Журналист Дилмурод Саййид: "9 йил ноҳақ ўтирдим"

Журналист Дилмурод Саййид 9 йил қамоқда ўтириб чиқди Фото муаллифлик ҳуқуқи Ezgulik
Image caption Журналист Дилмурод Саййид 9 йил қамоқда ўтириб чиқди

Қарийб 9 йил қамоқда ўтирган журналист, "Эзгулик" ташкилоти фаоли Дилмурод Саидов маҳкама ажрими билан муддатидан аввал қамоқдан чиқди. Журналист "Йўқ ҳақида бадиҳа" мақоласи ва танқидий чиқишлари билан танилган эди. У 2009 йили товламачиликда айбланиб 12,5 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

"Дилмурод Саидовнинг озод қилиниши "Эзгулик"нинг сиёсий маҳкумларни озод қилишга йўналтирилган хатти-ҳаракатлари ва жаҳон ҳамжамиятининг босими туфайлидир. Унинг муддатидан авал озодликка чиқарилиши шубҳасиз ижобий ҳодиса ва бундан хушхабарларнинг давомийлигидан умидвормиз", дейилади "Эзгулик" ташкилоти чиқарган хабарда.

Журналист Дилмурод билан суҳбатни BBBCUZBEK.COM нинг YouTube даги каналида тингланг

Журналист жиноят ишлари бўйича Қарши тумани судининг ажрими билан муддатидан аввал қамоқдан чиқарилган.

"Руҳан тектикман, лекин барибир 9 йиллик ўтгани вақт соғлиқ масаласида ўзининг таъсирини кўрсатган. Даволанишим шарт", дейди журналист.

Дилмурод Саййиднинг айтишича, 9 йил олдин унга "товламачи", деб қўйилган айб очиқ туҳмат ва у касбий фаолиятини чеклаш учун қилинган амалдир.

"У уйдирма айблов бўлган. Биз бу масалага ҳали қайтамиз. Қўйилган икки айб бир бирини инкор қиларди ва у қонун доирасида ўз исботи топмаган. Мен жиноятчи эмасман. Агар журналист бўлиш, тўғри гапни айтиш айб бўлса, унда билмадим", дейди у.

Қамоқда вақтида ҳам журналист Дилмурод Саййидга нисбатан босимлар тўхтамагани ва унинг сил хасталигига чалинганига қарамасдан турли жисмоний босимлар кўп берилгани ҳақида олдин хабар берган эдик.

2013 йили Навоийдаги жазони ўташ муассасида журналист ташқарида спорт машқини бажараётганида оёғини етарли миқдорда кўтаролмагани учун карцерга ташланган.

Дилмурод Саййид кейинчалик Қаршидаги қамоқхонага ўтказилган.

Унинг айтишича, қамоқхонада аҳвол сўнгги бир йилнинг ичида кескин ўзгарган ва олдингидек босим ва таҳқирлашлар тўхтаган.

Дилмурод Саййид ўзининг танқидий мақолалари билан танилган.

2005 йил ноябрида "Адвокат Пресс" рўзномасида Дилмурод Саййиднинг "Йўқ ҳақида бадиҳа"си нашр этилган, газетанинг мақола эълон қилинган сони дўконлардан йиғиб олинган, кўп ўтмай "Адвокат Пресс" рўзномаси ёпилган.

Журналист фермерларнинг ҳуқуқлари маҳаллий амалдорлар томонидан поймол этилаётгани ҳақида мақолалар ёзган, унинг мақолалари қатор мустақил ва мухолифат веб-сайтларида эълон қилинган.

Дилмурод Саййид Ўзбекистондаги "Эзгулик" инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг аъзоси бўлган.

Дилмурод Саййидга 2009 йил февралида қўйилган таъмагирлик ва порахўрлик айбловлари ва маҳкама кенг миқёсда сохталаштирилган деб кўрилади.

Самарқанддаги маҳкама журналистни таъмагирлик, катта миқдорда пора талаб қилишда айбдор деб топиб, 12,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган.

2009 йил ноябрида Дилмурод Саййид билан кўришиш учун Тошкентдан қамоқхонага бораётган рафиқаси Барно ва олти ёшли қизи Рухшона автомобил ҳалокати оқибатида ҳаётдан кўз юмган.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek