Тошкент ва Андижонда Қуръони Карим сотиб олиш учун навбат юзага келди

Қуръон сотиб олиш учун навбат Фото муаллифлик ҳуқуқи .

Ўзбекистондаги Интернет нашрлари ва социал тармоқларида Тошкентда нашр этилган Қуръони Каримни сотиб олиш мақсадида узун навбат ҳосил қилган инсонларнинг фотосуратлари тарқалди.

Telegram'даги "Habib.uz" канали хабар тарқатишича, шу куни Андижон шаҳрида ҳам Қуръон сотиб олиш учун навбат юзага келган.

Бундан олдин Тошкентдаги "Ҳилол нашр" нашриёти 28 мартдан мусулмонларнинг муқаддас китоби - Мусҳафи шариф савдоси бошланиши ҳақида хабар қилинган эди.

"Китобхонларга шуни маълум қиламизки, Қуръони Каримни 50 000 ададда чоп этиш режалаштирилган. Режага кўра биринчи босқичда шундан 10 000 таси чоп этилди. Кўплаб китобхонларимизнинг илтимосига биноан Мусҳафнинг дастлабки 10 000 донаси ҳар бир харидорга бир донадан сотилади", дея хабар қилган эди azon.uz веб-сайти.

Фото муаллифлик ҳуқуқи .

"Юртимизда нашр этилган Қуръони карим 28-март, чоршанба куни сотувга чиқарилар экан. Китобнинг тавсия этилган нархи 31.000 сўм. Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтмоқчи эдим: аввалда бўлган сунъий нарх оширишлар, китобни улгуржи харид қилиб, "қолмаганидан" кейин 2-3 баравар қимматга сотишдек кўнгилсиз ҳолат бу сафар бўлмайди, деб умид қиламиз. Бунда, аввало, сотувчиларга инсоф билан иш тутишни, фақат жиғилдонни эмас, охиратни ҳам ўйлашни тавсия этамиз. Қолаверса, нашриётга боғлиқ инсонлар, мутасаддилар бу борада эътиборлироқ бўлишса, сунъий нарх ошишига чек қўйишса, яхши бўларди. Гап Аллоҳнинг Каломи ҳақида борганидан кейин шунга яраша масъулиятни ҳис этайлик!", деб ёзган ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида қатор исломий китоблар муаллифи Зиёвуддин Раҳим.

Мусулмонларнинг муқаддас китобининг нашри 2018 йил бошида бошланган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Telegram / @habibullohuz
Image caption Telegram'даги "Habib.uz" канали хабар тарқатишича, Андижон шаҳрида ҳам Қуръон сотиб олиш учун навбат юзага келган.

Мусҳафи шариф Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда Миср Араб Республикасидаги "Дорус-салом" нашриётининг расмий ижозати билан нашр қилинди.

Би-би-си билан суҳбатда таниқли уламо Абдулҳаким қори Матқулов Қуръон нашрининг йўлга қўйилиши нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа мусулмонлари учун аҳамиятли эканини айтди.

Абдулҳаким қори Қуръон Ўзбекистоннинг ўзида биринчи марта чоп этилаётгани ҳақидаги хабарларни рад этган.

Уламонинг сўзларига кўра, Қуръони Каримни чоп этиш Шўро даврида бошланиб, кейинроқ Ўзбекистон мустақил бўлганидан сўнг ҳам давом эттирилган.

"Аммо улар оз нусхада эди", - деган Абдулҳаким қори Матқулов.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ