Исроил ва Туркия фуқаролари Ўзбекистонга визасиз кириши мумкин

Шаҳрисабздаги ҳунармандлар сайёҳларга муҳтож
Image caption Шаҳрисабздаги ҳунармандлар сайёҳларга муҳтож

Президент Мирзиёевнинг фармонига кўра, 2018 йилнинг 10 февралидан Исроил, Индонезия, Корея Республикаси, Малайзия, Сингапур, Туркия ва Япония фуқаролари Ўзбекистон ҳудудига 30 кунлик муддатга визасиз кириши мумкин.

Газета.узнинг хабар беришича, Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасининг сайёҳлик салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолади.

2018 йилнинг 10 февралидан туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилувчи мамлакатлар рўйхати 1-иловага мувофиқ тасдиқланди. Бунда Ташқи ишлар вазирлигига туристик ваучер ёки Ўзбекистон Республикасидаги таклиф этаётган юридик ёки жисмоний шахс мурожаатномасининг тақдим этилиши ва визани икки иш кунида расмийлаштириш бўйича талаб бекор қилинади.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига Ташқи ишлар вазирлиги, Туризмни ривожлантириш бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2018 йилнинг 1 июлидан электрон кириш визаларини бериш тизимини ишга тушириш вазифаси юкланди.

2016 йил 2 декабр куни Президент Мирзиёев фармон имзолаб, 27 давлат фуқаролари Ўзбекистонга бир ой муддатга визасиз кела оладиган қилган эди.

Австралия, Австрия, Буюк Британия, Германия, Дания, Испания, Италия, Канада, Люксембург, Нидерландия, Корея Республикаси, Сингапур, Финляндия, Швейцария ва Япония.

Шунингдек, Бельгия, Индонезия, Хитой, Малайзия, АҚШ, Франция, Въетнам, Исроил, Польша, Венгрия, Португалия ва Чехия фуқаролари агар 55 ёшга тўлган бўлишса, виза олмасдан Ўзбекистонга сафар қила олиши мумкинлиги айтилганди.

Бироқ бир ой ўтиб фармоннинг кучга кириш тартиби беш йилга узайтирилди. Унинг 2021 йилдан кучга кириши айтилди.

Фармоннинг кучга кириш муддатини узайтириш таклифи Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси ва бошқа қатор вазирлик ва идоралар томонидан билдирилганди.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek