Мирзиёев Президент пойига ташланган илк қурбоннинг оиласига борадими?

Диана Енекеева ўғли ва турмуш ўртоғи билан Фото муаллифлик ҳуқуқи xabar.uz
Image caption Диана Енекеева ўғли ва турмуш ўртоғи билан

Президентнинг матбуот котиби Комил Алламжонов Мирзиёев ташрифидан олдин ўқитувчиларнинг кўча тозалашига қачон барҳам берилиши тўғрисидаги саволни очиқ қолдирди. У Самарқандда Президент келиши муносабати билан кўча тозалашда ҳалок бўлган ўқитувчи ҳодисасини ачинарли фожиа, деган. Сабаблари ўрганилаётганини билдирган. Xabar.uz сайти эса Мирзиёевдан уни деб жонини берган марҳумнинг уйини бориб кўришни сўраган.

Шавкат Мирзиёевнинг Самарқандга ташрифи арафасида 2018 йил 14 март куни Каттақўрғон туманида магистрал йўлни тозалаш ишларига жалб этилган ўқитувчи Диана Енекеева юк машинаси уриб кетиши натижасида шифохонада жони узилган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи xabar.uz
Image caption Дианининг ўғли етим қолган

Ушбу ҳодиса Ўзбекистондаги ижтимоий тармоқлар ва интернет нашрларида куннинг муҳим хабарига айланди, дейиш мумкин. Дианининг бир ўғли етим қолган.

Xabar.uz сайтининг махсус мухбири Каримберди Тўрамурод фожиа сабабларини ўрганиш учун Каттақўрғон туманига борган.

Дианининг яқинлари ва мактаб маъмурияти билан гаплашган Каримберди Тўрамурод 23 ёшли Диана Енекеева Президент ташрифига тайёргарлик кўриш мақсадида кўча тозалаётганда ҳалок бўлганини ёзган.

Муаллиф фожиадан сўнг ҳам ўқитувчиларни катта йўлда ишлатиш тинмаганини айтган.

Хабар.уз мухбири Диана билан бирга йўлни тозалашга чиққан ўқитувчилардан бири билан суҳбатлашган.

"Бизни Самарқанд - Бухоро трассасига чиқаришди. Қора "Ласетти"да келган ХТБ вакили бизга алоҳида ҳудудни чегаралаб берди. Мен унга "Бу - катта трасса, юк машиналари катта тезликда юради, одамларга яқин ерда тезликни пасайтириш лозимлигини кўрсатувчи ёки таъмирлаш ишлари кетаётганини билдирувчи белгилар қўйилмайдими, ГАИ (ДЙҲХХ) ходимлари бизга яқин ерда туришмайдими?" дедим. Аммо у «Ана, машиналарида ГАИлар ўтирибди, сизларга қарайди» дея машинасига ўтириб, жўнаб кетди. Машинадаги ГАИ ходимлари бизга яқин ҳам келишмади, бирор белги ҳам қўйилмади, бирортамизга ақалли бирорта байроқча ҳам беришмади, кейин шу фожиа содир бўлди. Биз йўл четидаги дарахтларни оқлаётган, кимдир йўлларни супураётган, Дианалар тўсиқни оҳаклаётган эди. Катта тезликда келган «КамАЗ» Дианани уриб кетди", дея ўқитувчидан иқтибос келтирган нашр.

Каримберди Тўрамурод мактаб масъуллари билан ҳам гаплашган. Директор ўринбосари Дилрабо Эркаева 14 март куни Диананинг 4 соат дарси бўлганини, лекин улар ўтилмай қолганини айтган.

Директор ўринбосари ўқитувчиларни кўча тозалашга ўз ихтиёри билан чиқармаганини, балки бошқа мактабларда ҳам ҳар куни бўлаётганини айтган.

"У ҳақ эди. Энг қизиғи, бир ўқитувчини машина босиб ўлдирганидан кейин ҳам катта трассадаги ишлар тўхтатилгани йўқ, 15 март куни ҳам ўқитувчилар «кўчага ҳайдалди». Буни ўзим кўрдим, албатта, эртаси куни ишлаётган ўқитувчиларни ДЙҲХХ ходимлари «қўриқлаб» туришарди", деб ёзади Каримберди Тўрамурод.

Муаллиф йўлнинг икки чети муаллимлар билан тўла эканлигини ёзган. Йўлни ободонлаштириш ишлари билан шуғулланаётган Пастдарғом туманинининг 103-мактаб ўқитувчилари билан гаплашган. Уларнинг ҳаммаси "ўқитилиб" қўйилибди, дейди у.

Йўлдаги ўқитувчилар "бизни биров мажбур қилгани йўқ, ўзимиз кўча тозалашга чиқдик", деб айтган.

Муаллиф 23 ёшли марҳумнинг ота-онаси, турмуш ўртоғи ва етим қолган болаларини ҳам бориб кўрган.

Онаси Оксана Енекеева қизи ҳалок бўлганидан сўнг Халқ таълим бошқармаси ёрдам деб 3 миллион сўм олиб келганини, лекин бу пулларни олмаганини айтган.

"Менинг Дианадан бошқа ҳеч кимим йўқ эди, биз иккимиз бир бутун одам эдик. Энди ярмим йўқдек, бир қўлли, бир оёқли одамга ўхшайман", деган Диананинг эри Егор.

Диананинг онаси куёвининг икки кун ичида ростан ҳам озиб кетганини, икки кундирки, оғзига ушоқ солмаётганини айтган.

"Диананинг ўғилчасини ҳам кўрдим. Болани эркалатдим, аммо кулдира олмадим", - деб ёзади Каримберди Тўрамурод.

"Биз гўдакнинг олдида ҳали бирон марта онасига нима бўлганини гапирганимиз йўқ. Аммо олдин нуқул куладиган шўх Данила энди фақат онасини сўраб, йиғлайди. Унинг кўзлари маъюс бўлиб қолди. Энг ажабланарлиси, онасининг суратига қараб, нуқул «Мама, «КамАЗ» дейди", деган Диананинг холаси Ира.

Муаллиф айни дамда Самарқандда бўлиб турган Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилган.

Мирзиёвенинг ишларини олқишлаган Каримберди Тўрамурод Президентдан қайси вилоятга боришини олдиндан айтмасликни илтимос қилган.

"Улар 10-15 кун олдин бошлаб, то келиб-кетгунингизча дарсларини ташлаб, сиз ўтадиган кўчаларни супуриб, ювиб, оқлаб чиқишаяпти. Биламан, сиз кўзбўямачилик қилишларини истамайсиз. Сизга ёлғон ялтиратилган, сиз ўтадиган кунигина ювиб қўйиладиган кўчалар ҳам керак эмас", - дейди у.

Муаллиф Мирзиёев ўтиб кетгунча ишлаб турадиган сохта иссиқхоналар ҳам, катта йўллар четида ташкил этилаётган, соғлом одамнинг ақли қабул қилмайдиган ток ишкомлари ҳам керак эмаслигини билишини айтади.

"Каттақўрғонга келганингизда сизга жуда кўп ялтирайдиган кўчаларни, ялтирайдиган уйларни, ялтирайдиган мактабларни, ялтирайдиган ...одамларни кўрсатишади. Майли, уларни кўринг. Аммо Каттақўрғондаги 42-мактаб рўпарасидаги ялтирамайдиган бир кўримсиз уйга кириб, сизга қаттиқ ишонадиган, ёлғиз қизларини юк машинаси босиб ўлдирган ота-онани ҳам кўришни, уларнинг кўнглини сўраб қўйишни унутманг", деб ёзади Каримберди Тўрамурод.

У Президентнинг ташрифи деб қурбон бўлган ёш ўқитувчи Диананининг етим қолган ўғилчасини қўлига олиб эркалаб қўйишни сўраган.

"Сиз келасиз дея жонидан кечган бир ўқитувчининг кўзлари маъюс ўғилчасини қўлингизга олинг ва эркалаб қўйинг. "Бошқа болаларнинг кўзлари сеникидай маъюс бўлмасин, бошқа ўқитувчиларнинг гўдаклари сендай етим бўлмасин!", - денг", дейилади хабар.узда чиққан мақолада.

Муаллиф Мирзиёевдан ўқитувчиларни мажбуран меҳнатга жалб қилмайдиган фармон чиқаришни илтимос қилади.

"Ўқитувчилар мажбуран турли ишларга жалб этилишини тан олмайдиган депутатлар ўқитувчини ҳимоя қиладиган қонун чиқармайди барибир. Сиз фармон чиқаринг, илтимос", дейди Каримберди Тўрамурод.

Самарқанддаги фожиани яқинда ижтимоий тармоқларда ўз номи остида фаолиятини бошлаган Президентнинг матбуот котиби Комил Алламжоновдан сўрашган.

Facebook фойдаланувчиси Mоhir Mavj Президент келишидан олдин ҳокимлар томонидан ўқитувчиларни йўл четини тозалашга мажбурлаш қачон тугатилишини сўраган.

"Матбуот котибига савол: ҳокимлар президент келишидан сал олдин асосан ўқитувчиларни катта ва кичик йўл ёқаларига чиқариб, тозалаш ишларига «мажбурлайдилар». Шу тўғрими? Ёки бу кичкина масала ҳисобланадими? Бир неча кун олдин Самарқанд катта кўчасини тозалаётган вақтда 23 ёшли ўқитувчи машина уриб кетиши натижасида вафот этган. Умуман, шу каби «ҳокимларга хос» анъана қачон тугатилади?", дейди у.

Президентнинг матбуот котиби саволга тўғридан тўғри жавоб беришдан қочган. У ушбу ҳодисани фожиа деган ва сабаблари ўрганилаётганини айтган.

"Бўлиб ўтган ҳодиса албатта жуда ачинарли. Фожиага олиб келган сабаблар ҳозирда ўрганилмоқда. Натижасига кўра тегишли чоралар белгиланади. Ўз номимдан марҳуманинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этаман", деган Комил Алламжонов.

Президентнинг матбуот котиби раҳбарининг ташрифи арафасида ўқитувчиларнинг кўча тозалашларига қачон барҳам берилиши тўғрисидаги саволни очиқ қолдирган.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар