Қозоғистондаги барча масжидларда жума номзидан сўнг автобусда ёниб ҳалок бўлганларнинг хотирасига Қуръон тиловат қилинган ва дуо ўқилган.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek