Мирзиёев ислоҳотларининг иккинчи йили дастури тасдиқланди

Президент Шавкат Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook/Шавкат Мирзиёев - Shavkat Mirziyoyev

Шавкат Мирзиёев 2016 йил декабрида Президент этиб сайланганидан кейин Ўзбекистонни ривожлантириш режасини эълон қилди.

Бу режа Ўзбекистонни ривожлантиришнинг 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар Стратегияси деб номланди.

Ҳаракатлар Стратегиясини 2017 йил бошидан ҳаётга тадбиқ этиш бошланди, ўтган йил мамлакатда "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилинди.

2017 йилдаги асосий вазифалар ҳам халқ дардига қулоқ солиш, оддий одамлар муаммоларини ҳал этишга давлат амалдорларини ўргатишга қаратилди, дейиш мумкин.

Ўзбекистон бўйлаб Халқ қабулхоналари ташкил қилинди, фуқаролар мурожаат ва шикоятлари билан жиддий ишлаш бошланди.

Йил давомида Ўзбек амалдорлари "халқ давлат учун эмас, давлат халққа хизмат қилиши лозим" деган шиорга кўника бошладилар.

Президент Мирзиёев судьялар, прокурорлар ва бошқа амалдорларни кескин танқид қилди, суд-ҳуқуқ соҳаларидан янгича ишлашни талаб қилди.

Ўзбекистонда тадбиркорлар ишига тўсиқ қўймаслик, хориж сармояларини жалб қилиш ва валюта бозорини эркинлаштириш мақсадидаги илк қадамлар қўйилди.

Хорижий кузатувчилар эҳтиёткорлик билан бўлса-да, Президент Мирзиёев раҳбарлигининг дастлабки йилида эътиборга арзигулик ислоҳотлар амалга оширилганини эътироф этдилар.

Ҳаракатлар Стратегиясининг иккинчи йилига "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили" деб ном берилди.

22 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев имзолаган фармон билан бошланган 2018 йил дастури беш бўлимдан иборат.

Биринчи бўлим давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришга қаратилган.

Иккинчи бўлим қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш мақсадини кўзлаган.

Давлат дастурининг учинчи йўналиши иқтисодиётни ривожлантириш ва фаол тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга бағишланган.

Тўртинчи бўлим ижтимоий соҳани ривожлантиришга, бешинчи бўлим хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, вазмин, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат юритишга қаратилган.

Давлат дастури доирасида Тошкент шаҳри ва вилоятида пропискаси йўқ Ўзбекистон фуқаролари ҳам пойтахтда ишлашларига рухсат берилган.

Шунингдек, кўчмас мулк сотиб олишда ҳам прописка талаб қилинмайди.

Ўзбекистон Президенти фармонига берилган шарҳда айтилишича, 2018 йилги давлат дастури 10 кун мобайнида аҳоли ўртасида кенг ва атрофлича муҳокама этилган.

Ўзбекистонликлардан 4,4 минг таклиф ва шарҳ келиб тушган.

Давлат дастури доирасида 37 та қонун, 142 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш ва турли соҳаларни қамраб оладиган 52 та амалий чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Ўзбекистонда 2018 йили давлат дастурини ҳаётга тадбиқ этишга 11,2 триллион сўм (13,5 миллиард АҚШ доллари атрофида) ва 1,3 миллиард АҚШ долларини сарфлаш режаланмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ