Адабиёт: Набижон Боқий. Юртменбошининг хотира дафтари-20

Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy
Image caption Набижон Боқий Сталин қатағонларига доир "Қатлнома" ҳужжатли қиссаси муаллифи.

Юртменбошининг хотира дафтари

-"Жиноят ва жазо" деган телешоуда бошловчилик қиладиган Салла бор-ку, оти нимайди?.. Ишқилиб, ўшани топ! Тез бўл! - дедим.

- Дажжолнинг икки кўзи ўртасига "кофир" деб ёзилган бўлади. Ўнг кўзи ғилай бўлади, бўртиб чиққан узум донасига ўхшайди. Дажжолга доим иккита фаришта ҳамроҳлик қилади. Дажжол оломонни орқасидан эргаштириб юради, уларга тез-тез амри маъруф қилиб туради; бир гал ҳатто: "Ман сизларга раҳнамо бўлдим, энди хоҳласам ўлдираман, хоҳласам қолдираман", дейди. Шунда фаришталардан биттаси: "Ёлғон гапирдинг", дейди. Фариштанинг бу гапини Дажжол ва нариги фаришта эшитади, холос. Нариги фаришта эса шеригининг гапини тасдиқлаб: "Рост гапирдинг", дейди. Оломон нариги фариштанинг кейинги айтган гапини эшитадию Дажжолнинг оёқларига йиқилади ва ғойибдан келган товуш ҳам унинг раҳнамолигини, илоҳий куч-қудрат соҳиби эканини тасдиқлаяпти деб ўйлайди. Шундай қилиб, Дажжол қиёматгача одамларни йўлдан оздиришга ҳаракат қилади, нуқул худоликни даъво қилади. Бироқ Дажжол инсон боласи, у жин ҳам, фаришта ҳам эмас. Фаришталарнинг сусткашлиги учун Дажжол одамларнинг кўнглига кириб олиб ғулғула солади, фитна қўзғайди. Аслида, Дажжолнинг пайдо бўлиши қиёматнинг биринчи аломатидир...

147. ҚИЛИЧ ВА ҚАЛҚОН

- Ғафур Ғуломнинг ҳайкалини йиқитиб ўрнига Абдулла Қодирийга ҳайкал қўйиш керак. Агар Қодирийга ҳайкал қўйилмаса, ҳамма ҳайкалларни бир чеккадан ағдариб чиқиш лозим.

- Йўғ-э?

- Ҳа!

Мана шунақа гаплар, ошно.

Алалоқибат ўзим "Ўткан кунлар"ни астойдил мутолаа қилдим. Воажаб, кўпдан буён излаб юрган кўнгил оромимни айнан Қодирийнинг шоҳ асаридан топдим!

"Ман кўп умримни шу юртнинг тинчлиги ва фуқаронинг осойиши учун сарф қилиб ўзимга азобдан бошқа ҳеч бир қаноат ҳосил қилолмадим. Иттифоқнинг не эканини билмаган, ёлғиз ўз манфаати шахсияси йўлида бир-бирини еб-ичкан мансабпараст, дунёпараст ва шуҳратпараст муттаҳамлар Туркистон тупроғидан йўқолмай туриб бизнинг одам бўлишимизга ақлим етмай қолди. Биз шу ҳолда кетадирган, бир-биримизнинг тагимизга сув қуядирган бўлсак, яқиндирки, яна ўрис истибдоди ўзининг ифлос оёғи билан Туркистонимизни булғатар ва биз бўлсак ўз қўлимиз билан келгуси наслимизнинг бўйнига ўрис бўйинтуруғини кийдирган бўламиз. Ўз наслини ўз қўли билан кофир қўлига тутқин қилиб топширгувчи биз кўр ва ақлсиз оталарга худонинг лаънати албатта тушар, ўғлим! Боболарнинг муқаддас гавдаси мадфун Туркистонимизни тўнғузхона қилишига ҳозирлаган биз итлар яратгувчининг қаҳрига албатта йўлиқармиз! Темур Кўрагон каби доҳийларнинг, Мирзо Бобур каби фотиҳларнинг, Форобий, Улуғбек ва Али Сино каби олимларнинг ўсиб-унган ва нашъу намо қилганлари бир ўлкани ҳалокат чуқурига қараб судрагувчи албатта Тангрининг қаҳрига сазовордир, ўғлим! Гуноҳсиз бечораларни бўғизлаб, болалар етимхоналарини вайрон қилгувчи золимлар - қуртлар ва қушлар, ердан ўсиб чиққан гиёҳлар қарғишига нишондир, ўғлим!"

Бу монологни Юсуфбек ҳожи эмас, ман баралла айтсам ярашади. "Туркистон - умумий уйимиз" шиорини ўртага ташлаб Россия билан Хитойдан роса гап эшитдим; икки буюк давлат раҳбарлари икки томонимдан сиқувга олди, қонимга ташна қилди. Тўртта пандавақининг бошини қовуштираман деб она сутим оғзимга келди. Саъйи ҳаракатларим тескари натижа берди: Туркистон ҳудудидаги миллий республикалар бир-бирига яқинлашиш ўрнига баттар узоқлашиб, ҳатто ёвлашиб кетди.

Қаламкаш ман ҳақимда ҳужжатли кино қилмоқчи бўлиб юрган эди, Жонсарак Мирзони ҳам жалб этаман дегандай бўлувди. Рози бўлмадим. Ўзимни рози бўлмагандек кўрсатдим. Аслида, таклиф манга маъқул бўлган эди. Бироқ Қаламкаш ўша мавзуни қайта қўзғамади. Агар яна ўша масала қўзғалса, Афзал Рафиқовга Юсуфбек ҳожининг монологини ўқитиб, мани бошимни чангаллаб ўйланиб ўтирган ҳолатда кўрсатилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Пароканд Мирзонинг мижғов гапларида жон борга ўхшайди. Агар Қодирийга ҳайкал қўйилмаса, ҳамма ҳайкалларни бир чеккадан ағдариб чиқиш лозим экан.

Юртменистонда ҳайкал ўрнатишга муносиб иккита тарихий шахс бўлса, биттаси шак-шубҳасиз Абдулла Қодирийдир. Битта бўлса... қийин бўлади, албатта ман ҳам ҳайкалим қўр тўкиб туришига Қодирийдан кам ҳақли бўлмасам керак. Яна қайдам. Хизматларимга тарих ҳаққоний баҳо беришига асло шубҳаланмайман. Кечалари нохос уйқум қочиб уйғониб кетаман. Назаримда, ташқарида ажал худди эгарланган отдек жонимни опкетишга тайёр бўп тургандек туюлади.

Жаҳонгир Йўлчиев тунов куни асабимни бузиб кетди. Кеча кечқурун қўнғироқ қилиб: "Юртменистонни Россия боқяпти, агар биз мардикорларни ҳайдаб юборсак, ошно, улар инқилоб қилиб юборади! Мардикорлар ҳар йили Юртменистонга олти миллиард доллар жўнатяпти. Бу Юртменистон бюджетининг ўттиз беш фойизини ташкил этади. Демак, ошно, отни тезроқ қамчилаш керак. Айни чоғда кўрпага қараб оёқ узатиш ҳам эсдан чиқмасин", деб ақл ўргатди.

Ўйлаб кўрсам, кўп вақтимни беҳуда совурибман. Аслида, аввал-бошдан Қўшбегининг қўлига қилич бериб, ўзим бир четга чиқиб томошабин бўлиб туришим керак экан. Қўшбегини Жиззахга юбордим, Самарқандга юбордим - амалий тажриба тўпласин дедим, катта сиёсат қозонида қайнасин дедим. Пишириб, обдон чиниқтириб ҳам синовлардан ўтказиб олдим. Энди у орқага қайта олмайди.

Ман билан охиригача боради.

Илгари Калбош билан Кампирияк ҳеч кимни манга яқинлаштирмас эди. Ким яқинлашмоқчи бўлса, бирпасда чўқиб ташлашарди. Ўзлари ҳам кундош мисоли бир-биридан қизғаниб яхши кўришарди мани (ҳозир Пароканд Мирзо билан Қаламкаш ўртасида кундошлик пайдо бўлганини зимдан кузатиб юрибман). Албатта, улар Қўшбегини катта охурга асло яқинлаштирмасди, яқинлашса белини синдириб қўйишарди. Шу боис Қўшбегини четроқда сақладим, қора қузғунларга ем қилиб юбормадим. Аслида, Қўшбеги ҳам анойи эмас, у Қўшбеги бўлса арзийди.

Тарихда қоладиган ишлар билан шуғулланиш керак экан. Мана, пойтахтни деярли қайта қурдим. Самарқанд ҳам қайта қурилди ҳисоб. Водийдаги шаҳарлар ҳам таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди. Барча вилоятларнинг марказлари янгиланди. Ҳозир Урганч қайта қуриляпти, Қўқон қайта қуриляпти. Оддий халқ мисли кўрилмаган курилиш ниманинг ҳисобидан бўлаётганини, албатта, билмайди. Юртменбоши қуряпти, Юртменбоши қурдиряпти, вассалом! Маҳаллий тадбиркорлар, банкдаги ҳисоб рақамида пули бор хусусий корхоналар текинга ишлатилаётганини, жарақ-жарақ пуллар ҳеч қачон қайтарилмайдиган қурилишларга сарфланаётганини кўпчилик билмайди. Қайси пулдор шахс ёки корхона думини қимирлатадиган бўлса, дарҳол думи тугиб қўйилади. Чунки беайб Парвардигор, дейдилар. Тирик жондан эса ҳар доим айб топиш мумкин. Тўғри, пихини ёрган айрим сармоядор бизнесманлар олдиндан капиталини чет элларга чиқариб кетди.

Ҳозир барча бузғунчилик, қонунга хилоф ишлар Қўшбеги томонидан амалга ошириляпти. Кимдир қамаляпти, кимдир юрагини чангаллаб ажалидан беш кун бурун вафот этяпти. Қайта қуриш чоғида кимга тўй, кимга аза бўляпти. Майли, дод-вой қилаётган одамлар ўлиб кетади, аммо қайта қурилган шаҳар қолади. Келажак ўлиб-йитган одамларга қараб эмас, кўкка бўй чўзиб турган осмонўпар биноларга, замонавий шаҳарларга қараб Юртменбошининг фаолиятига баҳо беради. Ўлган - унутилади, қолганлар эса умрбод ўликларни қучоқлаб яшамайди. Бемалол яшашни истаган одам нохуш хотираларни тезроқ эсидан чиқаришга ҳаракат қилади.

Одам қанча кўп яшаса, шунчалик бой ҳаётий тажриба тўплаб бораверар экан.

Халқ ҳозир Қўшбегини "қилич" деб ўйласа, мани "қалқон" деб билади. Агар Юртменбоши бўлмаганда борми, Қўшбеги ҳаммани аллақачон қиличдан ўтказиб чиқарди!.. Уни Юртменбоши тўхтатиб турибди...

Мана шунақа гаплар, ошно. Қийратма ишлар охирига етсин, кейин ҳамма гуноҳни Қўшбегининг бўйнига қўйиб, ўзини ҳам ҳамманинг олдида айбига иқрор килиб баҳридан ўтаман, вассалом!

148. ЧЎМИЧИ ЙЎҚ ЧАРХИПАЛАК

Шаҳрихонсой устига ўрнатилган қатор чархипалакларни кўриб ҳавас қилган эдим; оҳ-оҳ, ёзнинг жазирасида чархипалакдан шов-шув этиб тўкилаётган сув ёнида, атрофига райҳон-жамбил экилган супада бирпас мизғиб олган киши бу дунёдан беармон ўтса керак! Чархипалак чўмичидан тахтадан ясалган новга сув тўкилади, сўнг жилдираб ариқчага қуйилади, ариқчадан сой соҳилида барпо этилган боғчалар суғорилади ёки йўл остидан олиб ўтиб кетилган қувурдан томорқага оқиб киради.

Қўқондаги Худоёрхон Ўрдасини айланиб юриб, нақшинкор айвон остида шотиси ётқизиб қўйилган қўқон-араванинг одам бўйидан ҳам баланд ғилдирагини қўлимни кўтариб тусмолдан ўлчаб кўрган эдим. Ҳайрон бўлган эдимки, одатда эски йўлларда тупроқ кўпчиб ётарди; шундоқ бўлгач, арава ғилдирагига илашиб юқори кўтарилган тупроқ зарралари шовуллаб аравада ўтирган одамларнинг бошига тўкилмасмиди?.. Тўкилар экан. Аравага ўтириб олис йўл босиб келган одамлар тегирмончига ўхшар қолар экан. Билмаганлар билиб қўйсин, тегирмончи доим оппоқ унга бурканиб "қорбобо"га ўхшаб юрарди. Баъзан арава ғилдирагининг орқа-олдига шотидан "қўлча" чиқарилиб, унга ҳўл латта-путта маҳкамлаб илиб қўйиларди, ғилдирак шу латта-путтага артилиб айланарди. Иссиқ пайтларда латта-путта бирпасда қуриб қоларди; эринмаган аравакаш бўлса, доим бир-икки пақир сувни араванинг орқасига осиб юрарди ва ўша сув билан латта-путтани вақти келганда ҳўллаб қўярди... Хуллас, Яҳёхон ака қўқон-арава тўғрисида манга батафсил маълумот беради. Қўқон-араванинг ғилдирагига ишқим тушиб қолади. Дам унисини, дам бунисини томоша қиламан, гупчагини кўздан кечираман, подшипник бор-йўқлиғи билан қизиқаман; ғилдирак ўқи қаттиқ ёғочдан ясалар экан, ҳеч қандай подшипник-модшипник ўрнатилмас экан.

-Ростини айтсам, мана шу қўқонараванинг ғилдирагидан жуда зўр чархипалак ясаса бўлар экан! - дейман кулимсираб.

Ўшанда ҳазил аралаш айтилган гапимни Қўқон шаҳрининг ҳокими чин тушуниб, бир ҳафтадан кейин араванинг битта ғилдирагини қип-қизил бахмалдан тикилган ғилофга ўраб-чирмаб усти ёпиқ юк машинасида Қароргоҳга жўнатади. Ғилдирак подшипникли темир ўққа ўрнатилган бўлиб, айланасига қалинроқ тунукадан ясалган куракчалар қоқиб чиқилган эди. Куракчаларга урилган сув ғилдиракни айлантиради, лекин сув фақат шопирилади, холос. Асло сув юқорига кўтарилмайди, сувни ўқдан юқорига кўтариб нариги тарафдаги новга тўкиш учун ғилдиракнинг ён қисмига бурни пучуқ чўмич ўрнатилиши лозим.

Қароргоҳдан бир тегирмон сув қишин-ёзин оқиб ўтади; теракзор орқасида катта одамлар аранг сакраб ўтадиган ариқ бор; чуқурлиги бир қулочдан кам эмас. Мана шу ариққа қўқон-араванинг ғилдираги ўрнатилди. Расмона чархипалакка ўхшаб қолди. Лекин фақат айланади, холос. Тунука куракчалар ариқдан олган сувни ариққа сепиб юборарди. Чархипалак ўрнатилган жойга устига рангли мато қопланган кўчма шийпонча ўрнатилди. Ҳозир ман вилоятларга чиққанимда шийпончаларда халқ вакиллари билан учрашувни одат қилганман. Шу одатимни Қароргоҳимда ҳам жорий қилдим гўё. Фақат бу шийпончада ўзим билан ўзим учрашаман. Манга ҳеч ким халақит бермайди. Биров Пароканд ўргатиб қўйган гапларни айтиб бошимни қотирмайди. Ўзим ўзимнинг бошимни қотираман.

Чорак асрдан буён ёнимда ишлаган одамлар бир-бир кўз ўнгимдан ўтади. Одамлар қизиқ бўлар экан; эркаклар жуда кам экан, эркини қўлдан берган хунасалар бемаза қовуннинг уруғидан ҳам кўп экан... Пиллачиликни қандай қилиб қайта ривожлантириш тўғрисида бош қотириб юрган чоғларим тажрибали пиллакор айтиб берган бир латифа лоп этиб эсимга тушиб қолди.

Ипак қурти даҳага кирган пайтларда тутларнинг новдалари кесиб берилади. Новда кесилаётганда каллакда бир-бир ярим қарич тукич қолади. Бу тукич найзадек ўткир бўлади. Чунки новда чопқи билан қирқ беш даража нишаб этиб кесилади. Келаси йили тукич янги чиққан новдалар орасида қолиб кетади ва чопқининг орқаси билан уриб тушириб юборилса, яхши иссиқлик берадиган ўтин бўлади. Тут барглари куз ўрталарида пишади. Остига тўкилган тут барглари мол-ҳолга тўйимли озуқа бўлади. Тут барги қиров еганидан кейингина тўкилади. Айнан пахта терими бошланган кезлари одамлар тут баргларини сидириб мол-ҳолга олиб кетади. Бунинг учун тут устига чиқиб ўрнашиб ўтириб олишади-да, қоп ёки белга боғлаб олинган партук-этакка барглар сидириб тўлдирилади. Барг пишган бўлса, новданинг остидан устига қараб сидирилади; барг ҳали яхши пишмаган бўлса, тескари сидирилади, яъни, новданинг учидан остига қараб сидирилади. Барг тескари сидирилса, новданинг қобиғи арчилади ва келаси баҳорда барглар сийрак бўп қолади, озуқа самарадорлиги пасайиб кетади. Шунинг учун бригадирлар доим тутларга кўз-қулоқ бўлиб юради, барги пишмаган тутга одамларни яқинлаштирмайди; ким ўзбошимчалик қилса, жарима солинади... Бир куни эрта-индин тўйи бўладиган қиз тутга чиқиб пишмаган баргни энди сидира бошлаган чоғда сўқмоқдан қув-қув йўталиб бригадир ўтиб қолади. Қўрқиб кетган қиз тут каллагига ўтириб олади. Ўтирган заҳоти кўзларидан ўт чақнайди гўё. Нега деганда найзадек тукич куёвга аталган нозик жойга кириб кетади - тешиб қўяди. Тишини тишига босиб чидайди бечора. Сўнг иштонини қонга белаб оқшом чоғи оқсоқланиб уйига қайтади. Тез орада тўйи ҳам бўлади, бўш-баёв куёвнинг синовидан ҳам омон-эсон ўтиб олади. Бахтли оилавий ҳаёт бошланади. Фақат ора-орада ўша бахтли оиланинг соҳибаси бўлмиш аёл ўзига яхши таниш бўлиб қолган тут атрофини вақти-вақти билан айланиб кетар экан. Тутни қучоқлаб, ҳидлаб-ҳидлаб ширин хаёлларга толар экан, илк бора кўзларидан ўт чақнаган оний дамларни қўмсаб нақд ҳушидан кетиб қолай дер экан...

Бир марта катта охурдан ем еб кетган собиқ амалдорларим ҳам қанчалик камситилган, шармандаи шармисор этилган бўлишидан қатъи назар, бир имо қилган заҳотим етти букилиб ҳузуримга келади. Айримлари бот-бот ўша тутни эслаб атрофимда гирдикапалак бўлади.

Юртменистонда собит эркаклар кам экан.

Ёғсираб қолган гупчакда ғийт-ғийт этиб бир маромда айланаётган чархипалак ёнидаги шийпончада ўтириб беихтиёр Ғайбаровни эсладим, Эломоновни эсладим, Нуриддин Элчиевни эсладим. Нуриддин Элчиев тажангроқ кўринарди, лекин ўз зиммасига юклатилган вазифани ҳам, жамоат ишларини ҳам сидқидилдан адо этарди. Оғзига кучи етмайдиган айрим кимсалар: "Элчиев ҳатто золимга ҳам ҳалол хизмат қилиб кетаверади", деб пичинг қиларди. Элчиевга ўхшаган одам ҳамма жойдан, ҳамма идорадан топилади. Улар мажлису машваратларда ҳадеб кўзга чалинавермайди, ҳал қилувчи овозга ҳам эга эмас, лозим пайтдагина эл қатори қўл кўтариб ёки чапак чалиб қўяди, холос. Байрам кунларию бирон-бир ёруғлик тегадиган тақсимот чоғларида ҳам бунақалар камдан-кам тилга олинади. Фақирнинг жойи панада бўлади. Бир умр елкасига офтоб тегмасдан ўтиб кетади бечора элчиевлар! Чойхонапаловларда ошнинг сабзисини албатта Элчиев тўғрайди, ёшлар қолиб, ўтинни ҳам ўзи ёради, ўзи ўчоқка олов қалайди. Бу юмушларни у бировнинг гапи билан эмас, ўзидан билиб қилади - гўё фақат унинг иши, унинг бурчи. Бошқа маврид-маросимларда ҳам кўпчилик эп кўрмаган ёки бўйни ёр бермаган даҳмазаларга Элчиев балогардон. Анави Уҳаммад Аҳмон деган марҳум шоир ҳам қайсидир жиҳатлари билан айнан Элчиевга ўхшарди.

Дастлаб, бошқарув жиловини қўлга олган кезларим атрофимга романтик ёшлар тўпланади. Улар ўз халқига, ўз мамлакатига ҳалол хизмат қилишни истарди. Ман ҳам уларга ўхшаб осмондаги ойни олиб Юртменистон байроғига қадаб қўймоқчи бўлардим, меҳнаткаш халқимнинг қадамига гуллар сочгим келарди. Лекин мухолифларим қадамимни ўлчаб юрарди, ҳар қадамимдан битта камчилик топиб асабимни бузар эди. Хатоларимни айтган одамни душман деб билардим, бетгачопар кимсаларни бирин-кетин қамоққа тиқдим, Иноят Махсумга айтиб йўқотиб юбордим. Доим ўз гапини рўй-рост айтадиган, ўзининг фикрини қатъий туриб ҳимоя қиладиган одамлар камайиб кетди, улар ўрнини манинг қош-қовоғимга қараб турадиган лаганбардорлар эгаллади. Найнов ҳижратга кетдию романтик руҳдаги кишилар ҳам ўзларини четга тортди.

Теварагимни ўраб олган қиёфасиз кимсалар ўзларини ишлаётган этиб кўрсатиш учун ҳар соҳадан душман қидирарди, душманларга аёвсиз зарба берарди. Мамлакатда ов мавсуми бошланиб кетди. Албатта, овни ўзим бошқардим, панада туриб бошқардим. Радий Фишнинг тарафдорлари зиндонда чиритилди, очиқда қолганлари эса жуфтакни ростлади. Мухолифларим худкуш сифатида бадном этилди.

Ўйлаб кўрсам, жин урсин, атрофимда буқаламун кимсалар қопти, холос.

Наҳотки, умрим мана шу чўмичи йўқ чархипалакка ўхшаб беҳуда ишларга сарфланган бўлса? Ахир ман пойтахтни қайта қурдим, мамлакатнинг катта шаҳарлари қайта қурилди... Тўғри, ҳозир Юртменистондан ташқарида беш-беш ярим миллион мардикор йигит-қизлар бор, ичкарида эса фоҳишалар сони бир-икки миллионга етиб қолган. Бироқ, ман қатъий ишонаманки, фарзандларимиз биздан кўра доно, биздан кўра фаҳм-фаросатли ва албатта биздан кўра бахтлироқ бўлажак! Биздан озод ва обод ватан қолажак, ура!

Алоқадор мавзулар