Сартлар ким эди? Британиядаги тадқиқот

Фото муаллифлик ҳуқуқи British Library
Image caption Саид Азимбаев Николай Остроумовнинг 1896 йилги "Сарты: Этнографические материалы" китобига кирган сартлардан биридир.

Биз ҳаммамиз ўлик тиллар ҳақида эшитганмиз: лотин, усмонийлар, манжур ва аравак. Тарихдан ҳикоялар сўзловчи китоблар саҳифаларида улар ҳақида кўп нарса ўқиш мумкин. Ҳозир ўлик, деб ҳисобланувчи тиллар бир вақтлар фақат олимлар томонидан қўлланилмаган, балки кимнингдир она тили бўлган ёки бошқалар томонидан иккинчи тил сифатида ўрганилган.

Ўлик тиллар ва шеваларнинг аксарияти сиёсий (усмоний ва манжур), ижтимоий ўзгариш (гал ва мессина юнончаси) ёки шунчаки ваҳшийлик ҳамда террор (аравак ва беотук) туфайли йўқликка юз тутган.

Бошқа ўлик тиллар учун «ўлим» фақатгина ўз шаклини ўзгартиришни англатар эди: лотин тили, кейинчалик, итальян, француз, испан ва бошқа роман тиллари асосига айланди. Айни жараён асосида эски инглиз тилидан ҳозирда биз сўзлашадиган замонавий инглиз тили ажралиб чиқди.

Фақат ягона фарқи шундаки, эски инглиз тили лотин каби ўлик ҳисобланмайди. Бироқ бюрократик чоралар оқибатида йўқолиб кетган тиллар ҳам мавжудми?

Сарт тили шундай тиллардан бирига ёрқин мисол бўла олиши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи British Library
Image caption Палван Тапилбаевнинг ирсий келиб чиқиши ҳам сартлар ҳақидаги китобга киритилган.

Сарт Марказий Осиё сарт аҳолиси томонидан қўлланиладиган туркий тил, ёки тил эди. Советлар ҳукуматидан олдинги Марказий Осиёда мавжуд бўлган этник ўзлик масаласи ўта баҳсли бўлсада, сартлар минтақа бўйлаб сочилиб кетган турли аҳоли масканларида ўтроқлашган туркийлар, деган умумий тушунча мавжуд.

Уларнинг келиб чиқиши форсларга тақалади деб ҳисобланган бўлса ҳам, Британия Кутубхонаси тўпламлари ичида сақланаётган икки материал сартларнинг кўпроқ туркийзабон бўлганлигига ишора қилади.

Ушбу материаллар 19 аср охирида рус расмийлари ва саёҳатчилари томонидан ёзиб олинган хотираларга асосланган. Бу тадқиқот ишлари сартлар Помир тизмаларида истиқомат қилиб келган тожиклардан алоҳида этник бирликдир, деган хулосага асос бўлган.

Мариа Субтелнининг «Турк ва тожик симбиоизи» китобида ёзишича, 19 аср ва 20 аср бошига қадар сартлар ва тожиклар умумий аждодга эга, деб ҳисоблаб келинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи British Library
Image caption "Фразы на сартовском языке" китоби Тошкентда 1884 йилда нашр қилинган.

Бугунги мақолага сабаб бўлган икки қўлланмадан бири «Frazi na sartovskom yazike» (Сарт тилидаги иборалар) деб номланган сартча-русча сўзлашгич бўлиб, 1884 йили З.А Алексеэв муаллифлигида Тошкентда чоп этилган.

Мазкур сўзлашгич «жаноблар ва бекалар, харидорлар ва деҳқонлар, сарт тилини ўрганишни бошлаган руслар ва рус тилини ўрганишни бошлаган сартлар учун фойдали» бўлиши кўзда тутилган эди.

Китоб чоп этилганда Тошкент Рус подшолиги қўлига ўтганига 19 йил бўлган эди ва 5 йилдан сўнг Транс-Каспий темирйўли кириб келди. Қўлланма салтанатнинг энг муҳим минтақаларидан биридаги савдо-сотиқ билан тирикчилик қилувчи аҳоли қатлами орасида рус манфаатларини мустаҳкамлашга уринишнинг ёрқин намунаси эди.

Қўлланма сартлар учун рус тилини ўрганишдаги бирламчи манба сифатида тарғиб қилинган бўлсада, у руслар манфаати учун қаратилганини англаш қийин эмас эди: китоб саҳифалари учта устунга бўлинган бўлиб, ўнг томонда сартча иборалар, чап томонда уларнинг русча таржимаси ва ўртада сартча ибораларнинг кирилл ёзувига транслитерацияси берилган эди. Русча таржималарнинг маҳаллий ҳисобланган араб ёзувига транслитерацияси эса мавжуд эмасди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи British Library
Image caption "Фразы на сартовском языке" китобининг бу бети кўчат экишга бағишланган.

Мундарижа ҳам сўзлашгич асосан касб-ҳунарга оид иборалардан иборатлигини кўрсатарди: унда кундалик сўзлашувлар берилмаган бир пайтда, қушлар ва гиламлар сотиб олиш; устоз-шогирд мулоқоти; деҳқончилик ва телеграф тармоқларини таъмирлаш борасида кўплаб иборалар келтирилган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи British Library
Image caption Китоб турфа хил тижорий мавзуларни қоплаган.

Сарт ва минтақадаги замонавий туркий тилларни ўзаро қиёслаш мушкул. Совет ҳукумати томонидан ижтимоий ҳаётга кескин аралашув, 1930 йиллардаги коллективлаштириш ва ўтроқлаштириш каби тез-тез амалга оширилган ижтимоий емирилишлар ўз асоратини қолдирмай кетмаган.

Шунга қарамай, сарт тили кўпроқ ҳозирги ўзбек тилига ўхшаш бўлган ва қозоқ-қирғиз тилларининг маълум хусусиятларини ўз ичига олган дейиш мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи British Library
Image caption Владимир Наливкин тузган луғат муқоваси.

Иккинчи қўлланма Владимир Наливкин томонидан тузилган луғат ва сарт тилининг қисқа грамматикасидир. Бу китоб ҳам 1884 йилда, лекин бу сафар Қозонда чоп этилган.

Ундаги асосий урғу Наманган уезди шевасига қаратилган. «Rusko-sartovskiy i sarto-ruskiy slovar» (Русча-Сартча ва Сартча-Русча луғат) номли бу китоб «Фрази на сартовском язике» каби руслар ва сартлар ўртасидаги ижтимоий алоқалар ҳақида ҳикоя қилмайди, балки сарт тилининг қатор муҳим хусусиятларини очиб беради.

Луғатдаги сўзларнинг аксарияти бугун кун Марказий Осиё туркий тиллариникидан катта фарқ қилмайди, лекин ой номлари каби бир-бирига ўхшамайдиган жиҳатларни учратиш мумкин.

Китобда келтирилган грамматик тизимли асосланмаган ва тилнинг муҳим морфологик тузилмаларини бирмунча ифодалаб беради, холос.

Шундай бўлсада, бу грамматикадан кўриш мумкинки, сарт тили қарлуқ лаҳжасидан деярли фарқ қилмаган. Чиғатой ва замонавий ўзбек ёки уйғур тилларини билган одам учун сартчани тушуниш қийинчилик туғдирмайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи British Library
Image caption "Русча-Сартча ва Сартча-Русча луғат"даги сарт грамматикаси.

Асосий савдо тили сифатида сартча Марказий Осиё бўйлаб таъсирини ёйишга интилаётган совет расмийларининг эътиборига тушиши кутилган эди, лекин бундай бўлмади.

1920-30 йилларда Совет ҳукумати минтақанинг этно-лингвистик кўринишини аниқлаш учун этнографлар ва антропологлар гуруҳларини сафарбар қилди.

Минтақада миллий давлатларни шакллантиришга тайёргарлик шу тариқа бошланиб кетди. Франсин Ҳиршнинг «Empire of Nations» (Миллатлар салтанати) асарида ёзишича, миллий давлатлар яратилиши табиий этник муҳит билан ҳисоблашишдан кўра кўпроқ кўр-кўрона сиёсий ирода орқали амалга оширилган эди.

Шу сабабли ҳам сарт тили тақдири аянчли якун топди. Сартларни янги яратилган ўзбек миллати таркибига қўшиб юборишга қарор қилинди. Оқибатда сарт тилига расмий мақом берилмади ва сартларнинг маданияти социал ўзбек миллати фойдасига эътиборсиз қолдирилди.

1926 йилдан бошлаб «сарт» номи аҳоли рўйхати ва сиёсий муҳокамалардан чиқариб ташланди. Коммунизм қуриш йўлидаги курашда қурилажак жамият мақсадларига мувофиқ эмас деб ҳисобланган бошқа кўплаб шевалар қатори сарт тили ҳам расмий тарихий манбалардан ўчириб ташланди.

Британия Кутубхонасида сақланиб қолган ва мақола давомида биз мухтасар кўриб чиққан ушбу икки қўлланма Советларгача бўлган даврда Марказий Осиё аҳолисининг аксарият қисми томонидан қўлланилган сарт тилининг унсиз шоҳидлари бўлиб қолмоқда.

Британия кутубхонасидаги Туркча ва туркий тўпламлар билан танишишни истасангиз, мана бу ерга босинг.

Матн ва суратлар Британия кутубхонасининг рухсати билан олинди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002