Ўзбекистонда яна бир сиёсий маҳбус озодликка чиқди

Фото муаллифлик ҳуқуқи HRW
Image caption Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён 10 дан ортиқ сиёсий маҳбус озодликка чиқарилган

Журналист ва мухолифатдаги "Эрк" партияси фаоли Юсуф Рўзимуродов 22 февраль куни озодликка чиқарилган.

Собиқ маҳбус яқинларидан бирининг айтишича, Рўзимуродов ҳозирда Қашқадарё вилояти Миришкор туманидаги уйида, оиласи бағрида.

Юсуф Рўзимуродовнинг жияни эканини айтган суҳбатдош унинг саломатлиги яхши эканини билдирди.

Унинг Би-би-сига айтишича, Рўзимуродовни яқинлари 22 февраль куни Чирчиқдаги 64/6-сонли жазони ўташ муассасидан олиб келишган.

54 ёшли Юсуф Рўзимуродов Каримов даврида қамоққа ташланган ва Мирзиёев даврида озод қилинган жаҳон жамоатчилигига номи яхши таниш сиёсий маҳбусларнинг энг сўнггиларидан.

У 1999 йил Тошкент портлашларидан сўнг Киевда ҳибсга олинган ва Ўзбекистонга топширилганди.

Ўзбекистон ҳукумати у ва Киевда ушланган яна бир журналист Муҳаммад Бекжон ҳамда таниқли ёзувчи Мамадали Маҳмудовни Тошкент портлашларига алоқадорликда айблаган.

Маҳкама жараёнида айбланувчилар айбларни рад этишган ва қийноққа солинганликларини айтганлар.

Юсуф Рўзимуродов ва бошқаларга берилган дастлабки қамоқ жазолари ички тартибни бузгани важидан камида икки марта узайтирилган.

Ўтган ой 9 йил қамоқда ўтирган журналист, "Эзгулик" ташкилоти фаоли Дилмурод Саидов муддатидан аввал озодликка чиқарилганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek