Раматов ўзбек футболини ё бор, ё йўқ қилмоқчи

Ўзбекистон футбол ассоцияцияси янги Президенти Очилбой Раматов Фото муаллифлик ҳуқуқи UFA
Image caption Ўзбекистон футбол ассоцияцияси янги Президенти Очилбой Раматов

Ўзбекистон футбол федерацияси номи ва президенти ўзгарди. Ўзбекистон футбол ассоцияцияси Президенти этиб Бош вазир ўринбосари, "Ўзбекистон Темир Йўллари" АЖ раиси, ЎФФнинг собиқ вице президенти Очилбой Раматов сайланди. Раматов ишини 1,5 соат кеч келиш билан бошлаган.

ЎФФ йиғилишида иштирок этган маҳаллий нашрларнинг ёзишича, ЎФФнинг эрталабки соат 10:00 да белгиланган мажлиси янги раҳбариятнинг вақтида келмаганлиги сабаб 1,5 соат кеч бошланган. Бу ҳақда стадион.уз ёзмоқда.

Кузатувчилар Раматовнинг сайланиши Президент Мирзиёевнинг ташаббуси билан амалга ошган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Янги қўшимча лавозимга сайланган Раматов йиғилишдан олдин Шавкат Мирзиёев билан суҳбатда бўлиб, жиддий топшириқ олганини айтган.

"Мен давлатимиз раҳбари билан суҳбатда бўлдим ва жиддий топшириқ олганман. Ўзбек футболини ё бор қиламиз, ёки бутунлай йўқ қиламиз", дея ЎФАнинг янги Президентидан иқтибос келтирмоқда хабар.уз.

Очилбой Раматов бошқа соҳа ва лавозимларда ишласа ҳам мажлисда ўзбек футболидан хабари борлигини кўрсатишга интилган.

У Ўзбекистондаги келишилган ўйинлар, пойтахт стадионларига мухлисларнинг тушмаслиги ва болалар мураббийларининг маоши озлигини гапириб ўтган.

Янги Президент ҳам хориждан мураббий олиб келишни ваъда берган. Бироқ у бу мураббий номдор бўлмаслигини ва ўз ишини билишини таъкидлаган.

Ўзбекистон 2022 йилда Жаҳон чемпионатига чиқади

Очилбой Раматов Ўзбекистон терма жамоасини 2022 йили Қатарда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати финал босқичига олиб чиқиш бўйича шахсан Мирзиёевдан топшириқ олганини айтган.

"Ўзбекистон олимпия ва миллий терма жамоаси 2020 йилги Олимпия ўйинлари ҳамда 2022 йилги Жаҳон чемпионатининг финал босқичида қатнашиши керак. «Бу Президент топшириғи», дея таъкидлаган у. Ушбу топшириқларнинг ижроси давлат раҳбари томонидан айнан Очилбой Раматовга юклатилган", деб ёзади ЎФФ йиғилишида қатнашган хабар.уз.

4 ой олдин ЎФФга Президент этиб сайланган Умид Аҳмаджонов бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан лавозимидан кетган. Аҳмаджонов Миллий Олимпия қўмитаси раиси лавозимига ўтиши муносабат билан ЎФФ президенти лавозимини топширди. У шу билан бирга янги тузилган Ўзбекистон футбол ассоцияциясида вице-президент лавозимини сақлаб қолди.

4 ой фаолияти давомида Умиджон Аҳмаджонов хориждан мураббий олиб келиш ваъдаси ва мураббийлар Вадим Абрамов ҳамда Самвел Бабаянни "номуайян муддатга" футболдан четлатиш билан эсда қолди.

У ЎФФ Президенти бўлишдан олдин "Пахтакор" клуби вице президенти бўлган.

Футболга ихтисослашган нашрларнинг ёзишича, Очилбой Раматов бошлиқ бўлган "Ўзбекистон темир йўллари" Тошкентнинг "Локомотив" клуби ҳомийси ҳисобланади.

Янги Президентнинг клублардан бирига тўғридан-тўғри алоқадор бўлиши манфаатлар тўқнашуви бўлиши мумкин деган эҳтимолларни ҳам юзага чиқарган.

Очилбой Раматов келишилган ўйинлар ҳақида гапираркан миллий чемпионатда "Локомотив"нинг асосий рақиблариданг бўлган "Пахтакор"нинг 3 йил олдинги ўйини эслаган.

"Ўзбекистон футболида нохолис ўйинлар кўпайиб кетган. Ҳакамлар йўқ жойдан пенальти белгилаб беради ёки ўйиндан ташқари ҳолатни ўйлаб топади. Бунақа ҳолатларни ўзим ҳам кўп кўрганман. Мана, уч йил олдин «Пахтакор» ва «Металлург» ўйини бўлиб ўтган эди. Бу ўзбек футболи учун ҳақиқий майнавозчилик. Бундан кейин бунақа ҳолатга йўл қўймаймиз", деган у.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар