Ўзбек зиёлилари: "Муҳаммад Солиҳ Ватанга қайтсин"

Муҳаммад Солиҳ Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook/Muhammad Salih

Ўзбекистондаги бир гуруҳ ёзувчи ва шоирлар Президент Шавкат Мирзиёевдан хориждаги мухолифат лидери ва шоир Муҳаммад Солиҳни Ватанга қайтаришда кўмак беришни сўраб мурожаат қилди.

Мурожаатномага Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло, халқ шоири Жамол Камол, Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева, драматург Шароф Бошбеков ва журналист Карим Баҳриев дохил 200 яқин одам имзо чеккан.

Муҳаммад Солиҳни Ўзбекистонга қайтариш мурожаати ташаббускори ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон.

"Эндиги оламшумул қарорларингиздан бири 25 йилдан бери юртидан узоқда қолаётган шоир Муҳаммад Солиҳ ҳақида бўлишини жуда-жуда истар эдик. Муҳаммад Солиҳнинг Ватанга қайтарилиши Ўзбекистонимиз янги тарихига зеб бўлар, дунё жамоатчилиги ҳам бу ишни олқишлар эди", дейилади унда.

Мурожаатда айтилишича, Каримов тузуми юритган тескари ташвиқот жамият онгида Муҳаммад Солиҳ исмидан қўрқув шакллантирган.

"Кечаги тузум даврида орқадан юритилган тескари ташвиқот туфайли жамиятнинг бир қисми онгида Муҳаммад Солиҳ исмидан қўрқув шаклланиб қолди, лекин адабиёт аҳли уни улуғ бир шоир сифатида барибир унутгани йўқ".

Унда Муҳаммад Солиҳнинг биринчи галда адабиётчи эканлиги ва сўнгра сиёсатчилиги таъкидланади.

"Сиёсатга у давр тақозоси билан, мустақиллик учун ҳаракатлар жараёнида фаол аралашган ва мамлакатимиз совет мустамлакасидан қутулиши йўлида жонбозлик кўрсатган", деб ёзилади мурожаатда.

Мурожаатда Муҳаммад Солиҳнинг шоир сифатида чиқарган китоблари ва таржималари эътироф этилган.

""Орзу фуқароси", "Валфажр" , "Йўлнома", "Олис табассум сояси", "Тун ташбеҳлари", "Бешинчи фасл", "Қудуқдаги ой", "Оқ кўйлаклар", "Шаффоф уй", "Кўзи тийран дард" каби китоблари адабиётимиз хазинасидан муқим жой олган. Кўпи рус, инглиз, турк ва бошқа кўп тилларга ўгирилган".

Президентга ёзилган очиқ мактубда айтилишича, ниҳоят ҳақ қарор топиб, адолат юзага чиқадиган кунлар келгани ҳис қилиняпти. Бу ҳол шоирни ўз Ватанига қайтариш мулоҳазасини уйғотган.

"Тарихдан маълум, халқига қайишадиган ҳукмдорлар зиёли қатламнинг қадрига етган. Биз Сиздан 70 ёшни қоралаб қолган шоиримиз Муҳаммад Солиҳни юртга қайтаришда кўмагингизни сўраймиз. Бундан халқ ҳам, адабиёт ҳам ютади" дейилади унда.

Мурожаатга имзо қўйганлар орасида марҳум Президент Ислом Каримовнинг собиқ матбуот котиби, фахрий журналист Шароф Убайдуллаев ҳам бор.

"Муҳаммад Солиҳ душман бўлган бўлса бир давлат арбобига, Ислом Каримовга душман бўлгандир. Аммо у ўзбек халқига душманчилик қилмаган. Халқига ёмонлик соғинмаган. Барча куйиб-пишишлари шу халқ учун бўлган. Қолаверса, унинг ҳақлигини вақт ҳам исботлади. Бизга "оталик" қилган МХХ сотқин ва ўзини ўйлайдиган каззоб бўлганлиги исботланди", дейди Шароф Убайдуллаев.

Олдинроқ кўпчилиги Ўзбекистонда ва хорижда истиқомат қиладиган 50 га яқин ўзбекистонлик мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳнинг Ўзбекистонга қайтарилишини сўраб ёзилган мурожаат остига имзо чекканлиги ҳақида хабар бергандик.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 22 декабр Парламентга қилган очиқ мурожаатидан илҳомланган Сурат Икромов илк бўлиб Муҳаммад Солиҳни ортга қайтариш таклифи билан чиққан эди.

Сурат Икромовнинг ёзишича, Мирзиёевнинг 22 декабр куни Ўзбекистон парламентига мурожаати инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари каби танқидчилар қатламида ҳам умид учқунларини пайдо қилди.

"Сизнинг сўнгги чиқишингиз биздаги шубҳани ағдар-тўнтар қилди ва бизда сизга ишонч уйғотди. Шу қадарки, энди биз сиздан, ўлкамизнинг Президентидан каттарок нарсалар кутишга бошладик. Энди биз сиздан ҳокимият ва мухолифат орасини тузатиш, илиқ муносабатларга туртки беришингизни кутишга бошладик", дейилади унда.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek