Маҳкама: 'Бобомурод Абдуллаев қийноққа солинмаган'

Бобомурод Абдуллаев Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook

Конституциявий тузумга тажовузда айбланаётган Бобомурод Абдуллаев ва яна уч шахс устидан маҳкамада суд-тиббий экспертиза журналист МХХ ҳисбхонасида қийноққа солинмагани ҳақидаги хулосани тақдим этган.

Пайшанба куни маҳаллий вақт билан соат 15 да бошлаган маҳкаманинг иккинчи мажлисида ҳакам Зафар Нурматов рус тилидаги суд-тиббий экспертиза хулосасини ўқиб эшиттирган.

Суд мажлисини кузатган журналист Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, маҳкама бошдан-охиригача рус тилида олиб борилган.

Эшонқулованинг суд-тиббий экспертиза хулосасидан иқтибос келтиришича, экспертиза Бобомурод Абдуллаевнинг "танасида жароҳат излари йўқлиги", унинг "астрохондеоз ва ёш туфайли пайдо бўлган касалликлари" борлигини айтган.

Шундан сўнг 98 бетдан иборат айблов хулосаси ўқиб берилган.

Ҳакам Нурматов айблов хулосаси катта бўлгани учун унинг фақат "айблов қисми"ни ўқишини айтган.

"Айблов қисмининг ўзи ярим соат ўқилди", - дейди Малоҳат Эшонқулова.

Унинг сўзларига кўра, айблов хулосаси мухолифатдаги "Эрк" демократик партияси раҳбари "Муҳаммад Солиҳнинг номи билан бошланиб, яна унинг номи билан тугаган".

Журналистлар Бобомурод Абдуллаев, Ҳаётхон Насреддинов ҳамда тадбиркорлар Равшан Салаев ва Шавкатжон Оллоёровлар Муҳаммад Солиҳ бошчилигида Ўзбекистонда рангли инқилоб қилиш йўли билан вонуний ҳокимиятни ағдаришга уринишда айбланган.

Малоҳат Эшонқулова айблов хулосасидаги даъволарни "куракда турмайдиган айблар" деб атади.

Аввалроқ суд-тиббий экспертиза "қийноқларни тасдиқлагани" ҳақида хабарлар олинганди.

Бобомурод Абдуллаевнинг МХХ ҳибсхонасида қийноқларга тутилгани ҳақида 3 март куни у билан учрашган адвокат Сергей Майоров маълум қилган.

7 март кунги дастлабки маҳкамада ҳакам адвокатнинг талабини қондирган ва қийноқ иддаоларини текшириш учун суд-тиббий экспертиза тайинлаганди.

Қийноқлар

Айблов хулосаси ортидан сўз берилган журналист Бобомурод Абдуллаев айбларга "мутлақо иқрор эмаслиги"ни айтган.

У яна ўзининг шафқатсиз қийноқлар ва ноинсоний муомалага тутилганини урғулаган.

Малоҳат Эшонқулованинг Бобомурод Абдуллаевнинг суддаги нутқидан иқтибос келтиришич, журналист 27 сентябр куни Нексия автомашинасидаги "сариқ шапка кийган" шахслар томонидан ўғирлаб кетилганини айтган.

Бобомурод Абдуллаев ўзини ўғирлаган шахсларни "барзангилар" деб атаган.

"Сариқ кепка кийган барзангилар йўлда ушлаб, Нексияга ўтқазиб, бошимни ерга босишди, катта йўлга чиққанда қора қоп кийгизишди",- деб айтган Бобомурод Абдуллаев маҳкамада.

Унинг сўзларига кўра, ушланганидан 15 дақиқа сўнг журналистни "бешга беш" кенгликдаги номаълум ертўлага олиб боришган.

"Ертўланинг девор ва шифтларига темир халқалар қоқилганди", - деган журналист.

Малоҳат Эшонқулованинг иқтибос қилишча, Бобомурод Абдуллаевни қўлидаги кишан билан деворнинг юқори қисмидаги халқалардан бирига боғлаб қўйишган.

Унинг ҳожатга чиқишига ҳам рухсат берилмаган.

Уни сўроқ қилган номаълум шахслар "сиз Ҳақназаровсиз, Иноятов ҳақида ёзасиз". дейишган.

Бобомурод Абдуллаев "Ҳақназаров бўлсам, исботлаб беринглар", деган. Сўроқ қилганлар "исботни қонундан талаб қиласиз, биз мафиямиз", - дейишган.

Журналист "қанақа мафиясизлар?" деган саволига "Салимбойнинг одамларимиз", - деган жавобни эшитганини айтган.

Бобомурод Абдуллаевнинг айтишича, шундан кейин сўроқ қилувчилар журналистни чап қўлига пластик трубалар билан уришган. У "ўнг қўлимга ҳам уринглар, деб илтимос қилгани, аммо "ўнг қўлинг қўл қўйишга керак бўлади", деган жавобни эшитганини айтган.

"Усмон Ҳақназаров"

Бобомурод Абдуллаев қийноқлардан сўнг "Усмон Ҳақназаров" эканини тан олишга мажбур бўлганини айтган.

Иқрорлик берганидан сўнг журналист Тошкентдаги "Гвардейский" номи билан билинган МХХ ертўласига ўтказилган ва бу ерда МХХ терговчиси Нодир Тўрақулов уни сўроқ қилишни бошлаган.

Журналистнинг сўзларига кўра, Тўрақулов ундан "Нега фақат МХХни ёзасан, нега прокурорни, Мирзиёевни ёзмайсан?" деб сўраган.

"Нега бунча Мирзиёевни поддержка қиласан? У ҳамма жойни бардак қилиб юборди-ку, давлатни ушлаб турган СНБлигини билмайсанми?" дея Тўрақуловнинг сўзларидан иқтибос келтирган маҳкамада Бобомурод Абдуллаев.

Журналистнинг сўзларига кўра, терговчи Тўрақулов уни ечинтирган ва орқасидаги яраларни кўриб, "Эрмитаж бўп кетибди-ку, қаерда олдинг бу жароҳатни?" деб сўраган.

Бобомурод Абдуллаев қаерда олганини билмаслигини айтган.

МХХ ҳибсхонасида журналистга нисбатан қийноқлар давом этган.

Журналист қийноқлар остида "Равшан Салаев менга Ихтиёр Абдуллаевдан маълумот олиб келиб берарди, мен ёзардим", деб ёзиб беришга мажбур бўлганини айтган.

Унинг маҳкамада айтишича, Нодир Тўрақулов "Усмон Ҳақназаров номи билан 2012 йилдан, Муҳаммад Солиҳ билан танишганимдан сўнг ёзишга бошладим", деб кўрсатма беришни талаб қилган.

"Ваҳоланки, мен илк мақоламни 2003 йил 2 январда "Центразия.ру" сайтида эълон қилганман", - деган Бобомурод Абдуллаев.

Унинг сўзларига кўра, биринчи мақола мухолифат фаоли, профессор Отаназар Орипов берган маълумотларга асосланиб ёзилган.

Эскича маҳкама

Пайшанба кунги суд мажлисида Бобомурод Абдуллаев сўзини тугатмаган.

Судда қолган айбланувчилардан ҳам айбларга иқрор ёки иқрор эмасликлари сўралган.

Малоҳат Эшонқулованинг гувоҳлик беришича, Ҳаётхон Насреддинов "айбларни тан олиши"ни айтган.

Салаев "қисман тан оламан" деган, Оллоёров эса айбларни тан олмаслигини билдирган.

Малоҳат Эшонқуловага кўра, у суд тугаганидан сўнг Ҳаётхон Насреддиновнинг олдига бориб, ундан "нимага ва нима учун иқрор бўлгани"ни сўраган.

Насреддинов ҳаммаси ҳақида ўз сўзида батафсил айтиб беришини билдирган.

Малоҳат Эшонқулова Насреддиновнинг адвокатига ҳам мурожаат қилганини билдирди.

Унга кўра, адвокат ҳимояси остидаги шахснинг ҳозиргача айтган сўзлари ҳеч нарсани англатмаслигини айтган.

Ҳакам суднинг кейинги мажлиси 26 мартда ўтишини эълон қилган.

Аввалроқ Бобомурод Абдуллаевнинг адвокати Сергей Майоров журналистга руҳий қийноқлар ҳам қўлланганини маълум қилганди.

Майоровга кўра, терговчилар унинг Россияда ўқиётган қизини "зўрлаш" ва Тошкентдаги фарзандларини "ўлдириб кетиш" билан таҳдид қилишган.

Пайшанба кунги маҳкамани кузатган журналист ва ҳуқуқ фаоллари ҳакам Зафар Нурматов ўқиб эшитттирган суд-тиббий экспертиза ва айблов хулосасидан ҳафсалалари пир бўлганини айтишмоқда.

Уларга кўра, маҳкама эскича усулда ўтган.

Чоршанба куни Президент Мирзиёев МХХни тугатиб, ўрнига Давлат хавфсизлик хизматини ташкил этиш ҳақидаги фармонни имзолаган.

Президентнинг МХХга қаратилган танқидлари, Бобомурод Абдуллаевни сўроқ қилган терговчиларнинг ҳибсга олиниши ва хавфсизлик хизматларида бошланган ислоҳотлар маҳкамада ижобий қарорлар олиниши борасидаги умидларни кучайтирганди.

Таҳлилчиларга кўра, сиёсий айблар остида ўтаётган маҳкама Президент Шавкат Мирзиёев учун жиддий синов бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek