Карим Баҳриев: "МХХ Андижонда халқни отган"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook
Image caption Карим Баҳриев 1990-йилларда Ўзбекистон парламентининг депутати бўлган.

Таниқли журналист Карим Баҳриев Президент Шавкат Мирзиёев хавфсизлик тизимида бошлаган ислоҳотларни "умид уйғотувчи" деб атади.

Бу ҳақда у Фэйсбукдаги саҳифасида ёзди.

BBC O'zbek YouTube каналида томоша қилинг.

Карим Баҳриев ДХХга айлантирилган собиқ МХХ ва КГБни "қўли қонга ботган ташкилот" деб таърифлайди.

Андижон воқеаларини хотирлатган журналист собиқ ИИВ раҳбари Зокир Алматов "халқни отишга кўнмагани", аммо МХХ раҳбари (Рустам Иноятов-таҳр) "ўз аскарлари билан буни амалга оширгани" ҳақида ёзади.

"Зокир Алматов «Милиция халққа ўқ отса, эртага участковойлар халқнинг орасида қандай юради?!» деб халқни отишга кўнмади, хавфсизлик хизмати раҳбари ўзининг тизимидаги аскарлари билан буни амалга оширди".

Айни пайтда Карим Баҳриев ҳеч қандай далил келтирмаган.

У Андижонда аксари қуролсиз намойишчиларни отишга ким буйруқ бергани ҳақида ҳам ҳеч нарса демайди.

Марҳум президент Ислом Каримов 2005 йил 14 май куни Тошкентда ўтган матбуот анжуманида Андижондаги исёнчиларни отишга буйруқ бермагани, "генералларнинг ўзлари жойида ҳал қилишгани"ни айтган.

Собиқ Ички ишлар вазири Зокир Алматов Андижонда намойишчиларнинг ўққа тутилишига жавоб сифатида Европага сафар қилиши тақиқланган ўзбек ҳукумат мулозимлари рўйхатининг бошида бўлган.

Европа Иттифоқи собиқ МХХ раҳбари, генерал Рустам Иноятовга нисбатан жазо чораси қўлламаган.

2005 йил 13 майида Андижонда аксарияти қуролсиз намойишчиларнинг ўққа тутилиши натижасида расман 187 киши ҳалок бўлган.

Каримов ҳукумати Андижонда исломий ғалаён бўлгани ва қуроллилар давлат ҳокимиятини босиб олишга уринганини айтган.

Андижон воқеаларидан кўп ўтмай, генерал Алматов истеъфога чиқарилганди.

Расман унинг соғлиги ва нафақага чиқиши сабаб қилиб келтирилган.

Ўтган ой Алматов ИИВ вазирига маслаҳатчи этиб тайинланган.

Карим Баҳриев Андижон воқеаларидан сўнг милициянинг кўплаб ваколатлари МХХга берилгани, хавфсизлик хизматлари бозор ва иқтисодиётнинг кўплаб соҳаларини назорат остига олгани ҳақида ёзади.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳозирга қадар Андижон воқеалари ҳақида ҳеч қандай баёнот бермаган.

Сўз эркинлиги

Карим Баҳриевнинг фикрича, янги тузилган Давлат хавфсизлик хизмати - ДХХнинг ваколатларини чорчўпга солувчи қонун тезроқ қабул қилиниши керак.

Унинг ёзишича, ДХХнинг яна МХХга айланиб қолмаслиги учун парламент назорати етарли эмас.

"Энг аввало, сўз эркинлиги ва мустақил суд тизими мавжуд бўлишидир. Бунинг бошқа йўли йўқ".

Журналистга кўра, МХХдан тайинланган "режим бўйича замлар"ҳали ҳам баъзи идораларда ўтирибди.

Карим Баҳриев янги ташкилотнинг қонун доирасида ишлаши ва инсон ҳуқуқларига риоя этишининг муҳимлигини таъкидлаган.

56 ёшли Карим Баҳриев 1990-йилларда Ўзбекистон парламентининг депутати ва "Ошкоралик" қўмитаси аъзоси бўлган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek