Ўзбекистонда ҳар йили 760 аёл бачадон бўйни саратонидан ўлади

бачадон бўйни саратони Фото муаллифлик ҳуқуқи SPL

Бачадон бўйни саратони дунёда аёллар ўртасида энг кўп тарқалган саратон касалликлари ичида тўртинчи ўринда туради. Ўзбекистонда ҳар йили 1795 аёлга бачадон бўйни саратони ташхиси қўйилади. Ҳар йили уларнинг 760 дан ортиғи ёки 42 фоизи ҳаётдан кўз юмади.

Ушбу ўлимларнинг аксари кеч ташхис қўйилгани натижасида рўй беради.

Бачадон бўйни саратонига учраганларнинг 99 фоизи Инсон папиллома вируси орқали ушбу хасталикни юқтирган. Инсон папилловируси жинсий алоқа орқали ўтувчи ва кенг тарқалган касалликдир.

Бачадон бўйни саратони хасталигининг олдини олишнинг энг кенг тарқалган йўлларидан бири аёлларнинг мазок анализи топширишидир.

Ушбу анализ ҳеч қандай қон чиқариш ёки жарроҳлик амалиётларини ишлатмасдан олинади. У бачадон йўлидан олинадиган бошқа анализлардан фарқ қилмайди.

Мазок билан бачадондаги ҳужайра намуналари олинади ва ҳужайраларидаги ҳар қандай ноодатий ҳолатлар ёки инсон папилловируси бор йўқлиги текширилади.

Жинсий алоқа қиладиган ҳар бир аёл ушбу анализларни топшириши тавсия этилади.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Би-би-сига берган маълумотларига кўра, жинсий алоқа ёшидаги аёллар мамлакатдаги 195 тиббиёт марказларида ушбу анализларни топшириши мумкин.

Бундан ташқари Республика ихтисослашган онкология ва радиология марказининг Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида филиалларида ҳам бу каби анализларни топшириб, ўзининг соғломлигига амин бўлиши ёки хасталикнинг олдини олиши мумкин.

Бироқ мазок анализлари касалликнинг олдини олиши ёки назорат қилиши мумкин бўлган ягона чора эмас. Инсон папилло вирусига қарши эмлаш хасталикнинг олдини олиши мумкин бўлган энг таъсирли чоралардан бири сифатида билинади.

Ўзбекистонда аёлларни Инсон папилловирусига қарши ёппасига эмлаш 2019 йилдан бошланади.

Ушбу вакцина аёлларда вирусга қарши тўлиқ иммун тизимини яратмаслигига аҳамият қаратиш керак.

Инсон папилловируси ҳақида муҳим фактлар:

  • Инсон папилловируси дунёда жинсий алоқа орқали энг кўп юқадиган касалликдир. Унинг 100 дан ортиқ тури бор. Шундан 40 тури хасталикларга сабаб бўлади.
  • Инсон папилловируси шунчалик кенг ёйилганки, деярли ҳар бир эркак ва аёл ҳаётида давомида қандайдир ҳолатда унга дуч келиши мумкин.
  • Инсон папилловирусларининг кўп тури зарарсиздир.
  • Ушбу вирус ҳам эркакка ва ҳам аёлга таъсир қилиши мумкин. Ўғил болаларнинг хатна қилиниши ушбу вируснинг эркакларда учраши имкониятини туширади.
  • Фақатгина вируснинг айрим турларигина саратонга сабаб бўлиши мумкин.
  • Кўп вирус турларининг бирор аломати йўқ ва уни юқтириб олган инсон хасталикдан бехабар юравериши мумкин.
  • Инсон папилловирусининг айрим турлари жинсий аъзоларда тошмалар чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Организм ушбу тошмаларни ўзи даволаши мумкин. Бироқ уларга хасталик юқиши эҳтимоли ҳам бор.
  • Ушбу вирус тери ва шилимшиқ парда орқали юқиши мумкин. Вируснинг энг кўп тарқалган тури аёлларнинг фаржлари орқали қилинадиган жинсий алоқадан ўтади. Инсон папилловируси оғиз орқали ҳам ўтиши мумкин.
  • Презервативлар инсон папилловирусидан ҳимояланиш учун яхши восита. Жинсий алоқа қилинаётган вақтда презерватив ишлатиш тавсия қилинади.
  • Инсон папилловируси бачадон бўйни саратонига сабаб бўлиши мумкин. Бачадаон бўйни саратони хасталигига чалинган ҳар бир аёлда Инсон папилловируси топилган.
  • Вирус простата бези, оғиз бўшлиғи, тамоқ ва йўғон ичак саратонини келтириб чиқариш хавфини оширади.
  • Инсон папилловирусига қарши эмлаш эркак ва аёлларда жинсий лаблардаги тошмалар, бачадон, простата бези ва бошқа жинсий аъзо саратонларининг олдини олиши мумкин.

Бачадон бўйни саратони юқтирувчи хавфли омиллар:

  • Жинсий алоқа ҳаётининг эрта бошланиши
  • Бирдан ошиқ киши билан жинсий алоқа қилиш
  • Бошқалар билан муттасил жинсий алоқа қилувчи шахс билан ётиш
  • Чекиш
  • Кетма-кет ҳомила бўлиш
  • Эрта ҳомила бўлиш
  • Ҳомилани олдини олувчи контрацептик дорилардан узоқ вақт фойдаланиш
  • Инсон папилло вируси
  • Иқтисодий ночорлик
  • Ирсий саратон
  • ОИТС ва ВИЧ

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek