Ўзбекистонликлар яна паспорт алмаштиради

Бу паспортлар тез орада яроқсиз ҳолга келади Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Image caption Бу паспортлар тез орада яроқсиз ҳолга келади

Ўзбекистонликлар яна бир паспорт алмаштиришига тўғри келади. Айни дамда ишлатилиб турилган биометрик паспортлар 2019 йил 1 январдан деярли яроқсиз ҳолатга келади.

ОВИР (чиқиш визаси) талаб қилинадиган давлатларга чиқмоқчи бўлган фуқаролар келаси йил биринчи январдан янги паспорт олишига тўғри келади. ОВИР муддати тугамаганлар тугагунча ҳозирги паспорти билан юриши мумкин бўлади.

Ўзбекистон ичида юриш учун эса босқичма-босқич ID карталар жорий қилинади.

Газета.узнинг Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази директори Нажмиддин Тўрахўжаевдан иқтибос келтиришича, Ўзбекистонда амалдаги биометрик паспорт хорижга чиқиш ҳужжати сифатида тан олинмайди.

"Хорижга чиқиш учун алоҳида паспорт жорий этилади", деган у.

Нажмиддин Тўрахўжаев нима учун амалдаги паспорт хорижга чиқиш ҳужжати сифатида тан олинмагани бўйича "Газета.uz" саволига шундай жавоб берган:

"Чиқиш ҳужжатини расмийлаштириш тартиблари ички паспортни расмийлаштириш тартибларидан фарқ қилади. Бундан ташқари, хорижга чиқиш паспорти тузилиши ва саҳифалари сони билан ҳам фарқ қилади", деган давлат мулозими.

Нашрнинг хабар беришича, 2018 йилги Давлат дастури лойиҳасида миллий паспортни хорижга чиқиш паспорти сифатида тан олиш таклиф қилинган бўлса ҳам, ҳужжатнинг тасдиқланган талқинида ушбу банд олиб ташланди.

Хорижга чиқиш паспортларини жорий этишни 2019 йил 1 январдан бошлаш режалаштирилган. Паспорт 10 йил муддатга берилади. Бир вақтнинг ўзида икки йил муддатга берилувчи хорижга чиқиш стикерларини (овир) расмийлаштириш талаби бекор қилинди.

2019 йил 1 январдан сўнг виза режими мавжуд мамлакатларга чиқишда хорижга чиқиш муддати тугамаган миллий паспортлардан фойдаланиш мумкинлиги айтилмоқда.

Виза талаб қилинмайдиган давлатларга чиқишда эса амалдаги паспортдан 2021 йил 1 январгача фойдаланиш мумкин.

Ўзбекистон халқаро талабларга жавоб бермайди, деган важ билан 2011 йил январидан паспортларини алмаштира бошлади. Биометрик паспортлар 2015 йил охиригача алмаштириб бўлиши лозим эди.

Паспорт алмаштириш Ўзбекистонда оддий одамлар учун жуда кўп сарсонгарчиликлар ва айрим жойларда ярим тун соат 3 да бошланадиган навбатларни пайдо қилди.

2015 йил охиригача биометрик паспортга тўлиқ ўтилмагач, паспорт алмаштириш муддати 2018 йилнинг биринчи ярмигача узайтирилди.

Бироқ катта маш-машалар билан алмаштирилган паспортлар 10 йил ҳам амал қилмасдан яна алмаштириладиган кўринади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар