Урумчидан Тошкентга поезд қатнови йўлга қўйилиши мумкин

урумчи Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Хитойнинг Урумчисидан Олма отага қатнайдиган поезд ҳаракати Тошкентгача узайтирилиши мумкин. Шунингдек, "Олма ота-Тошкент" тезюрар поезд қатнови шу йилнинг 18 мартидан бошлаб ҳафтасига икки мартадан уч мартагача кўпайтирилади.

Бу ҳақда "Казинформ" ахборот агентлигининг хабар берди.

Унда айтилишича, 23 февраль куни Қозоғистоннинг Остона шаҳрида "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ, "Пассажирские перевозки" АЖ ҳамда "Қазақстан темир жоли" миллий компанияси вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Буюк Ипак йўлининг қайта тикланиши ҳамда туризмни оммалаштириш доирасида "Урумчи - Олма ота" поезди йўналишини ёзги мавсумда Тошкентгача узайтириш имкониятлари кўриб чиқилади.

Учрашувда темир йўл транспорти орқали йўловчиларни ташиш йўналишидаги долзарб масалалар муҳокама қилинган.

Ундан маълум бўлишича, 2018 йил 18 мартдан бошлаб ўтган йили қатнови йўлга қўйилган "Олма ота - Тошкент" йўналишидаги қатнов ҳафтада икки мартадан уч мартагача кўпайтирилади.

Қозоғистон томони 2018-2019 йиллар учун "Тошкент - Москва" ва "Москва-Самарқанд-Термиз" йўналишида қўшимча поездлар қатновини кўпайтириш графигини маъқуллаган.

2017 йилнинг 21 март куни Олма-ота 2 темир йўл вокзалидан Тошкент шаҳрига қараб "Тулпар-Тальго" тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилганди.

"Тулпар-Тальго" поезди соатига 200 чақирим масофа босади ва чегарадаги паспорт назорати учун тўхташлар билан 16 ярим соатда Тошкент вокзалига кириб боради.

Ҳафтада икки марта йўлга чиқадиган поезд нархлари Тошкент орқали Нукусга қатнайдиган Олма ота - Нукус поездидан икки баробар арзон. Тез юрар поезднинг энг арзон чипталари 4228 тангадан (13 АҚШ доллари) бошланади. Купе шаклидаги вагонларга 9342 танга (29 доллар) тўлаш мумкин.

24 вагондан иборат поездга 424 йўловчи кетади, таркибда битта ресторан вагон ҳам бор. Илк поездга 300 дан ортиқ чипта сотилган ва уларнинг 100 таси тўғри Тошкенга боради. Қолганлар йўлдаги станцияларда тушиб қолади.

"Қозоғистон темир йўллари" миллий компанияси 2014 йилда ҳам Олма-ота - Тошкент ўртасида тез юрар поезд қатновини қўйишга ҳаракат қилган. Бу борада Ўзбекистон билан музокаралар олиб борилиб, ўша йили ёзда илк поезд Тошкентга бориши ҳақида хабар берилганди.

Бироқ музокаралар мувафаққиятли кечмади ва қатнов амалга ошмади.

Каримов вафотидан сўнг Қозоғистон ва Ўзбекистон орасида муносабатларда янги тўлқин бошлангани айтилади.

Бундан олдинроқ 2006 йили Ўзбекистон томонининг ташаббуси билан ёпиб қўйилган жануб вилоятларини Тошкент билан боғловчи 39 сонли магистрал йўлнинг Қозоғистон ҳудудидан ўтувчи қисми очилди.

Тошкент ва Чимкент шаҳарлари ўртасида автобус қатнови йўлга қўйилди.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek