Иноятов кетиши билан Бобомурод Абдуллаев ишида силжиш бўлди

Бобомурод Абдуллаев 27 сентябрдан бери ҳибсда қолмоқда Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook/Bobomurod Abdulla
Image caption Бобомурод Абдуллаев 27 сентябрдан бери ҳибсда қолмоқда

МХХ ҳибсхонасида сақланаётган журналист Бобомурод Абдуллаевнинг иши 6 феврал куни Бош прокуратурага тасдиқлатиш учун юборилади. МХХ раиси Рустам Иноятовнинг лавозимдан олинганидан икки кун ўтиб, бир ойдан бери муаллақ қолаётган ишда силжиш бўлган.

Журналистнинг тергови тугаганига 1 ойдан ошган бўлса-да, иши тасдиқланиш учун прокуратурага юборилмай келаётганди.

2 феврал куни Бобомурод Абдуллаве ишини олиб бораётган терговчининг ёрдамчиси Александр Веселов журналистнинг хотини Қутлиқиз Балхибаевага иш 6 феврал куни Бош прокуратурага тасдиқлатиш учун юборилишини маълум қилди.

Журналистнинг тергов-суриштирув ишлари 27 декабрда тугаган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Сурат Икромовнинг айтишича, тергов тугаши билан иш чўзиб ўтирмасдан прокуратурага тасдиқлатиш учун юборилиши керак.

"Бунақаси ҳали бўлмаган. Тергов тугаганига бир ойдан ошди. Аммо улар нима қилишни билмай ҳали ҳам ишни прокуратурага оширгани йўқ. Иноятов кетганидан кейин журналистнинг хотинига иш 6 феврал куни Бош прокуратурага оширилишини маълум қилишибди", дейди у.

Сурат Икромовнинг айтишича, Иноятовнинг қудратдан кетиши атрофидаги миш-мишлар Абдуллаев ишини олиб бораётганларни иккилантириб қўйган. Уларда кейинги қадам қандай бўлиши ҳақида тасаввур бўлмаган.

"МХХ нима қилишни билмай қолиб боши қотган. Иноятовнинг лавозимидан кетиши Бобомурод Абдуллаевнинг ишига таъсир қилади. Бироқ Иноятовнинг сенат аъзоси ва Президент маслаҳатчиси бўлиб қолиши журналист ишида биз кутган натижани бермаслиги мумкин", дейди Сурат Икромов.

Ҳуқуқ фаолининг таъкидлашича, Бобомурод Абдуллаев каби ишларда терговчи ҳал қилувчи рольни ўйнамайди. Уларга тепадан бу борада топшириқ берилади. МХХнинг янги раҳбари Ихтиёр Абдуллаевнинг барча ишни ўз назоратига олиши учун эса бироз вақт керак.

"Ихтиёр Абдуллаев янги лавозимига мослашиб, танишиб чиқиши учун 10-15 кун вақт керак. Шундан сўнг Бобомурод Абдуллаев ишида ижобий ўзгариш бўлишига умид қилса бўлади. Бироқ умидларимиз қанчалик ўзини оқлаши ҳозирча номаълум", дейди Сурат Икромов.

Инсон ҳақлари фаоли Сурат Икромов Би-би-сига тақдим этган қарор нусхасидан маълум бўлишича, судъя Шамсуддинова Э.Р раислигида ўтган маҳкама Бобомурод Абдуллаев "2011 йилдан шу кунгача" "Усмон Ҳақназар" тахаллуси остида мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раиси Муҳаммад Солиҳнинг "буюртмаларини бажариб келгани"ни аниқлаган.

Маҳкама аниқловига кўра, "амалдаги тузумни босиб олишга чақирувчи" мақолалар интернет орқали Муҳаммад Солиҳга етказиб турилган.

Маҳкама Бобомурод Абдуллаевни "ЎХХ функционери" деб атаган.

Тергов Бобомурод Абдуллаевнинг асосий манбалари Салаев Равшанбек Бойжонович ва Оллоёров Шавкатжон Оллоёр ўғли исмли Ўзбекистон фуқаролари эканини айтган.

Маҳкама қарорида айтилишича, бу икки шахс Бобомурод Абдуллаевнинг танишлари бўлган ва улар "қўриқланадиган шахслар, йирик ишбилармонлар ва Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбариятига кириш имконига эга бўлганлар".

Маҳкамага кўра, улар ўзлари "етказган маълумотлар ҳокимиятни ноқонуний йўл билан босиб олишда ишлатилишини билганлари ҳолда Бобомурод Абдуллаев учун, унинг топшириғи билан материаллар тўплашган ва унга етказиб турганлар.

Журналист Бобомурод Абдуллаев расман "Усмон Ҳақназар"имзоси остида "амалдаги тузумни ўзгартиришга чақирувчи" мақолалар чоп этиш ва Ўзбекистонда "инқилоб қилиш"га уринишда гумонланмоқда.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek