Иноятовнинг Москвага боргани рад этилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи O'zbekiston24
Image caption Иноятов 31 январь куни МХХ раислигидан олинганди.

Ўзбекистон Сенати мулозими МХХнинг собиқ раҳбари Рустам Иноятовнинг ишдан олиниши ортидан Москвага сафар қилганини рад этди.

Иноятов Президент маслаҳатчиси этиб тайинланди

Сенат матбуот котиби Муҳаммаджон Исомовнинг Би-би-сига айтишича, Иноятов Президентнинг давлат маслаҳатчиси сифатида фаолият олиб бормоқда.

Расмийга кўра, собиқ хавфсизлик хизматлари раҳбари сенатор сифатида парламентнинг юқори палатаси билан ҳам яқиндан алоқада.

Айни пайтда у ҳали Сенат мажлисида ҳозир бўлмаган.

"Сенатнинг ялпи мажлиси ҳали чақирилгани йўқ. Ялпи мажлисда у киши ҳам иштирок этади", - деди парламентнинг юқори палатаси вакили.

У шунингдек, генерал Иноятовнинг Сенат қонунчилик ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари қўмитаси аъзоси ҳам эканини илова қилди.

Муҳаммаджон Исомовнинг сўзларига кўра, Иноятовнинг янги иш жойи Мустақиллик майдонидаги Сенат биноси.

Президент Мирзиёев ҳам ўз вазифасига бошлаганидан буён айни бинода ўтиради.

Аввалроқ мухолифатдаги Ўзбекистон халқ ҳаракати ўз манбаларига таяниб Иноятовнинг ишдан олинган 31 январь кунининг ўзида Москвага учиб кетгани, у ерда Россия раҳбарияти билан дахлсизлик масаласини муҳокама қилгани ҳақида ёзган.

Иноятов ишдан олинганидан буён ҳали бирон марта расмий тадбирларга кўринмаган.

Айни пайтда Президент Мирзиёев яна бир марта Иноятов раҳбарлик қилган МХХни кескин танқидга тутган.

Бухорога сафари чоғида гапирган давлат раҳбари МХХ фаолиятини 37-йиллардаги қатағонга тенглаштирган.

Аввалроқ у МХХнинг уч генералини ишдан олгани ва идора раисининг собиқ биринчи ўринбосари Шуҳрат Ғуломов умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилганини айтганди.

Мирзиёев МХХда тузилмавий ислоҳотларни эълон қилган.

Аммо Президент ўз чиқишларида шахсан Рустам Иноятов номини тилга олмаган.

Генерал Иноятов Каримов бошқарувининг "кулранг кардинали" бўлгани айтилади.

Таҳлилчиларга кўра, Иноятовнинг МХХ раислигидан кетиши билан Ўзбекистонда сиёсий ҳокимият ўтиш жараёни тугалланган, деб айтиш мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek