"Аҳмадбой" 13 йиллик қамоқ жазосини олди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Xalq So'zi
Image caption Аҳмадбой ҳеч кимни мажбурламаганини айтган.

Тошкент вилоят суди фирибгарлик ва жиноий даромадларни легаллаштиришда айбланган чинозлик Аҳмаджон Турсунбоев ва шериклари устидан маҳкама ҳукмини эълон қилди.

Ҳукмга кўра, Аҳмаджон Турсунбоев 13 йил озодликдан маҳрум этилган ва энг кам иш ҳақининг 400 баробари миқдорида жаримага тортилган.

Маҳкама шунингдек, "Аҳмадбой"нинг 1 йилгача тадбиркорлик билан шуғулланишига тақиқ қўйган.

Айни пайтда Аҳмаджон Турсунбоевга нисбатан амнистия қўлланиб, унга нисбатан қамоқ жазоси муддати тўртдан бир қисмига қисқартирилган.

Аввалроқ сўз берилганда Турсунбоев ҳеч кимни пул беришга мажбурламаганини айтганди:

"Ҳурматли судья, мажлис қатнашчилари. Аввало шуни айтишим керакки, мен фуқароларни алдаганим йўқ. Пул ва автомашиналарни улар ўз хоҳиш-иродасига кўра олиб келишган. Мен ҳеч кимни ҳеч нарсага мажбур қилмаганман.

Мен ўзим деҳқон ва чорвачилик билан шуғулланадиган фермер бўлганман. Лекин юз берган воқеадан афсусдаман. Менинг битта мақсадим бор эди - иш қилиш. Алдаш ҳаёлимга ҳам келмаган. Фурсатдан фойдаланиб, бутун халқимиздан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевдан кечирим сўрайман. Мени кечиринглар", - дея Аҳмад Турсунбоев сўзларидан иқтибос келтирган "Халқ сўзи".

Аҳмадбой Турсунбаев 2015 йил Тошкент вилояти Чиноз туманида "Чиноз ҳалол чорва" ва "Чиноз авто ҳамкор транс" корхоналарини ташкил қилган. У ва унинг ходимлари миллий ва чет эл валютасида аҳолидан энг камида йилига 100 фоиз устама бериш шарти билан пул олиб келган. Шу билан бирга Аҳмадбой пулни қайтариб беришга ҳеч қандай кафолат бермаган.

Томонлар, агар унга бирор нарса бўлса, ҳеч ким ҳеч нарса талаб қилмасликка келишиб олган.

Икки йил мобайнида Аҳмад Турсунбаев ва унинг шериклари катта миқдордаги пул, чорва моллар ва турли русумли автомобилларни ўзлаштириб келган. Уларнинг жиноий фаолияти беш йил давом этган. Маълум қилинишича, бундан минглаб фуқаролар жабр кўрган.

Аҳмадбой: "Ҳеч кимни пул беришга мажбур қилмаганман"

Аҳмадбой пирамидаси: савол ва жавоблар

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002