Самарқандда ушланган сохта милиция майори одамларни чув туширган бўлиши мумкин

Синдор Хушвақтовнинг ушланиш онлари Фото муаллифлик ҳуқуқи Samarqand IIB
Image caption Синдор Хушвақтовнинг ушланиш онлари

Самарқанд шаҳрида 21 март куни ўзини ИИБ ходими деб таништирган ва сохта милиция формаларни кийиб олган шахс ушланди. Муқаддам судланган Синдор Хушматов ўзини жуда қўпол тутган ва "катта гапирган".

Кун.узнинг Самарқанд ИИБ матбуот хизматига таяниб хабар беришича, Самарқанд шаҳрига киришда Наврўз байрами муносабати билан вақтинча ташкил этилган «Тўсиқ» постида милиция формасидаги Синдор Хушматов қўлга олинган.

"Синдор исмли шахс ички ишлар органи ходимларининг тасдиқланган намунадаги махсус формали кийим-бошини кийиб ва махсус майор унвонини тақиб олиб, ЙПХ ходимига қўпол ва буйруқ оҳангида ўзини ИИБ ходими деб таништирган", -дейилади.

Хабарда ёзилишича, у ички ишлар органлари ходимларига хос бўлмаган хатти-ҳаракатларни содир этганда, шу ерда хизматни олиб бораётган ИИБ ходимлари, унинг ҳаракатларидан шубҳаланиб, текшириб кўришганда, бу шахс аслида ИИБ ходими эмаслигини аниқланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Samarqand IIB
Image caption Синдор Хушвақтов

"Юрак ҳам отнинг калласидек экан. Унинг ўзини тутишини кўрганингизда эди сиз. Ўзини жуда ҳам қўпол тутиб, катта гапирди. Қанча вақтдан бери форма кийиб юрганини билмаймиз. Формани сотиб олдим дейди. Лекин қаердан сотиб олганини билмаймиз. Суриштираяпмиз. Балки махсус тикдиргандир", дейди Самарқанд ИИБ бошқармаси масъулларидан бири Би-би-сига.

Вилоят ИИБ масъулининг айтишича, ўзини Синдор деб таништирган шахс фуқаролардан пул олган бўлиши мумкин.

"Одамларнинг пулини олиб юрган бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам матбуот орқали хабар бердик. Жабрланганлар бўлса келсин", дейди у.

Ушбу «сохта майор»нинг шахси ўрганилганда, у Каттақўрғон тумани Яви маҳалласида яшовчи, муқаддам судланган, оилали, икки нафар фарзанди бор, вақтинча ишсиз, Хушматов Синдор Бахтиёрович эканлиги аниқланган.

Ҳозирда вилоят ИИБ томонидан ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

"Агар Хушматов Синдор Бахтиёрович ўзини ИИБ ходими деб таништириб, ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни фирибгарлик, товламачилик ёки бошқа жиноят содир этганлиги борасида маълумотга эга бўлсангиз, тезда Самарқанд вилоят ИИБга хабар беришингизни сўраймиз", дейилади хабарда.

Ўзбекистонда оддий фуқароларнинг милиция кийимни кийиб олиб, ўзини милиционерлардек тутиш ҳоллари олдин ҳам учраган.

Кузатувчилар фуқароларнинг бундай йўл тутишини бу соҳа вакилларининг ваколатлари юқорилиги ва бу формаларни кийиб олиб одамлардан пул ундириш осонлиги билан изоҳлашади.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар