Қозоғистон миллий суверенитетга аралашишга Россиянинг ҳаққи йўқлигини эслатди

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирининг матбуот котиби Ануар Жайнақов Фото муаллифлик ҳуқуқи Vkontakte
Image caption Қозоғистон Ташқи ишлар вазирининг матбуот котиби Ануар Жайнақов

Расмий Остона Россияга ҳар қандай иттифоқ таркибида бўлишдан қатъий назар миллий суверенитга даҳл қилишга ҳаққи йўқлигини эслатди. Олдинроқ Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Қозоғистоннинг америкаликларга визани бекор қилиш қарорини танқид остига олган ва уни Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида муҳокама қилишини билдирганди.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирининг матбуот котиби Ануар Жайнақов кимга виза бериб, кимга уни бекор қилиш ҳар бир мустақил давлатнинг ҳуқуқи эканлигини айтган. Бу ҳақда Россиянинг Спутник нашри хабар бермоқда.

"Қозоғистон томони визаларнинг енгиллаштирилиши халқаро савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ҳамкорликдаги суъратни оширишига хизмат қилишидан келиб чиқади. Бу сармоянинг оқиб келиши, туризмнинг ривожланиши ва халқлар ўртасида ҳар томонлама алоқалар ўрнатилишига олиб келади", деган у.

Расмий Қозоғистон ҳам аъзоси бўлган Евросиё Иқтисодий Иттифоқи сиёсий бирлашма ҳисобланмаслигини таъкидлаган.

"Иттифоқ тузилаётган вақтда аъзо давлатлар унинг сиёсийлаштирилишидан ва миллий суверенитет масалаларини иттифоқнинг ваколатига киритишдан онгли равишда бош тортишган", деган Ануар Жайнаков.

2017 йилнинг январ ойидан бошлаб АҚШ фуқаролари Қозоғистонга 30 кун визасиз киришлари мумкин.

Қозоғистон расмийси мамлакат визаларни икки томонлама ва кўп томонлама форматда тан олиш бўйича келишувга имзо чекмаганини айтган.

"Ушбу тоифага кирувчи фуқаролар маълум давлатга боришни истаса, бунга Россия ҳам киради, борадиган давлатдан виза олишига тўғри келади. Агар бу давлатлар ўртасида виза тартиби бўлмаса шарт эмас", деган у.

Москвадаги форумда қозоғистонлик журналистнинг саволига жавоб берган Сергей Лавров Қозоғистоннинг бир томонлама бошқа давлат фуқароларига визани бекор қилиши икки давлат аъзоси бўлган Евросиё Иқтисодий Иттифоқи принципларига тўғри келмаслигини айтган.

Лавровга кўра иттифоқ ичида "визасиз ҳаракатланиш" принципи амал қилади. У ушбу масалани Қозоғистонлик ҳамкасби Қайрат Абдрахманов билан муҳокама қилишини билдирганди.

Қозоғистон 2017 йилнинг 1 январидан АҚШ дохил 45 давлатга визаларни бекор қилганди.

Евросиё Иқтисодий Иттифоқига Россия, Қозоғистон, Беларус, Арманистон ва Қирғизистон давлатлари аъзо ҳисобланади.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар