"Ўғлим Россияда портлаш уюштирмоқчи бўлмаган!"

Ўзбекистон 24 канали 22 ёшли Абдулбосит Аҳмаджонов ҳақидаги лавҳа намойиш қилганди Фото муаллифлик ҳуқуқи Ozbekiston24
Image caption Ўзбекистон 24 канали 22 ёшли Абдулбосит Аҳмаджонов ҳақидаги лавҳа намойиш қилганди

Ўзбекистон телевидениеси Сурияда жанг қилиб қайтишда айбланиб, 15 йилга озодликдан маҳрум этилган марғилонлик 22 ёшли Абдулбосит Аҳмаджонов ҳақидаги лавҳани намойиш этиши ортидан, унинг отаси ўғлига туҳмат қилинганини маълум қилди.

Ҳозирда Туркияда истиқомат қилаётган Камолиддин Аҳмаджонов ўғли Абдулбоситни ҳақиқатан ҳам Сурияга боргани, бироқ уни Россияда террорчилик ҳуружини амалга ошириш нияти бўлмаганини таъкидлайди.

Унинг айтишича, ўғли Абдулбосит Аҳмаджонов 2017 йилнинг май ойида Суриядан Туркияга қайтиб келган ва маҳаллий полиция тарафидан қўлга олинган.

"2017 йилнинг Рамазон ойига бир ой қолганда телефон қилиб, мени сизларга сюрпризим бор, Худо ҳоҳласа Рамазонни бирга тутамиз, деди. Жуда хурсанд бўлдик. Кутдик. Кейин уни Туркиянинг Ойдин вилоятида қўлга олинганлиги ҳақида хабар келди. У ердаги муҳожирлар марказида 2 ой ўтиргандан кейин, Ўзбекистонга олиб кетилган", дейди Камолиддин Аҳмаджонов.

13 март куни "Ўзбекистон 24" телеканали орқали эфирга узатилган кўрсатувда, Абдулбосит Аҳмаджонов Туркиянинг Хатай шаҳрида Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олингани ва шу билан Россияда амалга оширилиши керак бўлган террор ҳуружининг олди олинганини хабар қилган.

Шунингдек, кўрсатувда Суриядаги террорчилар кучини йўқота бошлагандан кейин Абдулбосит Туркияга қайтишга қарор қилгани ва эски таниши Билолга ёрдам сўраб мурожаат қилгани айтилади.

Бироқ унга ёрдам эвазига навбатдаги топшириқ берилиб, яъни, Россия ҳудудида террорчилик ҳужумини содир этишликни сўралиши ортидан, Ахмаджонов бунга рози бўлади ва қўлбола портлаш мосламаларни тайёрловчи курсларда ўқигани айтилади.

"Бомба тайёрлашларни ўргатаман, ҳаммасини. Бориб ташқарида озгина иш қилиб берасиз. Кейин сизга 15000 доллар, алоҳида ўзингизга яна пул берамиз, деб ваъда берди. Қўлида катта пул юрарди. У болага ишондим. Мени йўлини қилиб, тайёрликдан ўтказиб чиқарди мени. Сен фақат бомбани тайёрлаб, топширасан, улар ўзлари қўйиб олишади, деди. Сени янги паспорт билан жўнатиб, янги паспорт билан олиб келамиз, дейишди. Шуларга рози бўлиб чиқдим", дейди Абдулбосит Аҳмаджонов кўрсатувда.

Камолиддин Аҳмаджонов кўрсатувда айтилганлар ёлғон ва бўҳтон эканлиги, ўғли Россияда террор ҳуружини амалга ошириш мақсадида эмас, балки Суриядаги аҳволни ўз кўзи билан кўриб, Туркияга қайтишга қарор қилганини айтади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи O'zbekiston24

"Сурияда мусулмонлар қийналяпти. Уларга ёрдам беришимиз керак, дерди. Динга хизмат қилай деяпман, деб кетган. Аввалига бизга ҳам келинглар, деди. Кейин эса бу гапини айтмай қўйди. Ўшандан мен тушундимки, демак у ердаги нарсаларни, бўлаётган воқеаларни ўз кўзи билан кўриб, тушунаяпти деб", хотирлайди ота.

Унинг сўзларига кўра, Туркияда уй жиҳозлари устахонасида ишлаган 20 ёшли ўғли Суриядаги "Жабҳат ан-Нусра" гуруҳи сафига қўшилган.

"Ўзбекистон24" телеканали намойиш этган кўрсатувда эса, 22 ёшли Абдулбосит Аҳмаджонов Суриядаги "Тавҳид ва Жиҳод" гуруҳи сафида давлат армиясига қарши жангларда иштирок этгани айтилади.

"Шу ерга борганда кўрдим, мусулмонмиз, мусулмонларга ёрдам бериш керак дейди. Ифлос, ҳар хил касалликларни кўрдим. Мусулмонларга ҳеч ҳам ёрдам бермайди. Бошқа мусулмонларга ёрдам бераман деб, ўзининг ёнидаги мусулмонларга зиён беради. Касаллик юққан бир-бирига. Аёлларни қийнашган, уларни қутқарамиз деб, ўзлари зулм беришади. Бир-бирларига пулга сотади, аёлларни", дейди Абдулбосит Ахмаджонов кўрсатувда.

Марғилондан Туркияга

Камолиддин Аҳмаджоновнинг онаси ва аёли Ўзбекистонда Қуръондан дарс берганлиги сабаб, унинг оиласи хавфсизлик идоралари кузатувида бўлган.

1999 йилги 16 февраль Тошкент портлашлари ортидан диндорларга нисбатан кучайган босим ва тазийқлар ортидан у ҳам қамоққа олинган.

"Онам билан аёлимни қамаб қўйишди. Бир кун қамоқда турди. Мен борганимда айтаяптики, оилаларингдан кимдир қамалиши керак, деди. Кечки пайт онам ва аёлимни олиб келиб, эртага СНБга боринглар, деди. Мен аёлим билан бордим. У ерда, эртага уйингларда тинтув ўтказишимиз керак деб, ўтказиб, варақа топишди, кўкнори қўйишди. Ҳаммасини ўзлари қилишди бу ишларни. Аёлимни қамаб қўйганда, уйимдаги 15-20 та Қуръонни ташқарига олиб чиқиб қўйган одамнинг уйидан гўёки бу нарсалар чиқиб турибди. Улар менга айтдики, онанг билан аёлингни қўйиб юбораман, сени оламан деб, очиқ бозорлик қилган. Хўп, деганман", деб эслайди суҳбатдош.

Ўша пайтда тирик бўлган отаси ва ўзи оила-аъзоларининг хавфсизлигини ўйлаб, Камолиддин Аҳмаджонов барча айбловларни бўйнига олади ва ҳужжатларга имзо чекади. 1,5 йил давом этган суд жараёнларида адвокати ёрдами, ҳимояси туфайли қамоқдан муддати тугамай озод этилишига эришади.

Шу тариқа у ҳар замон хавфсизлик идораларига чақиртирилиб, турли хил таҳқирланади.

"2010 йилда СНБ чақиртирганда, охирги марта борганимда, қамалиб кетадиганим даражада сўкинаяпти. Демак, яна мени қамашади шекилли деб ўйлаб, кейин Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлдим", дейди Камолиддин Аҳмаджонов.

У аввалига давлатдан ўзи чиқиб кетади ва Туркияга келади. Сўнгра ортидан оиласини чақиртиради. 2011 йилда эса БМТнинг Қочқинлар Идорасига мурожаат қилиб, Туркияда вақтничалик бошпана изловчи шахс сифатида қайддан ўтади ва ҳужжат олади.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek