Тошкентда "Лукойл"нинг энг қиммат ёнилғи шаҳобчаси очилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Lukoil

20 март куни Тошкентда "Лукойл" ширкатининг Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги илк автомобил ёнилғи қуйиш шаҳобчаси ишга туширилган.

Россия ширкатига тегишли АЁҚШ бензин ва дизель нархлари бўйича Мустақил Ҳамдўстлик Давлатларидаги энг қиммати экани айтилмоқда.

92 маркали бензин 6900 сўм, 95 маркали бензин нархи эса 7500 сўм қилиб белгиланган.

"Лукойл"нархларнинг нима учун бунчалик қимматлиги юзасидан изоҳ бермаган.

"Лукойл" вице-президенти Олег Пашаевнинг айтишича, юқори сифатли бензин ва дизель ёқилғиси "Лукойл"нинг Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводидан олиб келинади.

Ёнилғини маҳсулотларини сотиш билан "Лукойл"нинг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси бўлган "Лукойл Узнефтепродукт" шуғулланади.

АЁҚШ бепул Wi-Fi билан жиҳозланган.

Ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик автомобил эгалари нархларнинг баландлигидан шикоят қилишган.

Ўзбекистонда бензин нархлари сўнгги бор ўтган йил охирида кўтарилган.

80 маркали бензиннинг бир литри 3800 сўм қилиб белгиланган.

Ўзбекистон жорий йилнинг январь-февраль ойларида бензин ишлабл чиқаришни 17,2% фоизга оширгани хабар қилинган.

Айни пайтда Россиянинг яна бир ширкати "Газпром" "Ўзбекнефтгаз" ширкати билан бирга АЁҚШлар тармоғини ишга туширишни режаламоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ўткир бензин тақчиллиги сақланиб қолган.

Ўтган йили Қозоғистон ўз ҳудудидан ёнилғи маҳсулотлари транзитини амалга оширишга рухсат берганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар