Ўзбекистон футболчилари Тошкентда тантаналар билан кутиб олинади

Ўзбекистон Фото муаллифлик ҳуқуқи UFA

Тошкентда Хитойдан Осиё чемпионлари бўлиб қайтаётган футбол бўйича 23 ёшгача Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларини тантанали кутиб олишга тайёргарлик кўрилмоқда. Ярим тунда пойтахтга қўнадиган футболчилар икки қаватли автобусларда шаҳарнинг марказий кўчалари бўйлаб олиб ўтилади.

Хитойдан чартер қатнов орқали учиб келаётган учоқ Тошкентдаги "Ислом Каримов" номидаги халқаро аэропортга маҳаллий вақт билан соат 23:50 қўниши кутилмоқда.

Футболчилар ўша ернинг ўзида махсус тайёрлаб қўйилган икки қаватли автобусларга чиқарилади ва Тошкентнинг марказий кўчалари бўйлаб "Ўзбекистон" меҳмонхонасига олиб келинади.

Ўзбекистон U-23 футбол бўйича Осиё чемпиони

"Тошкентга ҳаво ҳарорати совуқ. Шундай бўлса-да қизиқиш кучли бўлгани учун футболчиларнинг автобус билан шаҳар кўчаларидан ўтиши кутилмоқда. Биз ҳеч кимни чиқинглар деб мажбурламадик. Ҳамма ишқибозлар ўз истаги билан уларни кутиб олишга чиқиши мумкин", дейди Ёшлар иттифоқи матбуот котиби Нодир Абдуқодиров.

Ярим тундан ўтганда "Ўзбекистон" меҳмонхонаси олдида уларни расмий тақдирлаш маросими бўлади. Меҳмонхона ўнгига Ўзбекистон телерадио компаниясининг кўчма телевизион станциялари ўрнатилмоқда.

Маросим "Ўзбекистон 24" канали орқали жонли эфирда намойиш қилиниши кутилмоқда.

Championat.asia ва tribuna.uz сайтлари ўз манбаларига таяниб хабар беришича, футболчиларга Президент топшириғи билан Асакада ишлаб чиқариладиган Chevrolet Malibu машиналари тақдим қилинади.

Ижтимоий тармоқларда оппоқ рангли Малибуларнинг суратлари тарқалган.

Малибу русумли люкс автомашиналар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган энг қимматбаҳо машиналардан бири ҳисобланади.

Қизиқиш кучли

Тантанали кутиб олиш маросими ташкилотчиларидан бири Ёшлар иттифоқи матбуот котибининг BBCUZBEK.COM га айтишича, кўплаб мухлислар ушбу тадбирга қизиқиш билдирмоқда.

"Тошкентда тўйларга чиқадиган қимматбаҳо машиналарнинг ҳайдовчи ва эгалари бизга чиқиб, футболчиларнинг ота-оналарини люкс машиналарда карвон қилиб шаҳар кўчаларида олиб юрмоқчи эканлигини айтишди. Уларга фақат рухсат олиб беришимизни, улар футболчиларнинг ота-оналарини машиналарга байроқ осиб олиб юришини айтаяпти", дейди Нодир Абдуқодиров.

Ўзбекистон термаси футбол бўйича 23 ёшгача бўлган Осиё чемпионатида илк бор ғолиб бўлди.

Футболчилар финалда рақиби Вьетнамни қўшимча бўлимларнинг сўнгги дақиқасида урилган гол эвазига 2:1 ҳисобида мағлуб этди.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар