ХОҚ Ғофур Раҳимовнинг Aiba президенти этиб сайланишидан хавотирда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Aiba
Image caption Амалдаги муваққат президент Франко Фалчинелли (ўнгда) кутилмаганда истеъфо бериши ортидан лавозимни Ғофур Раҳимов эгаллади.

Ғофур Раҳимов ҳаваскор боксни бошқарувчи Aiba ташкилготига муваққат президент этиб тайинланиши ортидан Халқаро олимпия қўмитаси "чуқур хавотир"га тушган.

Британиянинг Гардиан газетаси ёзишича, Халқаро олимпия қўмитаси ўзбек ишбилармон Ғофур Раҳимовни уюшган жиноятга алоқадор деб билади.

Шанба куни Aiba вице-президент лавозимида энг узоқ муддат хизмат қилган Раҳимовни ноябрда Москвада бўлиб ўтадиган сайловгача ўз раҳбари этиб тайинлади.

Ўтган ой эса АҚШ Молия вазирлиги Раҳимовни Ўзбекистоннинг "етакчи жиноятчиларидан бири" ва "героин савдосига аралашган муҳим шахс" дея тасвирлаганди.

Гардианнинг ёзишича, АҚШ ҳукумати Ғофур Раҳимовни "Воры в законе" жиноий гуруҳига алоқадор деб билади.

АҚШ Молия вазирлигининг хорижий мулкни назорат қилиш бўйича идораси Раҳимовнинг Америка қонунчилиги остидаги мулкини музлатган ва америкаликлар учун у билан молиявий ва бошқа турдаги олди-берди олиб боришни ман қилган.

Британ нашрининг ёзишича, Халқаро олимпия қўмитаси шундоқ ҳам бу ҳафта Aiba ташкилотининг узоқ муддатли муаммоларини муҳокама қилишни режалаганди, энди эса унга қарши янги чораларни ҳисобга олмоқда.

Aiba ичидаги манбанинг Гардианга айтишича, Ғофур Раҳимов ҳеч қачон ҳеч қандай жиноятда айбдор деб топилмаган ва туҳмат қурбонига айланган.

Манбага кўра, Раҳимов АҚШ Молия вазирлиги қарорига қарши шикоят қилиш ниятида.

Ўтган бир неча йил давомида Aiba қатор муаммоларга юз тутган: собиқ президент СК Ву раҳбарияти остида ҳакамларнинг сотилиши ва молиявий бошбошдоқлик айблари илгари сурилган.

АҚШ Ғофур Раҳимовга қарши жазо чорасини жорий этди

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek